Олий суд Пленуми мажлиси
  • 30 Июнь 2015

Олий суд Пленуми мажлиси

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича вилоят судлари раислари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлисда Пленумнинг “Транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар билан боғлиқ ишлар юзасидан суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида дунёда 1,2 миллиондан ортиқ одам ҳаётдан кўз юммоқда. Эътиборлиси, мазкур нуфузли халқаро ташкилот томонидан Ўзбекистон йўл ҳаракати хавфсизлиги учун хавфли омилларнинг олдини олиш чораларини кўраётган, ушбу йўналишда мустаҳкам қонунчилик базасига эга бўлган давлатлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон йирик транспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятига эга мамлакатлардан бири ҳисобланади. Бу имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида ўтган йиллар мобайнида юртимизда автомобилсозликни янада ривожлантириш, янги замонавий йўллар барпо этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Таъкидлаш ўринлики, аҳолининг моддий фаровонлиги ошиб бориши баробарида, шахсий транспорт воситаларига эгалик кўрсаткичи ҳам йилдан-йилга ортмоқда.  Бу эса, ўз навбатида, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар ҳаёти ҳамда саломатлигини муҳофаза этиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкини, қолаверса, атроф-муҳит мусаффолигини асраш соҳасида қонунчилик нормаларини янада мустаҳкамлашни тақозо этаётир.
Хусусан, 2013 йилда кучга кирган янги таҳрирдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонун ва бошқа тегишли қонун ҳужжатлари асосида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар учун жавобгарлик кучайтирилди. Ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартиби такомиллаштирилгани, автомобиллар ҳаракатини кузатиш ва назорат қилишнинг марказлаштирилган ягона ахборот-компьютер тизими шакллантирилаётгани ва шу каби изчил чора-тадбирлар ўзининг амалий  натижасини бермоқда.
Олий суд Пленуми мажлисида транспорт ҳаракати хавфсизлигига оид қонунларни амалиётда самарали татбиқ этиш, бу борада ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида  “Транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар билан боғлиқ ишлар юзасидан суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ғамхўрлик ифодаси Ишонч ва масъулият »