Мустақил Ўзбекистон: тараққиёт ва фаровонлик йўли
  • 26 Июнь 2015

Мустақил Ўзбекистон: тараққиёт ва фаровонлик йўли

Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган тадрижий ислоҳотлар сиёсати ва халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли Ўзбекистон мустақиллик йилларида улкан натижаларга эришиб, изчил тараққий этиб ­бормоқда.

Гарчи юртимиз ўзининг навқирон 24 ёшини қарши олаётган бўлса-да, ана шу қисқа муддатда янги муваффақиятларни, юксак марраларни забт этаётир. Уларнинг ҳар бири, айниқса, дунё жадал ўзгариб бораётган, бутун бошли минтақалар сурункали низолар ўчоғи ва қонли тўқнашувлар гирдобида қолган бир даврда жуда аҳамиятлидир.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон мураккаб геосиёсий ша­роитда мамлакатда қарор топган барқарорлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришаяпти, ижтимоий соҳа ривожланмоқда, таълим ва тиббиётни равнақ топтириш ҳамда қишлоқни янада обод қилишга катта миқдорда инвестиция йўналтирмоқда. Бу натижалар, таъбир жоиз бўлса, осмондан тушган эмас. Ҳар бир муваффақият, ҳар бир марра замирида мамлакатимиз раҳбари атрофида бир тану бир жон бўлиб жипслашган, ислоҳотларни рўёбга чиқариш йўлида юксак масъулият ҳисси билан яшаётган халқимизнинг заҳматли меҳнати мужассам.

 

 “Ўзбекистон Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, таълим тизимини такомиллаштиришда улкан ютуқларни қўлга киритди. Ушбу муваффақиятлар барқарор ва инсон манфаатларига йўналтирилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарасидир”.

 

Пан Ги Мун,

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби.

 

ИслоҲот самаралари

Жаҳон молиявий инқирози ва сайёрамиз иқтисодиётидаги беқарорликка қарамасдан, Ўзбекистон барча жабҳада қўлга киритаётган ютуқлари билан ­дунё ҳамжамиятини ҳайратда қолдириб келмоқда.

Гап шундаки, салкам 24 йил мобайнида мамлакатимиз иқтисодиёти ва унинг етакчи тармоқларида жадал ривожланишга эришилди. 2014 йил якунларига кўра, ялпи ички маҳсулот 8,1 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,3 фоиз кўпайди. Капитал қурилиш қарийб 11 фоиз, чакана савдо айланмаси ҳажми эса 14,3 фоиз ўсди. Эътиборлиси, жорий йилнинг биринчи чорагида ҳам ўсиш суръатларининг ижобий тенденция­си сақлаб қолинди, ялпи ички маҳсулот 7,5 фоиз ортди. Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, Жаҳон банки томонидан эълон қилинган, харид қобилияти бўйича ҳисобланадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмига қараб аниқланадиган иқтисодий ривожланиш борасидаги янгиланган рейтингда Ўзбекистон дунёнинг 190 та давлати орасида 2010 йилдаги 72-ўриндан 66-ўринга кўтарилди.

Бу кўрсаткичлар, натижалар ­мамлакатимиз раҳбари йигирма йилдан олдинроқ бошлаган ислоҳотларнинг меваси, албатта. Ўша вақтларда, мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон ўз олдига ­ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш, очиқ сиёсат олиб бориш, ҳуқуқий ­давлат ва кучли фуқаролик жамияти ­барпо этиш мақсадини қўйган эди. ­Президент Ислом Каримов кейинчалик бутун дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” деб ном олган стратегия асосида давлат ва жамият қурилишининг беш тамо­йилини ­илгари ­сурди. Биз бугун ўша ­даврларда бошланган ва ҳозирги кунга қадар босқичма-бос­қич амалга ошириб келинаётган ислоҳотларнинг оламшумул самараларига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Мамлакатимизни эса келажакда янада фаровон ҳаёт кутмоқда. Буни нуфузли халқаро ташкилотлар прогнозлари ҳам тасдиқлайди. Хусусан, Халқаро ­валюта жам­ғармасининг республикамизга яқинда ташриф буюрган миссия­си ўз фаолияти якунлари бўйича тарқатган пресс-релизида шундай дейилади: “Келгуси истиқбол ҳақида сўз борганда, шуни айтиш керакки, 2015 йилда иқтисодий ўсиш, кутилганидек, юқори бўлади. Бунга яқинда қабул қилинган саноат ва инфратузилмани модернизация қилиш, шунингдек, таркибий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда иқтисодиётда давлатнинг ролини камайтириш имконини берадиган хусусийлаштириш ва корпоратив бошқарув дастурлари самарасида эришилади”.

  

Нажот — фаҚат Қатъий Қарорларда

Ўз оиласи ҳамда тинч-осойишта гуллаб-яшнаётган Ватанининг  фаровонлиги йўлида яшаб, меҳнат қилаётган ҳамюртларимизга қараб, баъзан ўйлаб қоласан, киши: “Биз ўзимизнинг яқин ўтмишимизни қанчалик эслай оламиз?” Ахир бундай ёруғ кунлар ҳамиша ҳам бўлган эмас. Бугунги бахтли ҳаёт — бу бор-йўғи йигирма йилдан ортиқроқ вақт давомида эришган ютуғимиз. Бу файзли кунлар бизга осмондан тушган эмас, балки бутун халқни мустақиллик ғояси билан олға ­интилишга илҳомлантира олган Ўзбекистон раҳбарининг чуқур ўйланган сиёсати натижасидир.

Шу маънода, айниқса, ­Ислом Каримовнинг кўп миллатли халқимизнинг асрий орзуси, энг улуғ ва энг азиз неъмат бўлмиш истиқлолни қўлга киритишимиз тарихини акс эттирган “Ўзбекистон ­мустақилликка эришиш остонасида” номли китоби ҳар бир инсонни чуқур мулоҳазага чорлайди.

Мазкур асарда баён этилган чинакам тарихий воқеаларни ҳаяжон билан ўқийсиз. Масалан, республикамиз раҳбарининг 1989 йилдаги нутқини олайлик. Президентимиз унда қатъий оҳангда “Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди”, дея алоҳида таъкидлаган эди. Ёки собиқ иттифоқ республикалари ичида биринчи бўлиб Ўзбекистонда Президентлик институтининг жорий этилганини эсланг.

Бу йиллар катта иқтисодий қийинчиликлар даври ҳам эди. Экинзорларнинг бор-йўғи 8-10 фоизида буғдой етиштириларди, 0,8 фоизида — картошка. Айни вақтнинг ўзида улкан майдонлар пахта учун ажратилганди. Бироқ шундай оғир вазиятда ҳам, Ислом Каримовнинг қатъий саъй-ҳаракатлари натижасида 1989 йилнинг август ойида шахсий томорқа хўжаликлари ва уй-жой қурилишини ривожлантириш тўғрисида ҳужжат қабул қилинди. Унга кўра, 1989 — 1990 йилларда 1,5 миллион оиланинг томорқа хўжаликлари кенгайтирилди, 700 минг оилага ер участкалари ажратилди. Бу чора-тадбирлар ўша пайтда кескин тус олган ижтимоий вазиятни юмшатиш имконини берди. Аҳолининг даромад манбалари кўпайди, уй-жой масалалари ўз ечимини топиб, бандлик даражаси ўса бошлади.

Ўз навбатида, ислоҳотларнинг танлаб олинган йўли давом эттирилиб, фермер хўжаликлари ташкил қилинди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар биринчи марта ҳуқуқий кафолатга эга бўлишди. Бу ўша давр учун улкан ва масъулиятли қадам эди. Зеро, айнан шу саъй-ҳаракатлар боис аҳолини ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли озиқ-ов­қат маҳсулотлари билан таъминлабгина қолмасдан, 180 турдан ортиқ сархил, қайта ишланган сабзавот ва мевалар дунёнинг 80 та мамлакатига экспорт қилинаяпти. Ушбу соҳадаги муваффақиятлар халқаро ­ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Яқинда Италия пойтахтида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти озиқ-овқат хавф­сизлиги соҳасида Минг­йиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун Ўзбекистонни тақдирлагани ана шундан далолат беради.

Бу — бугунги кун ҳақиқати. Ҳар қандай одам англаб етадики, ўша пайтда, яъни бундан 24 йил муқаддам хатога йўл қўйиш жуда осон эди. Қалтис вазиятда кейинги одимни ташлаш учун бор нарсани сақлаб қолиш эса анча­йин мураккаб саналади. Шу боис бозор муносабатларига айнан босқичма-босқич ўтиш мамлакат учун эски тузумдан янги ривожланган демократик давлат сари олиб борадиган ягона тўғри йўл бўлиб қолди. “Янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг” деган тамойил ҳаётимизнинг барча жабҳасига татбиқ этилди. Бош ислоҳотчи ва ташаббускор бўлишдек оғир вазифани давлат ўз зиммасига олди. Иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, қонун устуворлиги ва кучли ижтимоий сиёсат қарор топди.

Бу йўналишда олиб борилган кўп йиллик меҳнатнинг самараси ўлароқ, мамлакатда шу пайтгача бўлмаган ­юксак технологияга асосланган тармоқлар юзага кела бошлади — автомобиллар, компьютерлар, мобиль телефонлар ва бошқа замонавий техникаларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Қолган соҳалар — озиқ-овқат, кимё, енгил саноат ва қурилиш материаллари индустрияси тўлиқ модернизация қилинди. Ўзбекистон борган сайин аграр республикадан ривожланган, диверсификация қилинган иқтисодиётга эга мамлакатга айланди.

Мамлакатимиз эришган ютуқ ва марралар дунёнинг ривожланган давлатлари раҳбарлари даражасида ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан, яқинда Президентимиз ­Ислом Каримовнинг Корея Республикасига давлат ташрифи чоғида ушбу мамлакат Президенти Пак Кин Хэ Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ўтган 20 йилдан ортиқ вақт давомида барқарор ва изчил ривожланиб, улкан муваффақиятларни қўлга киритаётганини таъкидлади. Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Корея Республикаси раҳбари глобал иқтисодиётда мураккаб вазият юзага келганига қарамасдан, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш суръатлари кейинги ўн йилда 8 фоиздан зиёдни ташкил этаётгани таҳсинга ло­йиқлигини юксак баҳолаган.

Бу фикрни хорижлик экспертлар ҳам тасдиқлашади:

“Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ “шок терапияси”дан воз ­кечган ҳолда, ислоҳотлар ­сиёсатини ўтказди. Бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш йўлидан борди. Натижада мамлакатда барқарорлик сақланиб турибди, давлат ҳокимияти мустаҳкамланаяпти, сиёсий ислоҳотлар жадаллашмоқда”, дея таъкидлайди “Жэньминь жибао онлайн” наш­рида чоп этилган мақоласида Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, ­Шарқий Европа ва Марказий Осиё инс­титути Марказий Осиёни ­тадқиқ этиш бўлими директори У Хунвэй.

Эксперт, шунингдек, бугунги кунда халқаро майдонда юзага келган мураккаб ша­роитда Президент Ислом ­Каримов раҳбарлигида узоқни кўзлаган ҳолда, сиёсат олиб борилаётганини ва бу мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш имконини бериб, минтақавий барқарорликни сақлашда улкан ҳисса бўлаётганини ҳам таъкидлаган. Бу Ўзбекистон раҳбарияти ва ­халқи мамлакатнинг ички шарт-шароитларига жавоб берадиган ўз тараққиёт йўлидан бораётганлигини тасдиқлайди.

Бошқа бир олим — Варшава университетининг ­Сиёсий фанлар институти профессори Тадеуш Бодионинг сўзлари ҳам шу фикрларга ҳам­оҳанг. У шундай дейди: “Мустақилликнинг тарихий жиҳатдан ниҳоятда қисқа бўлган йигирма уч йили мобайнида Ўзбекистон эришган ютуқларга ҳавас қилса арзийди. Бу Президент Ислом ­Каримов томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели”ни ҳаётга изчил татбиқ этишнинг амалий натижасидир”.

 

Бунёдкорона ташаббусларнинг халҚаро эътирофи

Кўриниб турганидек, Ўзбекистондаги ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида юз бераётган жадал юксалишни дунё жамоатчилиги юқори баҳоламоқда.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганиданоқ кенг миқёсда халқаро эътирофга сазовор бўла бошлади. ­Истиқлолнинг бир йиллиги муносабати билан ўтказилган тантаналарда сўзга чиққан Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси дунё ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзосига айланганини, кўплаб нуфузли халқаро, давлатлараро ташкилотларга таклиф этилганини, уларнинг ишида фаол иштирок этаётганини, мамлакатимиз мустақиллигини 120 дан ортиқ давлат тан олганини таъкидлаган эди.

Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайти хабарига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон 133 мамлакат билан дипломатик муносабат ўрнатган. Уларнинг ичида нафақат дунё­нинг энг ривожланган давлатлари, балки Фиджи, Эль-Сальвадор, Мавритания  каби биздан анча йироқ мамлакатлар ҳам бор. Тошкентда бир неча ўнлаб давлатларнинг элчихоналари ва халқ­аро ташкилотлар ваколатхоналари фаолият юритмоқда. Мамлакатимиз БМТ, МДҲ, ШҲТ ва бошқа етакчи жаҳон ва минтақавий тузилмаларнинг аъзосидир.

Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятда ривожланишнинг тинчлик ва инсонпарварлик тамойилларига асосланган яратувчанлик йўлини танлагани, минтақада барқарор тараққиётни таъминлашга бор кучини сафарбар этаётгани билан тобора кўпроқ ҳурмат қозонмоқда.

Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилаётган кўплаб оламшумул ташаббуслар хорижий жамоатчилик томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Булар қаторида Президент Ислом ­Каримов томонидан Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 1999 йили Истамбулда бўлиб ўтган саммитида таклиф этилиб, БМТ Хавфсизлик Кенгаши доирасида Аксилтеррор қўмитанинг таъсис этилишида ўз тажассумини топган Терроризм билан курашиш бўйича Халқ­аро марказни яратиш ғоясини айтиб ўтиш мумкин. Ке­йинчалик шу асосда Гиёҳванд­лик воситалари, психотроп моддалар ва улар прекурсорларининг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш бўйича Марказий Осиё минтақавий ­ахборот мувофиқлаштириш маркази ҳам тузилди.

Ўзбекистон раҳбарининг Афғонистонда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга қаратилган кўплаб ташаббуслари ҳам жаҳон ҳамжамиятининг алоҳида эътиборига сазовор бўлди. НАТО/СЕАПнинг 2008 йил Бухарестда бўлиб ўтган саммитида Президент­имиз қўшни давлатдаги низоларни бартараф этишнинг сиёсий йўлларини ҳамкорликда излаб топиш, бу мамлакатда низо келтириб чиқарувчи омилларни камайтириш ва унга мувофиқлаштирилган иқтисодий ёрдам кўрсатиш мақсадида Мулоқот гуруҳи фаолиятини “6+3” гуруҳи шаклида янгидан ташкил этишни таклиф қилди. Афғонистон билан боғлиқ равишда юз бераётган воқеаларнинг кейинги ривожланиш босқичида ин­қироздан чиқиш йўлларини излашга қаратилган халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларга айнан шу форматда кўрсатиб ўтилган давлатлар кўпроқ жалб этилди.

Минтақада экологик ва ижтимоий-иқтисодий барқарорликка эришиш бўйича киритилган таклифлар ҳам кенг қўллаб-қувватланди. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 1993 йили Марказий Осиёдаги бешта давлат раҳбарлари Орол денгизи инқи­рози оқибатларини бартараф этиш бўйича кучларни бирлаштириш мақсадида Оролни қутқариш халқаро жамғармасини тузишди. Шу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми сифатида Ислом ­Каримов ташаббусига кўра, ўтган йили Урганчда “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда 24 та нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилот, молиявий инс­титут вакиллари, 26 мамлакатдан келган экология, иқлим ўзгаришлари, сув захираларидан фойдаланиш соҳасидаги олимлар ва экспертлар иштирок этди.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ўзининг форум қатнашчиларига видеомурожаатида дунёдаги кенг кўламли ан­тропоген ҳалокатлардан бири, деб эътироф этилган ва миллионлаб аҳоли ҳамда атроф-муҳитга катта зарар етказаётган Оролбўйи минтақасидаги экологик бўҳрон муаммолари муҳокамасига бағишланган ушбу халқаро конференциянинг ўтказилаётганлиги ўта муҳимлигини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг бутун дун­ё­да эътироф этилиб, қўллаб-қувватланган халқаро ташаббуслари ичида Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо қилиш тўғрисидаги ғоя алоҳида ўрин тутади. Президентимиз томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида киритилган ушбу таклиф ўтган йилнинг май ойида бўлиб ўтган тарихий воқеада ўз аксини топди: Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида том маънодаги тарихий воқеа юз берди — мазкур ташкилот тузилганидан буён биринчи маротаба беш ядровий давлат — АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия якдиллик билан ва бир пайтнинг ўзида муҳим халқаро ҳужжатни — Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этиш тўғрисидаги Шартномага Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги Протоколни имзолади.

Айнан шундай қатъият туфайли ҳамда мамлакатимиз ва Президентимизнинг юксак обрў-эътибори боис бугун ривожланган давлатлар, маш­ҳур компаниялар Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга интилишмоқда. Буни ҳукумат мажлисидаги маърузада келтирилган рақамлар ҳам тасдиқлайди: республикамизда 90 дан ортиқ мамлакатнинг сармоялари иштирокидаги 4 мингдан зиёд корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Бизнинг товар ишлаб чиқарувчиларимиз ҳам жаҳон бозорини эгаллашда ортда қолишаётгани йўқ. Фақат ўтган йилнинг ўзида асосан кичик бизнес субъектлари бўлган 500 дан ортиқ янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилди.

“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” тамғасига эга маҳсулотлар эса хорижда ҳам тобора оммавийлашиб бормоқда. Мамлакатимиз шу йилнинг 1 майидан 31 октябригача бўлиб ўтадиган “Expo Milano — 2015” жаҳон кўргазмасига таклиф этилганлиги бежиз эмас. Беш йилда бир марта ўтказиладиган бу тадбирга тайёргарлик ишлари давлатимиз раҳбари қарори асосида олиб борилди. ­Оммавий ахборот воситаларининг хабарига қараганда, Италияда қад ростлаган Ўзбекистоннинг Миллий павильони 500 квадрат метрни ташкил этади. Бу эса, ташкилотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мазкур мега-кўргазмада Сайёрамизнинг турли бурчакларидан келиб иштирок этиши кутилаётган 20 миллион нафар одамда мамлакатимизнинг ютуқлари, иқтисодий ва инвес­тициявий салоҳияти, тараққий этган инфратузилмаси, қайта ишлаш саноати, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналари билан янада яқинроқ танишиш имконини беради, дегани.

 

Мамлакатнинг асосий бойлиги

Ҳатто энг оғир дамларда ҳам давлатимиз раҳбари ёшлар сиёсатига алоҳида эътибор қаратган. Ўзбекистон мустақилликка эришишидан икки йил муқаддам Ислом Каримов жамоатчиликни, агар биз ёшлар билан шуғулланмасак, улар билан бошқалар шуғулланиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Шуниси эътиборга моликки, 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун мустақил республикамизнинг илк қонунларидан биридир. Мамлакатимиз Президентининг бир қатор Фармон ва қарорлари ёш авлоднинг ҳар томонлама етук бўлиб вояга етиши учун барча шарт-шароитни яратишга қаратилган.

Бугунги кунга келиб, фарзанд­ларимиз давлатимизнинг бебаҳо бойлигига айланганига ҳеч қандай шуб­ҳа йўқ. Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил этади. 19 миллион нафарга яқин кучга тўлган, шижоатли ва бар­камол йигит-қизлар! Бу — Қозоғистон ёки Нидерландия каби давлатларнинг аҳолисига тенг бўлган рақам. Ва биз ўзимизнинг энг эзгу умидларимиз рўёбини уларда кўрамиз.

Давлат, ўз навбатида, ёш авлоднинг жисмоний соғлом, руҳан тетик, интеллектуал жиҳатдан етук бўлиб камол топиши, ҳар томонлама билим олиши ва касб эгаллаши учун барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этмоқда. “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ, мамлакатимизда узлуксиз таълимнинг тобора жадал ривожланиб бораётган иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа учун зарур мутахассислар тайёрлашга йўналтирилган ўзига хос тизими яратилишига эришилди. Энг чекка қишлоқларда ҳам замонавий мактаблар, лицей ва касб-ҳунар коллежлари бунёд этилди. Бу ишларнинг натижалари жаҳон ҳамжамиятини бефарқ қолдирмади. 2012 йили Тошкентда бўлиб ўтган “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни бар­қарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзуидаги халқаро конференцияда Ўзбекистонда амалга оширилаётган узлуксиз таълим ва тарбиянинг миллий модели экспертлар томонидан бошқа давлатлар учун андоза сифатида тавсия этилди.

Бироқ бундай эътирофдан ҳеч ким ҳаволаниш кайфиятига берилиб кетгани йўқ. Технологиялар ва интернет асри хотиржамликка ўрин қолдирмайди. Шунинг учун ҳам, таълим соҳасидаги ислоҳотлар жадал суръатларда давом эттирилмоқда. Ҳукуматимизнинг яқинда бўлиб ўтган мажлисида таъкидланганидек, таълим соҳасида фақат ўтган йилнинг ўзида 540 дан зиёд объект, жумладан, 380 та мактаб, 160 дан ортиқ касб-ҳунар коллежи ва академик лицей бинолари тубдан янгиланди. Мазкур мақсадлар учун 550 мил­лиард сўм сарф­ланди. Ушбу маблағларнинг 120 миллиард сўмдан ортиғи таълим муассасаларини ўқув, лаборатория  ва ишлаб чиқариш ускуналари, компьютер ва мультимедиа воситалари билан таъминлаш учун ажратилди.

Бор-йўғи бир йил ичида нафақат олий ўқув юртларининг бинолари қурилди, ўнлаб эски бинолар таъмирдан чиқарилди, балки хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда янги институтлар ва факультетлар ташкил этилди, ўқув марказлари очилди. Бу масканларда билимга чанқоқ йигит-қизлар турли соҳалар бўйича хал­қ­аро стандартлар даражасидаги юқори малакали мутахассислар бўлиб етишадилар. Бундай имкониятлардан ­фойдаланаётган авлоднинг нафақат чуқур билимга эга бўлиши, балки юксак маънавий салоҳият соҳиблари ­сифатида камол топишига шубҳа йўқ.

 

Асрларга тенг йиллар

Мамлакатимизнинг босиб ўтган йўлига хаёлан назар ташлар экансиз, мус­тақиллик солномасига битилган бу йиллар асрларга тенг эканлигига амин бўласиз.

Иқтисодиётнинг тадрижий ва мутаносиб ривожланиши аҳоли ҳаёти даражаси ва сифати изчил ошиши учун мустаҳкам негиз яратди. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар бир йилда йигирма фоиздан зиёдга ўсди. Аҳоли жон бошига реал даромадлар 10,2 фоиз кўпайди. Жорий йилда ижтимоий соҳа ва инфратузилма учун харажатлар яна 22,5 фоиз оширилади.

Эътиборлиси, Ўзбекистонда 2015 йил “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинган. Ваҳолонки, жамоатчилик сўрови натижаларига кўра, юртдошларимизнинг аксарият қисми томонидан қўллаб-қувватланаётган, мўътабар ёшдаги кишиларни ижтимоий ҳимоялаш янада кучайиши кутилаётган бир пайтда баъзи мамлакатларда кун тартибидаги энг долзарб масала фуқароларнинг пенсия ёшини ошириш бўлиб турибди.

Айни пайтда Ўзбекистонда “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон учун” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш давом этмоқда. Ўтган 2014 йил муваффақиятли бўлди ва жамиятимизга, ҳар бир фуқаро ҳаётига улкан ўзгаришлар олиб келди. Буни “Ижти­моий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўров қатнашчиларининг 98 фоизи таъкидлади. Қишлоқларда болаларимиз учун мактаблар, коллежлар ва лицейлар, замонавий даволаш муассасалари қад ростламоқда. Шаҳарлар чирой очмоқда. Британиянинг нуфузли “Экономист” журнали ўтказган сўровга кўра, ўтган йили пойтахтимиз ободлиги ва қулайлиги бўйича дунёнинг 140 та шаҳри ичида 58-ўринни эгаллади ва жаҳон классификациясида яшаш учун энг қулай шароитларга эга шаҳарлар сафидан ўрин олди. Бир оз олдинроқ МДҲдаги шаҳарлар ичида фақат Самарқанд Американинг “The Huffington Post” нашрида эълон қилинган “албатта бориб кўриш лозим бўлган дунё­нинг 50 шаҳари” рўйхатига киритилганди. Айни пайт­нинг ўзида Американинг “Gallup” тадқиқот компанияси тузган “яхши кайфият индекси” бўйича Ватанимиз 136 мамлакат ичида 29-ўринни эгаллаганди. Бу рўйхатда мамлакатимиз нафақат Ҳамдўстликдаги барча қўшниларни, балки Буюк Британия, Германия, Япония, Жанубий Корея каби ривожланган давлатларни ҳам ортда қолдирди. Зеро, Ўзбекистонда ҳаёт кундан-кунга яхшиланиб бормоқда. Бу муваффақиятларга давлатимиз раҳбарининг ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширишга асосланган сиёсати ва халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли эришилмоқда.

Яқинда ОАВда истиқлол йилларида забт этилган улкан марраларимиз, иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатлари, ҳамюртларимиз ҳаёт даражаси ва сифати юксалиб бораётгани яна бир бор эътироф этилди. Янгиланган “World Happiness Index”­ (“Жаҳон бахтиёрлик индекси”) рейтингида Ўзбекистон 44-ўринга кўтарилиб, бу борада МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари орасида етакчига айланди. Колумбия университети социологлари томонидан БМТ кўмагида ўтказилган тад­қиқотда аҳоли фаровонлиги, ҳаёт давомийлиги, ишсизлик даражаси, инсон ҳуқуқлари ва бошқа кўплаб мезонларга юқори баҳо берилди.

 

Жамолиддин ТЎХТАШЕВ,

Руслан КЕНЖАЕВ.

Суратлар «Халқ сўзи» фотожамламасидан олинди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn