Маъмурий юстиция такомиллаштирилмоқда
  • 25 Июнь 2015

Маъмурий юстиция такомиллаштирилмоқда

Пойтахтимизда маъмурий юстиция ривожланишига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Адлия вазирлиги томонидан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти билан биргаликда ташкил этилди.

Анжуманда Олий суд ва Олий хўжалик суди, Жиноят ишлари бўйича Сирдарё, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри судлари  судьялари, Адлия вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети вакиллари, германиялик экспертлар иштирок этди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва таъсирчанлигини ошириш,  жиноий жазоларни либераллаштириш, судларни ихтисослаштириш, пировардида одил судловни қарор топтиришга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришда муҳим омил бўлаётир. Хусусан, “Хабеас корпус” институтининг миллий қонунчилигимизга жорий этилиши ҳар бир шахснинг асоссиз жиноий таъқиб ва шахсий ҳаётга аралашишдан ҳимояланиш, шахсий дахлсизлик ҳуқуқини кафолатлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси мазкур институтни қўллаш соҳасини янги босқичга олиб чиқди.
Судгача иш юритиш босқичида прокурор ва терговчи томонидан қўлланиб келинган айбланувчини лавозимидан четлатиш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судья санкцияси асосида амалга ошириш тартиби йўлга қўйилди. Бундан ташқари, ўтган йили Жиноят-процессуал кодексига эҳтиёт чораларининг янги тури, яъни уй қамоғи жорий қилинди. Уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси фақат жиноят ишлари бўйича судлар ёки ҳарбий судларнинг ажримига асосан амалга оширилади.
Тадбирда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, жумладан, маъмурий-ҳуқуқий муносабатларда юзага келадиган тортишувларни ҳал этишга қаратилган маъмурий юстиция изчиллик билан такомиллашаётгани таъкидланди.  Айтиш жоизки, нафақат фуқаролар, балки юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар манфаатлари ҳам маъмурий юстиция соҳасига киради.
— Дастуримизни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш тарафдори эканига ишонч ҳосил қилмоқдамиз, — деди Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликка кўмаклашиш” дастури директори Йорг Пуделька. — Айниқса, Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, мамлакат иқтисодиётига хорижий ва маҳаллий инвестицияни жалб қилишда муҳим аҳамият касб этувчи маъмурий қонунчиликни такомиллаштириш устида иш олиб борилаётгани эътиборлидир.
Шунингдек, анжуманда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, маъмурий қонунчиликни такомиллаштириш, бу борада илғор хориж тажрибаларини ўрганиш ва татбиқ этиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди. 

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn