Қисқа сатрларда
  • 25 Июнь 2015

Қисқа сатрларда

* Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида “Шартномавий муносабатларнинг хуқуқий асоси” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда эркин бозор иқтисодиётининг негизини ташкил этадиган тарафлар ўртасидаги шартномавий-ҳуқуқий муносабатларга оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти, уларнинг ижросини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

* Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасида божхона органлари ахборот хизматлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва ОАВ билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди. Анжуман иштирокчилари турли ташкилот ва идоралар фаолияти очиқлигини таъминлашда ахборот хизматларининг ўрни, жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантириш истиқболлари ва бошқа долзарб мавзулар бўйича фикр алмашди.

* Самарқанд вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти мутахассислари томонидан бемор болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик давомида тўқсон нафардан ортиқ ўғил-қизнинг саломатлиги ўрганилиб, юқори малакали мутахассислар томонидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.

* Пойтахтимизда жойлашган Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғида мамлакатимизда давом этаётган гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги доирасида маънавий-маърифий тадбир уюштирилди. Унинг доирасида мавзуга оид ижтимоий видеороликлар танлови ғолиблари аниқланиб, ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари топширилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn