Жасур, мард ва садоқатли
  • 24 Июнь 2015

Жасур, мард ва садоқатли

Мамлакатимиздаги олий ҳарбий таълим муассасаларининг ана шундай фазилатларга эга битирувчиларига диплом ва кўкрак нишонлари топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда ота-оналар қатнашди.
Таъкидланганидек, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ҳамда ҳамжиҳатлик эл-юртимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Қўлга киритилаётган ютуқларда бугунги замон талаблари даражасида шакллантирилган Қуролли Кучларимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Чунки миллий армиямиз юртимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлиги ҳимоясининг ишончли кафолатидир.
Республикамиз мудофаа салоҳиятини оширишда ҳар бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратилган. Ўтган йиллар давомида қатор олий ҳарбий таълим муассасалари фаолиятининг йўлга қўйилгани офицер кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёжни қондириш имконини берди. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кенг билим ва тафаккурга, юксак профессионал ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал жиҳатдан ривожланган, шиддатли тарзда амалга ошириладиган замонавий жанговар ҳаракатлар шароитида, ўз олдига қўйилган вазифаларни муваффақиятли адо этишга қодир бўлган ҳарбий кадрларни самарали тайёрлаш масаласи ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Дарҳақиқат, юртимизда барча бўғиндаги командирларнинг юқори профессионал қобилияти ва малакасини ошириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган офицер кадрлар тайёрлашнинг шундай тизими яратилдики, бу миллий армиямиз таркибини сифат жиҳатидан бутунлай ўзгартириш ва уларни етук мутахассислар билан тўлдириш имконини бермоқда.
Хусусан, республикамиздаги олий ҳарбий таълим муассасаларининг моддий-техник базаси замонавий технологиялар асосида такомиллаштирилиб, таълимнинг илғор педагогик технологиялари кенг жорий этилаётгани бўлғуси офицерларни Ватанга, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этаётир.
Жумладан, 1994 йилда асос солинган, Марказий Осиёда ягона бўлган Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти Ҳарбий ҳаво кучлари таркибини чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал етук офицерлар билан бойитишга хизмат қилмоқда. Ўтган давр мобайнида таълим муассасасининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, энг замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари ва дарсликлар билан таъминланди.
Курсантларга учувчилик сирлари билан бирга, ҳушёрлик ва сезгирлик, қатъият ҳамда масъулият кўникмаларини оширувчи машғулотлар, аждодлар меросидан сўзловчи маънавият ва тарих дарслари, дунёқарашини такомиллаштиришга хизмат қиладиган ижтимоий-сиёсий билимлар чуқур ўргатилмоқда.
Бўлиб ўтган тантанали маросимда олий ҳарбий таълим муассасасининг навбатдаги битирувчиларига диплом ва кўкрак нишонлари топширилди.
— Ҳарбий соҳага ёшлигимдан қизиқаман, — дейди битирувчи, лейтенант Улуғбек Мелибоев. — Мазкур таълим даргоҳида ҳарб илмига оид билимларимни бойитдим, жисмоний жиҳатдан янада чиниқдим. Келгусида ўрганганларимга қатъий амал қилиб, билдирилган ишончни оқлашга, Ватанимиз ҳимояси йўлида фидойилик кўрсатишга ваъда бераман.
Таниқли санъаткорлар ҳамда ёш ижрочиларнинг концерт дастури тадбирга янада файз бағишлади.
Қуролли Кучларимиз учун автомобиль бўлинмалари тактик қўмондонлиги, муҳандислик қўшинлари тактик қўмондонлиги, фронторти таъминоти тактик қўмондонлиги каби йўналишлар бўйича офицер кадрлар тайёрловчи Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ҳам курсантларнинг замон талаблари даражасида билим олиши, касб кўникмасини эгаллаши учун барча шароит ва имконият яратилган. Назарий ҳамда амалий машғулотларни олиб боришга ихтисослаштирилган махсус хоналар ва ахборот технологиялари, замонавий ҳарбий техника ва жиҳозлар, спорт заллари ҳарбийликни танлаган ёшларнинг ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишишига хизмат қилаётир.
— Бугун бизнинг оиламиз учун қўшалоқ қувонч, — дейди бу ерда ташкил этилган тантанали тадбир иштирокчиси, Самарқанд шаҳрида яшовчи Гулнора Эшмуродова. — Нега десангиз, ўғлим Феруз ҳамда овсинимнинг фарзанди Шоҳруҳ мазкур олий ҳарбий таълим муассасасини битириб, офицер бўлди. Яна бир дилбандим Фирдавс эса ушбу даргоҳнинг биринчи курсини тамомлади. Эгнига ҳарбий либоси ярашган фарзандларимизни кўриб, шунчалик қувониб ўтирибмизки, ҳаяжонимизни сўз билан таърифлаб бериш қийин. Уларнинг шарафли касбни танлаб, Ватанимиз тинчлиги йўлида хизмат қилишидан чексиз фахрланамиз.
Буни қарангки, битта оиладан уч нафар йигит ҳарбий соҳани танлабди. Айни мана шунинг ўзиёқ бугун аҳоли ўртасида ҳарбий хизматнинг обрў-эътибори юксак даражага кўтарилгани, Ватанини, халқини, оиласини ҳимоя қилишдек шарафли ҳамда масъулиятли вазифани зиммасига олишга қодир мард ўғлонлар сафи тобора кенгайиб бораётганига ёрқин бир мисолдир.
Маросим якунида намойиш этилган концерт дастури ҳамда билим юрти курсантларининг кўргазмали чиқиши йиғилганларда алоҳида таассурот қолдирди.
Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти ҳам мамлакатимиз мудофаа тизимига юқори малакали мутахассислар етказиб бераётган нуфузли олий ҳарбий таълим муассасаларидан биридир. Бугунги кунда бу ерда кўплаб йўналишларда офицер кадрлар тайёрланмоқда. Таълим масканида таҳсил олган ва юрт осойишталиги йўлида хизмат қилаётганлар сафида маҳорат, матонат ва жасоратда алоҳида намуна кўрсатаётган, Ватанимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган офицер ҳамда сержантлар кўпчиликни ташкил этади.
Билим юрти ҳузурида услубий марказ, офицер кадрларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш факультети ҳамда бир қатор тўгараклар фаолият кўрсатаётир. Мавжуд кафедралар, барча шарт-шароитга эга ўқув хоналари, замонавий техник воситалар, компьютерлаштирилган тренажёрлар, спорт зали, кутубхона, энг сўнгги русумдаги технологик жиҳозлар, компьютерлар, мультимедиа воситалари ҳамда жанговар техникалар курсантлар билимини оширишга хизмат қилмоқда.
— Энг катта орзуларимдан бирига етишдим, офицер бўлдим, — дейди битирувчи, лейтенант Ўроз Қорабоев. — Бу ерда олган билим ва кўникмаларимга таяниб, юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини сақлаш йўлида ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшаман.
Тантанали маросимда билим юрти битирувчиларига диплом ва кўкрак нишонлари топширилди. Тадбир санъаткорлар ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан якунланди.
Шунингдек, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Тошкент ахборот технологиялари университети Махсус факультети ҳамда Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультетида ташкил этилган битирув маросимларида ҳам ана шундай кутаринки кайфият ҳукмрон бўлди.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn