Тақдиримизга битилган бахт
  • 30 Июнь 2015

Тақдиримизга битилган бахт

Ёшлик давримиз жуда қийин шароитда ўтган. Мактабга қатнаш учун қишда лой кечиб, ёзда чанг-тўзон оралаб юришга мажбур бўлардик.

Тор, зах, диққинафас синфхоналарда ўқиганимиз, дарсликлар етишмагани, пахта йиғим-терими даврида ёппасига далага сафарбар қилиниб, декабрнинг изғиринли кунларигача кўсак чувиганимиз — буларнинг барчаси эндиликда қўрқинчли тушдай туюлади.
Бугун болаларимиз ўқиётган замонавий мактабларга қараб, завқимиз келади. Бўш вақтларини кўркам спорт мажмуаларида, ахборот-ресурс марказларида ўтказишмоқда. Бир эмас, бир неча хорижий тилларни ўрганишаяпти азаматлар.
Ўзимга келсак, чет мамлакатларда малака ошириб қайтдим. Халқ таълими вазирлигининг тегишли қарорига кўра, номим француз тили бўйича дарслик яратувчи муаллимлар рўйхатига киритилди. “Францияга саёҳат” дарслик-мажмуасини яратдим. Бундан ташқари, француз тили фанидан 1-синфлар учун “Қалдирғоч” деб номланган дарслик-мажмуамиз нашрдан чиқди.
Ўқувчилар билан тез-тез мулоқот қилиб турамиз, дилдан суҳбатлашамиз. Уларни шу дориламон кунларнинг қадрига етишга, доим изланишга, билим олишга ўргатамиз. Ҳозирги кунгача ўттиз нафардан зиёд ўқувчим француз тили бўйича республика фан олимпиадаларида, “Билимлар беллашуви”да совриндорлар сафидан ўрин эгаллади. Ўнлаб шогирдларимиз  мамлакатимиз ҳамда ривожланган давлатларнинг энг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олди. Бундан, албатта, чексиз фахрланамиз.
Меҳнатларимиз зое кетмади. Эл-юрт ҳурматига сазовор бўлдик. Шогирдлар ардоғидаман. Илгари оддий бир қишлоқ ўқитувчиси дунёнинг нуфузли олий ўқув юртларига бориб, тажриба ўрганиши кимнинг хаёлига келибди, дейсиз?! Шулар  ҳақида ўйларканман, ўзимга “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” дея савол бераман ва мустақиллигимиз қадрини янада теран англаб етгандек бўламан. Билимга ташна, интилувчан, ўқиб-ўрганишдан чарчамайдиган ёшлар билан ишлаш масъулияти кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшади.

Саид РАҲМОНОВ,
Fиждувон туманидаги 62-ихтисослаштирилган
давлат умумтаълим мактаби директори,
«Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn