Ғамхўрликдан баҳраманд авлод
  • 25 Июнь 2015

Ғамхўрликдан баҳраманд авлод

Бугунги кунда мамлакатимизда болаларни соғломлаштириш йўналишидаги ишларни янада такомиллаштириш ҳамда болалар оромгоҳларининг фаолият йўналишларини шаклан ва мазмунан бойитиш борасидаги ишлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш концепциясига мувофиқ амалга оширилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар эртамиз эгаларининг мазмунли ҳордиқ чиқариши, саломатликларини мустаҳкамлашларида, шу билан бирга, интеллектуал салоҳиятларини юксалтиришда муҳим ўрин тутаяпти.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Қуёшли” болалар дам олиш масканида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ташкил этилган “Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи”да  янги мавсум бошлангани муносабати билан ўтказилган тадбирда ана шу ҳақда сўз юритилди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва Халқ таълими вазирлиги раҳбарлари, илғор ўқитувчилар ва иқтидорли ўқувчилар қатнашган маросимда сўзга чиққанлар Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидладилар.
Ушбу масканнинг ўзига хос жиҳати шундаки, бу ерда соғломлаштириш мавсуми давомида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Билимлар беллашуви — 2015” танловида ғолиб бўлган 500 нафар ўғил-қиз, Меҳрибонлик уйларининг 100 нафарга яқин тарбияланувчилари ва имконияти чекланган болажонлар Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бепул соғломлаштирилади.
— Айни кунда мавсумнинг 1-навбатида “Қуёшли” оромгоҳи 250 нафар иқтидорли ўқувчини, шунингдек, пойтахтимиздаги 23-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини ўз бағрига олган, — дейди Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тасарруфидаги “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳи бошлиғи Йўлчибой Раҳимжонов.
— Масканимиздаги бой китоб захирасига эга ахборот-ресурс маркази, замонавий компьютер хонаси, хореография зали, вокал хонаси, очиқ ва ёпиқ спорт майдончалари ҳамда сузиш ҳавзаси болажонлар ихтиёрида. Шунингдек, бу ерда турли фанлар йўналишлари бўйича ижодий ўқув машғулотлари, викториналар, мусобақалар, назм ва наво кечалари ташкил этилмоқда. Айниқса, таниқли фан арбоблари, олимлар, адабиёт ва санъат намояндалари иштирокида ўтказилаётган учрашувлар ўғил-қизларда катта таассурот қолдираяпти.
— “Билимлар беллашуви — 2015”да иқтисодий билим асослари фани йўналишида қатнашиб, биринчи ўринни эгалладим, — дейди Фарғона туманидаги 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 8-синф ўқувчиси Бахтиёр Абдумажидов. — Ушбу оромгоҳда дам олиш билан бирга, билимимни янада мустаҳкамлаш имконига ҳам эга бўлдим. Келажакда зўр иқтисодчи бўлиб етишиб, шу соҳа ривожига ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшсам дейман.
Когон туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Нилуфар Бекмуродова келажакда биология фани ўқитувчиси бўлишни аҳд қилган.
— Шу фанга қизиқишим, меҳр ва муҳаббатим кучлилиги сабаб беллашувда ғолиб бўлдим, — дейди у. — Оромгоҳда турли вилоятлардан келган тенгдошларим билан дўстлашиб, илғор ўқитувчиларнинг маҳорат сабоқларида қатнашаяпмиз. Бу ерда яратилган шарт-шароитлар бизга янги ўқув йилига куч-қувват тўплаб қайтиш имконини бермоқда.
Умумий майдони 14 гектардан зиёд бўлган оромгоҳ ҳудудида мевали ва манзарали дарахтлар, гуллар, шифобахш ўсимликларни етиштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Болалар мароқли дам олиш, спорт-соғломлаштириш тадбирларида иштирок этиш билан бирга, табиат қўйнида турли фанлар бўйича маҳорат дарсларида билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашмоқда.
Дам олиш масканида болажонларнинг вақти мазмунли ўтиши учун бор имкониятлар ишга солинган. Айниқса, бу ерда фаолияти йўлга қўйилган тўгараклар барча зарур воситалар билан таъминланиб, ўғил-қизлар табиат қучоғидаги ноанъанавий машғулотлар билан қамраб олинмоқда. Оромгоҳга иқтидорли болалар билан бирга, юқори педагогик маҳорати орқали ёш авлод камолотига муносиб ҳисса қўшиб келаётган энг яхши устозлар ҳам жалб этилган.
Сўлим ва файзли масканда мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган тадбирларда истиқлол йилларида барча жабҳада эришилаётган улкан натижалар, ёш авлод камолоти йўлида кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик болалар онгу шуурига содда, самимий, таъсирчан тарзда етказилаётгани эътирофга моликдир.
Тадбирда оромгоҳда дам олаётган болажонлар иштирокида “Ўзбекистон — бахтиёр болалар мамлакати” деб номланган маданий-маърифий дастур намойиш этилди. Шунингдек, “Билимлар беллашуви — 2015” танловининг ғолиб ва совриндорларига диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn