Юксак ҳуқуқий маданият — қонун устуворлиги омили
  • 26 Июнь 2015

Юксак ҳуқуқий маданият — қонун устуворлиги омили

Тошкентда “Қонунларни ижрочилар ва аҳолига етказиш бўйича халқаро тажриба: амалий жиҳатлар ва ҳуқуқий тартибга солиш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, қатор миллий ҳамда халқаро ҳамкорлар билан биргаликда БМТ Тараққиёт дастури ва ЕХҲТ кўмагида ташкил қилинди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда демократик янгилаш ва модернизациялаш жараёнида суд-ҳуқуқ тизимини изчил либераллаштириш муҳим ўрин тутади. Зотан, бу ислоҳотлар қонун устуворлиги ҳамда қонунийликни таъминлашга, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга, одамларнинг ҳуқуқий онгини юксалтиришга, жамиятда юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантиришга йўналтирилгандир. Бунда ҳуқуқий билимларни ошириш, фуқароларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашда қонун ҳужжатларининг сўзсиз ижро этилиши ҳамда ҳаётийлигини таъминлаш муҳим омил ҳисобланади.
Шу билан бирга, ижрочилар ва аҳолининг қонунлардан хабардорлигини ошириш қонун устуворлигини таъминлашда катта аҳамият касб этади.
Ўзбекистон парламенти томонидан 2010 йилда қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси эса ахборот соҳасидаги қонунчиликни тубдан такомиллаштиришда алоҳида ўрин тутади. Хусусан, ушбу дастуриламал ҳужжат асосида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Унда аҳолини қабул қилинаётган қарорлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида хабардор қилиш тартиб-таомиллари аниқ белгилаб берилди.
Юртимизда қонунларни қабул қилиш ва уларнинг ижросини таъминлашнинг механизмлари яратилган бўлиб, улар, биринчи галда, аҳолини хабардор қилишни назарда тутади. Бунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилиш уларни амалиётга жорий этишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар қонунчиликка мувофиқ, расмий нашрларда чоп этилаётгани эътиборга моликдир.
Маълумки, жорий йилда бўлиб ўтган парламент палаталарининг қўшма мажлисида давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталарининг қонунчилик фаолиятини тартибга соладиган ҳуқуқий ҳужжатларда қонунларни ижрочиларга етказишни ўрганиш долзарб вазифа бўлиши кераклигини таъкидлаган эди.
Давра суҳбати иштирокчилари қайд этганидек, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ижрочиларга ҳамда аҳолига етказиш қонунларнинг амалиётда бажарилиши, шунингдек, ҳуқуқий таълимнинг таркибий қисми саналади. Ушбу механизм фуқароларнинг қонунлардан хабардорлигини ошириш бўйича умумий чора-тадбирлар билан бир қаторда, фуқаролар, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган аниқ ҳаракатларни ўз ичига олади. Қонуннинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш қонун устуворлигини мустаҳкамлашнинг асосий шарти бўлиб, бунда давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш, аҳоли билан ўзаро муносабатларда интерактив усулларни жорий этиш, оммавий ахборот воситалари, олимлар ҳамда амалиётчи юристлар, фуқаролик жамияти вакиллари салоҳиятидан кенг фойдаланиш лозим.
Асосий Қонунимизда Конституция ва қонунлар устунлиги сўзсиз тан олиниши, давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритишига оид қоидалар белгиланган. Шунингдек, унда Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Давра суҳбатида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, илмий, эксперт доиралари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон прокуратура органлари, хорижлик мутахассислар қабул қилинган қонунларни ижрочиларга ва аҳолига етказиш механизмларининг турли жиҳатларини кўриб чиқишди, ушбу соҳада ҳуқуқни қўллаш соҳасини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашишди. Тадбир қатнашчилари мазкур соҳада хорижнинг илғор тажрибасини ўрганиш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида қабул қилинган қонунларни ижрочиларга ҳамда аҳолига етказишни таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, аҳолини қонунчилик ҳақида хабардор қилишнинг замонавий усулларини кўриб чиқиш катта аҳамиятга эга эканлигини қайд этишди.
— Давра суҳбатида бир қатор муҳим масалаларни муҳокама қилдик, — деди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер. — Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимида ахборот ва сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш ва ҳимоялаш каби ислоҳотларни янги, юксак босқичга кўтариш зарурлигини алоҳида қайд этган эди. Дарҳақиқат, қонун устуворлигини таъминлаш ҳаммамиз учун долзарб вазифа ҳисобланади. Янги, сифатли қонунларни қабул қилиш асносида уларнинг ижросини таъминлаш, жамоатчиликни хабардор қилиш амалиётини йўлга қўйиш лозим. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги юксак бўлиши керак. Зотан, бу қонун устуворлигининг негизидир.
— Тадбир Ўзбекистоннинг қонун ижодкорлиги соҳасидаги тажрибаси, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасидаги мамлакатингиз сиёсати, қонунчилик тарғиботи хусусида батафсил танишиш имконини берди, — деди маъмурий ҳуқуқ профессори Гутиерез Алонсо Хуан Хосе (Испания). — Шак-шубҳасиз, қонун устуворлиги ва демократия узвий тушунча ҳисобланади. Демократия ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш жамиятдаги тараққиёт, эркинлик, тинчлик ва ҳамжиҳатликнинг ифодаси ҳамдир. Фуқароларнинг қонунлардан хабардорлиги ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашда қўл келади. Шуни қайд этиш керакки, Европа мамлакатлари, хусусан, Испания учун аҳолининг қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақидаги хабардорлигини ошириш, уларнинг ижроси устидан назоратни таъминлаш катта аҳамиятга эга. Бунинг учун муайян қонунларни қабул қилишдан аввал оммавий ахборот воситалари орқали ҳуқуқий ҳужжат ҳақида ахборот эълон қилинади. Бинобарин, қонунчиликдан яхши хабардор жамоатчиликкина кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатни яратиши мумкин.
— Бугун фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади, — деди Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси тадқиқот хизматининг қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари эксперти Ким Ёнг Чан. — Ўзбекистонда ушбу йўналишда катта ютуқларга эришилганига гувоҳ бўлдик. Қабул қилинаётган ҳужжатларни қонун ижодкорлигининг барча босқичида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишнинг самарали тизими шакллантирилган. Янги қонунчиликка кўра, фуқаролик жамияти институтларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишдаги иштирок этиши механизмлари жорий қилинган бўлиб, асосий ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича жамоатчилик эшитувлари ўтказилмоқда. Натижада фуқароларнинг фаоллиги ошаётир, аҳолининг қонунлардан хабардорлиги юксалаяпти.
— Оммавий ахборот воситалари жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда муҳим роль эгаллайди, — дейди “Boston Herald” (АҚШ) газетаси вакили Рашель Коэн. — Ўзбекистонда ахборот соҳасида катта иш бажарилган, мустақил оммавий ахборот воситалари кенг қўллаб-қувватланмоқда, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Менинг фикримча, ижрочилар ва аҳолини қонунчиликдан хабардорлигини ошириш ишларини қонун қабул қилингунга қадар олиб бориш, жамоатчиликнинг фикрини ўрганиш жуда муҳимдир. Шундан кейингина оммавий ахборот воситаларининг кенг имкониятларидан самарали фойдаланиш лозим.
Давра суҳбатида парламентнинг ижро органи билан ҳамкорлиги, юридик ва жисмоний шахсларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнлари билан танишиш имкониятини яратиш, соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва бошқа масалалар муҳокама этилди. Тадбир янги қонунлар, мавжудларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятини ижрочиларга ва аҳолига етказишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш борасида тажриба алмашиш ва хориж тажрибасини ўрганишда ўзига хос майдон вазифасини ўтади.
Давра суҳбатида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.


Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn