Мустақил ҳаёт остонасидаги масъулият
  • 25 Июнь 2015

Мустақил ҳаёт остонасидаги масъулият

Истиқлол йилларида мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида ҳаётга татбиқ этилган “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва бошқа қатор ҳужжатлар замирида навқирон авлодни билимли, ватанпарвар, миллий ҳамда умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш, истеъдодини рўёбга чиқариш каби эзгу мақсадлар мужассам.

Жумладан, мамлакатимиз ёшларининг ўзлари танлаган олий ўқув юртларга қабул қилинишида тест синовларининг жорий этилгани уларнинг билим ва имкониятларини адолатли баҳолашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бинобарин, юртимизда илмга чанқоқ, мустақил фикрига таянган ҳолда ўзи қизиққан касб эгаси бўлишга интиладиган ёшлар кўп. 20 июндан 2015/2016 ўқув йили учун олий ўқув юртларида қабул жараёнининг бошлангани эса уларни бефарқ қолдирмайди, албатта.
Айни пайтда олий ўқув юртларида қабул комиссиялари изчиллик билан фаолият юритаётир, унга ташриф буюрган абитуриентлар масъул ходимлардан ҳужжатларни топширишнинг талаб ва тартиблари, кириш имтиҳони ўтказилиши, мавжуд факультетлар, белгиланган имтиёзлар каби масалаларда аниқ маълумотлар олиши мумкин.
— Бу йил Ўзбекистон Миллий университетида абитуриентларга янада қулайлик яратиш мақсадида ҳужжатларни қабул қилиш онлайн шаклда амалга оширилмоқда, — дейди мазкур олий ўқув юрти қабул комиссиясининг масъул котиби Равшан Ҳакимов. — Яъни ёшлар хоҳ уйларидан, хоҳ бошқа жойдан интернет тармоғидаги qabul.nuu.uz сайтига кириб, рўйхатдан ўтишлари ҳамда онлайн ариза тўлдиришлари мумкин. Абитуриентлар бошқа зарур ҳужжатларни қабул комиссиясига топширадилар. Эътиборлиси, бу жараён беш дақиқага ҳам бормайди ҳамда узоқ вақт навбат кутиш, толиқишга сабаб бўладиган бошқа ҳолатларнинг олди олинади.
Айтиш керакки, ушбу таълим даргоҳида аризаларни онлайн усулда қабул қилиб олиш учун еттита компьютер хонаси ажратилган бўлиб, бу ерда катта тажрибага эга мутахассислар меҳнат қилмоқда. Бундан ташқари, қабул комиссияси фаолияти, абитуриентлардан қабул қилинаётган ҳужжатлар ҳамда бошқа зарур кундалик маълумотларни жойлаштириш учун махсус эълон тахталари ташкил этилган ва улар ҳар куни янгилаб борилаяпти.
— Бу ерда ҳужжатларни қабул қилиб олишда яратилган шарт-шароит ва қулайликлар бизга жуда маъқул бўлди, — дейди Тошкент вилоятининг Паркент туманилик абитуриент Элмурод Муллажонов. — Тарих фанига жуда қизиқаман. Шу боис мазкур йўналишдаги факультетга ҳужжатларимни топширдим. 12 йиллик таълимда олган билимларим талаба деган номга эришишимга асос бўлади, деб умид қиламан.
Кейинги йилларда юртимиз ёшлари орасида олий маълумот эгаллашга иштиёқ юксалаётгани қувонарли ҳол. Масалан, 2012 йилда абитуриентлардан тушган аризалар сони 432 017 тани ташкил қилган бўлса, 2013 йили бу кўрсаткич 480 407 тага етди. Ўтган йили эса олий ўқув юртларига 543 мингдан зиёд аризалар келиб тушгани ҳам юқоридаги фикримиз исботидир.
Жорий йилда нуфузли таълим даргоҳларидан яна бири — Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ҳам талаба деган номга эришиш учун кўплаб абитуриентлардан аризалар келиб тушиши кутилмоқда. Қайд этиш жоизки, Президентимизнинг 2011 йил 20 майдаги “Олий таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мазкур муассасада таълим олиш шароитларини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу эса, шубҳасиз, етук малакали мутахассислар етишиб чиқиши уларга ҳавас билан қараган ёш авлод онгида олий маълумот олиш рағбатини кучайтиради.
Мазкур ўқув юрти қабул комиссияси вакилларининг таъкидлашича, абитуриентларга тест синовларини муваффақиятли топширишлари учун етарли қулайликлар яратилмоқда. Синовлар ўтказиладиган ҳар бир бинода махсус штаб ташкил қилиниб, тартибни таъминлаш, шунингдек, зарурат бўлганда, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун тегишли соҳа ходимлари жалб этилиши таъминланади.
— Отам ўқитувчи, қишлоғимизда у кишининг обрўси ниҳоятда баланд. Шу боис болаликдан муаллим бўлишни ният қилганман, — дейди қашқадарёлик Маҳмудбек Шомуродов. — Университетнинг она тили ва адабиёт факультетига ҳужжат топширдим. Келажакда билимли, кенг тафаккурли, фаол ва ижодкор ўқитувчи бўлиб танилсам, эл орасида ҳурмат қозонсам, дейман.
Дарҳақиқат, бугун ёшларнинг билим олиши учун катта имкониятлар мавжуд. Шундай экан, улкан мақсадларни кўзлаган йигит-қизлар фурсатни зое кетказмасдан, тест синовларига пухта тайёргарлик кўришлари айни муддаодир. Олий ўқув юртларига ҳужжатларни топшириш жорий йилнинг 20 июлигача давом этади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn