Малакали кадрлар ҳар бир соҳа равнақида муҳим ўрин тутади
  • 25 Июнь 2015

Малакали кадрлар ҳар бир соҳа равнақида муҳим ўрин тутади

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институти битирувчиларига диплом ва офицерлик унвони топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, божхона тизими ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда божхона иши фаолиятини янада такомиллаштириш, божхона органлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг касб малакасини ошириш мақсадида қатор саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мазкур ҳужжат доирасида ташкил этилган Олий ҳарбий божхона институтида тингловчиларга назарий ва амалий билимларни бериш баробарида, улар қалбида она-Ватанга муҳаббат, қасамёди ва бурчига содиқлик туйғуларини кучайтиришга ҳам устувор аҳамият қаратилаяпти. Бу ерда божхона иши ва божхона ҳуқуқи мутахассисликлари бўйича таҳсил олаётган ёшлар ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан бошқариш, тезкор-қидирув фаолият, божхона статистикаси ва ахборот технологиялари каби йўналишларда чуқур кўникмага эга бўлаётир. Институтдаги ихтисослаштирилган дарс хоналари, замонавий усулда жиҳозланган кимё ва криминалистика лабораториялари, амалий машғулот майдончалари, спорт мажмуи, ёзги ва қишки сузиш ҳавзалари, теннис корти, кутубхона етук мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилмоқда.
Институт битирувчиларини хизматга кузатиш маросими концерт дастурига уланиб кетди.

* * *

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида ички ишлар тизимини такомиллаштириш, соҳа мутахассисларининг салоҳиятини муттасил ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, Ички ишлар вазирлиги академиясида тергов, тезкор-қидирув, жиноятларнинг олдини олиш ҳамда эксперт-криминалистик фаолият йўналишлари бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрланмоқда.
Академияда кундузги таълим ва олий академик курсни тугатган навбатдаги тингловчиларга дипломлар тантанали равишда топширилди. Унда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант А. Аҳмедбоев, академия бошлиғи Ш. Икромов ва бошқалар ички ишлар тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси ҳақида сўз юритиб, битирувчиларга таҳсил давомида олган билим ва кўникмаларини эл-юрт осойишталигини сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш, жамиятда барқарорликни таъминлаш йўлида сафарбар этишларига ишонч билдирдилар.
— Назария ва амалиёт уйғун ҳолда олиб борилгани айни муддао бўлди, — дейди лейтенант Дилноза Парпиева. — Бу ерда яратилган инновацион педагогик технологиялар маркази, одам савдоси ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича интерфаол ўқитиш, криминалистик тадқиқотларни ўрганиш, намунали милиция таянч пункти ўқув марказлари, тергов фаолияти мутахассислиги бўйича ўқув-методик хонаси ва бошқа замонавий шарт-шароитлардан унумли фойдаландик. Энди юртга садоқат билан хизмат қилиб, зиммамиздаги муқаддас бурчни шараф билан адо этамиз.

Ф. ИБРОҲИМОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn