Ишонч ва масъулият
  • 30 Июнь 2015

Ишонч ва масъулият

Президентимизнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табриги биз, журналистларга кўтаринки кайфият, юксак ғурур ҳамда улкан масъулият бағишлади. Унда қалам аҳлининг шарафли ва машаққатли меҳнати эътироф этилиши билан бирга, глобаллашув деб ном олган, шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замонда соҳани янада ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.

Таъкидланганидек: “Дунёда кечаётган турли-туман воқеа ва жараёнлар ҳақида сизлар етказадиган тезкор ва холис ахборотнинг, ҳаётий муаммолар, кундалик ташвишлар ва уларни ҳал қилиш йўллари ҳақида журналист аҳли билдирадиган таъсирчан сўзнинг аҳамияти ва салмоғи ҳозирги замонда тобора ортиб бормоқда”. Бу фикрлар бизни янада масъулиятли бўлишга, юртимиз равнақи йўлида астойдил меҳнат қилишга ундайди, албатта.
Чиндан ҳам, демократик тараққиёт йўлини танлаган ҳар қандай мамлакатда оммавий ахборот воситалари жамият ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди. Чунки эришилган натижалар ҳам, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш борасидаги таклиф ҳамда тавсиялар ҳам бевосита ОАВ орқали ёритилади. Шу тариқа улар жамиятда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.
Айтиб ўтиш жоизки, юртимиз тарихан қисқа даврда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий, ҳуқуқий ва бошқа кўплаб соҳаларда эришган улкан ютуқлари билан жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлиб келмоқда. Ушбу жараёнда миллий матбуотимизнинг ҳам замон талаблари асосида ривожланиб бораётгани қувонарлидир.
Айни вақтда аҳолининг тезкор ва ҳаққоний ахборот олишга бўлган эҳтиёжини юксак даражада таъминлаш, телекўрсатувларнинг мазмуни ва сифатини ошириш мақсадида мамлакатимизда рақамли телевидениега ўтиш бўйича кенг кўламли ишлар давом этмоқда. Бугунги кунда юртдошларимизнинг 54 фоизи рақамли телевидение имкониятларидан фойдаланаяпти. Жорий йилнинг ўзида мамлакатимиз бўйича юқори қувватга эга бўлган 84 та телеузаткич мосламаси ўрнатилади ва шу тариқа ҳудудларимизни 100 фоиз рақамли телевидение билан қамраб олиш кўзда тутилаётгани, айниқса, эътиборлидир.
Президентимиз табригида олдимизда турган муҳим вазифалар белгилаб берилганлиги барча оммавий ахборот воситалари ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, бугун биз яшаётган янги давр, янгича ижтимоий муносабатлар оммавий ахборот воситаларининг олдига тез суръатлар билан ўзгариб, ривожланиб бораётган жамиятимизнинг талабларига ҳар томонлама муносиб бўлиш, одамларни ўйлантираётган, безовта қилаётган муаммоларга жавоб излаш, уларни кун тартибига қўйиб, жамоатчилик фикрини шакллантириш бўйича ўта муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда.
Айниқса, маънавий дунёмизга қарши қаратилган таҳдид ва хуружлар тобора кучайиб бораётган бугунги вазиятда биз, оммавий ахборот воситалари ходимлари билим ва тажрибамиз, профессионал маҳоратимиз, гражданлик позициямизни янада оширишимиз ва мустаҳкамлашимиз зарур.
Президентимиз фидойи ва жонкуяр журналистларни энг яқин ҳамфикр ҳамда маслакдошларим, деб таъкидладилар. Бу ҳаммамиз учун катта шарафдир. Ушбу юксак баҳо ҳақида ўйлаганимизда, яна ҳам илҳомланиб, ҳаётий ва таъсирчан чиқишлар қилгимиз келади.

Саодат ЎРМОНОВА,
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон» телерадиоканали катта муҳаррири,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn