Фидойилик ва масъулият мезони
Версия для печати
  • 27 Июнь 2015

Фидойилик ва масъулият мезони

Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантириш, журналистлар меҳнатини рағбатлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Парламент томонидан қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида ахборот соҳасини давр руҳига ҳамоҳанг тарзда ислоҳ этиш, журналистларнинг эркин ва самарали фаолият юритиши учун барча зарур ҳуқуқий-ташкилий, моддий ва маънавий имкониятларни яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ўзбек Миллий академик драма театрида бўлиб ўтган тантанали йиғилишда ҳам ана шулар хусусида сўз борди. Тадбирга қатор вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ноширлар, матбаачилар, фахрий журналистлар, олий ўқув юртлари журналистика факультетларининг профессор-ўқитувчилари таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига -табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов ўқиб эшиттирди.
Тантанада сўз олганлар мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида оммавий ахборот воситаларини босқичма-босқич равнақ топтириш, миллий матбуотимизнинг таъсирчанлигини ошириш, бунинг учун барча шарт-шароитни яратиш масаласи Юртбошимизнинг доимий эътиборида эканини таъкидладилар.
Мустақиллик йилларида миллий матбуотимиз замонавий талаблар асосида тубдан янгиланиб, ривожланиб бормоқда. Бугунги кунда юртимизда 1400 дан зиёд газета ва журнал, электрон, интернет медиатузилмалар самарали фаолият кўрсатаётир.
Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилда кучга кирган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқларини янада кенг таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъулиятини тобора кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўтказилган “Йилнинг энг фаол журналисти — 2014” республика кўрик-танловининг ғолиб ва совриндорлари тақдирланди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамкорлигида оммавий спорт тарғиботи бўйича фаоллик кўрсатган журналистларга диплом ва совғалар топширилди.
Йиғилишда мукофотланганлар номидан сўзга чиққанлар миллий оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантириш, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, жаҳон андозалари талаблари даражасида фаолият кўрсатиши учун зарур шароитларни яратиш, ижодкорлар меҳнатини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатаётгани учун Президентимиз Ислом Каримовга миннатдорлик билдирдилар.
Анжуман доирасида Ўзбек Миллий академик драма театри жамоасининг “Ойдин” спектакли намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Э. Боситхонова, А. Икромов иштирок этди.


О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn