Халқаро талаблар даражасидаги фаолият
  • 27 Июнь 2015

Халқаро талаблар даражасидаги фаолият

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг, тарихан қисқа даврда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий, хавфсизликни таъминлаш, умуман, барча соҳада улкан ютуқларни қўлга киритиб, дунё ҳамжамиятининг ҳайрат ва ҳавасини орттирмоқда. Ушбу даврда миллий матбуотимиз ҳам жадал ривожланиб бораётгани қувонарлидир. Президентимиз оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада юқори даражага кўтариш масаласи ҳақида сўз юритганда, бунда, аввало, ҳуқуқий кафолат ва шароитларни, журналист ҳамда техник кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш масалалари устувор аҳамиятга эга бўлмоғи лозимлигини таъкидлайдилар.

Ана шундай эътибор ва ғамхўрлик туфайли юртимиз оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораяпти. Бу ахборот майдонида ўзаро рақобат муҳитининг, турли фикр ва қарашларнинг кучайишига, халқимизнинг дунёқараши ҳамда маънавий оламини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасида илгари сурилган ғоя ва таклифлар бу борада навбатдаги муҳим босқични бошлаб берди. Ушбу дастуриламал ҳужжатга асосан бир қатор янги қонунлар қабул қилинди. Мавжудларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилаётир.
Айтиш жоизки, ўтган давр мобайнида ноширлик ва матбаа соҳасини ҳам тараққий эттириш, тизимга замонавий технологияларни жалб қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар бажарилди.
— Матбаачилигимизнинг илгариги ҳолати билан бугунги тараққиётини ўзаро қиёсласак, жуда катта ижобий ўзгаришлар рўй бергани кўзга ташланади, — дейди “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси (НМАК) бош директорининг ўринбосари -Равшан Жумабоев. — Истиқлолдан аввал жуда қийин шароитларда ишлардик, кўплаб муаммоларни туғдирадиган эски дастгоҳлардан фойдаланардик. Чоп этилаётган маҳсулотларнинг сифати ҳам шунга яраша эди. Эндиликда дунёга машҳур компанияларнинг замонавий русумдаги, юксак технологияга асосланган дастгоҳларига эгамиз.
Дарҳақиқат, фаолияти бугунги кун талаблари даражасида изчил ривожланиб бораётган “Шарқ” НМАК тизимида газета ва журналлар, китоблар, рисолалар, турли рангдаги тасвирий нашрлар ва бошқа босма маҳсулотлар, шунингдек, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилаяпти. Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим асос бўлиб хизмат қилаяпти. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 30 декабрдаги “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида”ги қарори ҳам ниҳоятда аҳамиятли бўлиб, ушбу ҳужжат миллий матбуотимизни ривожлантириш, уни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг узвий давомидир. Зотан, мазкур қарорга мувофиқ, оммавий ахборот воситалари ва нашриётларга қатор имтиёз ҳамда преференциялар берилган.
— Бундай кенг шарт-шароит ва имкониятлар натижасида компаниямиз 2013 йилда ISO 9001:2008 халқаро стандарти талабларига мувофиқлик сертификатини олди, — дейди “Шарқ” НМАК бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов. — Бу эса компаниямизда ишлаб чиқарилаётган матбаачилик маҳсулотлари, жумладан, газета-журналлар, дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар, адабий-бадиий, илмий-тарихий, ижтимоий-сиёсий адабиётлар ҳамда халқ истеъмоли молларини янада юқори сифатда тайёрлаб, юртдошларимизга етказиб беришда муҳим аҳамият касб этаяпти. Масалан, 2014 йилда 34,5 миллиард сўмлик босма маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ёки аввалги йилдагига нисбатан сезиларли даражада ўсишга эришилди.
Шунингдек, ўтган йили юздан ортиқ бадиий, илмий, илмий-оммабоп китоблар, Халқ таълими вазирлиги буюртмаси асосида 79 номдаги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буюртмасига мувофиқ 15 номдаги дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмалар, “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида болалар ва ўсмирларга бағишланган 30 дан зиёд асарлар нашр этилгани ҳам фикримиз далилидир. Айни пайтда янги ўқув йилига 54 номдаги, умумий адади 6 миллион нусхадан ортиқ мактаб -дарсликларини чоп қилиш жараёни давом этмоқда.
...Компаниянинг газеталар чоп этиш цехида иш доимо қизғин. Ҳозирги вақтда бу ерда 80 номдаги газета чоп этилмоқда. Цех полиграфия соҳасида етакчи саналган Германия, Ҳиндистон каби давлатлардан келтирилган замонавий босма ускуналар билан жиҳозланган. Мазкур мажмуа бошлиғи Марат Аҳмедовнинг айтишича, бултур “Manugraph” компаниясининг “CityLineExpress” рулонли янги босма машинаси келтирилиб, фойдаланишга топширилгани газеталарнинг янада сифатли чоп этилишига хизмат қилмоқда.
Шуни ҳам айтиш жоизки, корхона жамоаси ёш кадрларни ишга жалб қилиш бўйича ҳам ўзига хос тажрибага эга.
— Ҳақиқатан ҳам, компаниямизда ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади, — дейди ишчилардан бири Рустам Юнусов. — Ўзимдан қиёс. Ўтган йили Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг матбаачилик йўналишини тамомлаб, айни пайтда чоп этиш цехида катта уста лавозимида ишлаяпман. Шу билан бирга, “Камолот” ЁИҲнинг бошланғич ташкилоти етакчисиман.
— Корхонамизда ишчилар учун барча шарт-шароит муҳайё этилган, — дейди босмахона ходими Исроил Набиев. — Саломатлигимизни мустаҳкамлаш учун санаторийларга мунтазам равишда йўлланмалар берилади. Дам олиш кунлари юртимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳат қилиш, сўлим дам олиш масканларида ҳордиқ чиқаришимиз учун имкониятлар етарли. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ҳар бир соҳа ривожида муҳим ўрин тутаётганини дилдан ҳис қиламиз. Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш барчамизнинг дилимиздаги эзгу ниятдир. Сизга айтсам, касбимни жуда яхши кўраман, қадрлайман. Шу соҳани танлаганимдан фахрланаман.


Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn