Ёвузлик устидан ҳамжиҳатликда ғалаба қозонилади
  • 24 Июнь 2015

Ёвузлик устидан ҳамжиҳатликда ғалаба қозонилади

Бугунги кунда наркотикларга қарши кураш дунёдаги энг муҳим вазифалардан бирига айланган. Сайёрамизда вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида гиёҳвандлик балосига йўлиққанлар сони муттасил ортиб бораяпти, тақиқланган моддалар контрабандаси ўсиб, уларнинг тарқалиши тобора кенгаймоқда. Оғу савдоси билан шуғулланаётган картелларнинг жиноий фаолияти даромадли бизнесга айланиб улгурган.

Қатор манбаларга қараганда, уларнинг йиллик фойдаси юз миллиардлаб доллардан ошиб кетади.
Мазкур глобал бало нафақат муайян бир давлат, балки бутун инсоният тараққиётига таҳдид солаётир. Бугун айрим мамлакатлар унинг ҳужумига дош бера олмай, ушбу офат қаршисида бўйин эгди. Уларда наркомафия ўзини эмин-эркин ҳис қилиб, ҳаттоки мазкур ҳудуддаги сиёсий ва иқтисодий ҳаётга таъсир этиш қудратига эга бўлди.
Муаммонинг долзарблиги инобатга олиниб, Ўзбекистонда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашга миллат тақдирига дахлдор масала сифатида қаралмоқда. Бинобарин, истиқлолнинг илк кунларидан бошлаб республикамизда ҳуқуқий, ҳуқуқ-тартибот, маъмурий, иқтисодий, маданий, таълим ва тиббиётни ўз ичига олган комплекс чоралар стратегияси ҳаётга татбиқ этилаётир. Жамиятнинг барча саъй-ҳаракатлари шу йўлда сафарбар қилинмоқда. Тегишли қонунларнинг қатъий устуворлиги таъминланаяпти. Зеро, адолат ва жиноятга жазо муқаррарлиги юртимизнинг наркотикларга қарши курашдаги муросасиз позициясидир.

Ажал карвонлари қай томонга йўл олмоқда?
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларининг энг катта “бош оғриғи” — республикамизнинг Афғонистон билан географик жиҳатдан яқинлигидир. Зотан, ушбу мамлакатда заҳри қотилни етиштириш бир дақиқага ҳам тўхтамаяпти.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, қўшни давлатдаги кўкнори майдонлари жадал суръатлар билан кенгаймоқда. Бундай ҳолат бир неча йилдан бери сурункасига кузатилаётир. Биргина 2014 йилда ўсиш даражаси қарийб етти фоизга етди. Умуман, БМТ 224 минг гектар афюн пайкаллари мавжудлиги ҳақида хабар бермоқда. Афғон ҳуқуқ-тартибот идоралари шундай экинзорларнинг, бор-йўғи, юздан бир қисмини йўқ қилган, холос. Таассуфлиси, ушбу балога қарши курашиш самарадорлиги пасайиб бораётир. Бу борадаги кўрсаткичлар ўтган йилда 2013 йилдагига нисбатан 63 фоиз ёмонлашгани ана шундан далолат беради.
Бунга ушбу долзарб масалага панжа ортидан қаралаётгани сабабдир. Оқибатда Афғонистоннинг 19 та музофотида ўтган йилда жами 6400 тонна кўкнори ҳосили етиштирилиб, ўзига хос “рекорд” ўрнатилди. Рақамлар қай даражада катта дейсизми? 100 та вагони шифтигача героин тайёрлашда ишлатиладиган асосий хом ашё билан тўлдирилган темир йўли таркибини тасаввур қилинг. Бу миқдорни сайёрамиз аҳолисига бўлиб чиқсак, одам бошига қарийб бир граммдан ажал келтирувчи ана шундай “масаллиқ” тўғри келиши аён бўлади! Ваҳолонки, афғон диёрида 2013 йилда 17 “вагон” камроқ кўкнори опийси етиштирилганди.
Мазкур ажал карвонларининг катта қисми шимолга қараб йўл олаяпти. Самолёт бортидаги яширин нуқталарда, поезд юкхонасида, автомобилдаги асбоб-ускуна панелидаги хуфия жойларда, отларга юкланган хуржунларда олиб чиқилган гиёҳвандлик моддалари ҳар қадамда, ҳар километрда геометрик прогрессия тарзида қимматлашиб бораверади. БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси маълумотларига қараганда, агар афғон деҳқонлари экин майдонидан янги йиғиб олган кўкнори опийсининг бир килограммини 110-135 доллардан пулласа, охирги харидор (айтайлик, Европада) бу нархга фақатгина бир граммдан камроқ бўлган героин дозасини сотиб олади. Боз устига, синдикатлар, халқаро уюшган жиноятчилик гуруҳлари қўшимча фойда олиш учун оғуни турли мамлакатлар аҳолисига етказиб беришнинг янги йўлларини изламоқда ва ишлаб чиқмоқда.
Масалан, хориж ОАВнинг хабар беришича, охирги пайтларда Кавказ минтақаси давлатлари ва Украина тарафларга наркотрафик “шимолий — Қора денгиз йўналиши”да анча кучайган. Фақатгина ўтган йил январь ойида Арманистонда 900 килограммдан зиёд афғон героини ушланган. Орадан ярим йил ўтиб икки тонналик гиёҳвандлик воситасини тўхтатиб қолган Грузия ҳуқуқ-тартибот органлари бу борада “энг юқори натижа”ни кўрсатди. Заҳри қотилнинг катта оқими Украина чегараларига ҳам жадаллик билан интилаяпти. Ҳозирги кунда мавжуд “Болқон мамлакатлари — Шарқий ва Марказий Европа” йўналишидан ташқари наркокартеллар қўшимча янги “сўқмоқлар”дан фойдаланмоқда. Шунга кўра, героин Афғонистондан Покистонга, сўнгра Яқин Шарқ ва Африка орқали Европага етказилаяпти.

Пасайиш фақат “шимолий йўналиш”да кузатилаяпти
Наркомафия Марказий Осиё минтақаси бўйлаб ўтган “шимолий йўналиш”ни ҳам унутгани йўқ, албатта. Транспорт инфратузилмасининг ривожи, юк ташишнинг етарли даражада жадаллиги, шу билан бир қаторда, айрим республикалар чегараларидаги нозик нуқталар, қўриқланмайдиган, аросатдаги ҳудудлар мавжудлиги — минтақамизни, бизнинг мамлакатни наркотиклар хавф-хатаридан холи бўлмаган ҳудудга айлантираяпти.
Ўзбекистон учун наркотрафикнинг хуфиёна каналлари Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳисобланади. Юртимизда ўзларига нисбатан қатъий тўсқинлик кутаётганини билган жиноятчилар сарҳадларимизга тобора камроқ бурун суқмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази маълумотларига қараганда, ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳамжиҳатликдаги амалиётлари ва профилактик ишлари шарофати билан мамлакатимизда наркожиноятлар сони 2013 йилдаги 7680 тадан 2014 йилда 6698 тага камайган. Бу пасайиш 13 фоизни ташкил этди.
Юқоридаги рақамларда акс этган жиноятларнинг ҳар иккинчиси гиёҳвандлик моддаси сотиш билан, ҳар ўн биринчиси унинг контрабандаси билан боғлиқдир. Қидирув-тергов ишлари натижасида 2 тонна 298 килограмм оғу воситалари мусодара қилинди. Таққослаш учун келтириб ўтамиз: бундан қирқ йил олдин бутун дунёдаги божхона ва полиция ходимлари томонидан тўсиб қолинган наркотиклар ҳажми ушбу миқдордан кам эди. Кўриниб турибдики, бундан наркосавдогарларнинг нафси янада ҳакалак отмоқда.
Экспертларнинг қайд этишича, охирги йилларда “шимолий йўналиш”да героин етказиб бериш сезиларли даражада сусайган. Афғонистонда опиум ишлаб чиқариш анча ўсганини ҳисобга олсак, бундай кўрсаткич эътиборга лойиқдир. Мазкур муваффақиятлар, албатта, Ўзбекистон Давлат чегараларини қўриқлаш кучайтирилгани, назорат-ўтиш постларига энг замонавий сканерлар ва бошқа қурилмалар ўрнатилгани, ҳуқуқ-тартибот органларининг уюшган жиноятчиликка қарши мувофиқлаштирилган кураши, юк ва йўловчи ташиш тизимининг тартибга солингани ва ушбу офатни таг-томири билан қўпориб ташлаш йўлидаги кўплаб бошқа чора-тадбирлар самарасидир.

Жиноятга жазо муқаррар
Маълумки, ушбу офатга қарши курашда кунни-кун демай, тунни-тун демай ҳамюртларимизни фалокатли хатардан асраб келаётган ҳуқуқ-тартибот органларининг минглаб ходимлари меҳнати таҳсинга лойиқ. Уларнинг иши хавфли ва машаққатли, десак, муболаға эмас. Зотан, улар нарковоситачилар — қўлга тушганда оғир жазо кутаётганини билиб, умидсизликка тушадиган жиноятчиларга қарши курашадилар. Бундай тўқнашувларда қинғир йўлни танлаганлар ҳеч нарсани ўйламасдан қурол ишлатишгача бориши ҳам бор гап.
... Ўтган йили 18 февралда Афғонистон фуқароси Ш.З. бир йўла катта ҳажмдаги контрабанда товарини чегарамиздан олиб ўтишга уринди. У бунинг учун қаҳратон қиш тунида резина қайиқда Амударёни ҳеч кимга билдирмай сузиб ўтмоқчи бўлди. Бироқ ҳамиша сергак ўзбек чегарачилари наркокурьерни 64,635 килограмм героин билан ушлашди. Яна бир “меҳмон” қирғизистонлик 37 ёшли М.А. эса 2014 йил 8 сентябрда Наманган вилоятига қарийб 3,4 килограмм наша олиб ўтаётганида, тумшуғидан илинди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар маълумотларига кўра, ўтган йилда наркожиноят қилгани учун 100 нафар хорижлик қўлга олинган. Бу рўйхатда 17 та давлат — нафақат Тожикистон, Қозоғистон каби чегарачиларимиз учун одатий бўлиб қолган мамлакатлар, балки шу жиҳатдан “ноёб” бўлган Италия, Франция, Германия фуқаролари ҳам бор. Улардан 133 килограммдан ортиқ наркотик моддалар, бир ярим мингдан зиёд психотроп таблеткалар, 1600 литрдан кўпроқ прекурсорлар олиб қўйилган.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон чегара хизмати бошқа давлатлар учун ҳам бу борада қалқон бўлаяпти. Текширувлар натижасида юртимиз орқали транзит кўмагида ажал моддаларини ташиб кетишга уриниш ҳолатлари аниқланаётгани бунга мисолдир. Хусусан, ўтган йилнинг 19 декабрида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан Тожикистондан Литвага қараб йўлга чиққан ва республикамиз ҳудудидан ўтадиган поезд вагонларидан биридан 6,8 килограмм героин топилди.
Ўзгалар бахтсизлиги эвазига нафсини қондиришни истовчилар ҳамюртларимиз орасида ҳам учраб турибди. Бир йил олдин тезкор-қидирув фаолияти ходимлари томонидан Самарқанд вилоятида яшовчи 7 нафар шахсдан ташкил топган жиноий тўда Тожикистондан ўз ҳудудига 32,5 килограмм опий хом ашёсини олиб ўтишга уринаётгани аниқланиб, қўлга туширилди. Бир неча ой кейин Сурхондарё вилоятида шу ерлик бўлган Ш.Ж. машинасидаги катта миқдордаги оғу —  12 килограмм героин ва 10,2 килограмм тарёк билан ушланди. Олиб қўйилган наркотиклар йўқ қилинди. Жиноятчилар эса қонуннинг қатъий талаблари асосида ўз қилмишларига яраша жавоб берадилар.

Интернет — кураш майдони
Илмий-техник тараққиёт, афсуски, жиноятчилик оламига ҳам ёрдам бераётир. АКТнинг кенг тарқалиши туфайли наркосотувчилар фаолияти глобал тармоққа кириб бормоқда. Бу эса уларнинг фаолиятини сезиларли енгиллаштириб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ишини мураккаблаштирмоқда. Чунки тақиқланган моддалар савдогарлари катта устунлик — халқаро миқёсда қулоч ёзиш ва анонимлик имкониятига эга бўлаяпти.
БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг 2014 йилги маърузасида бу ҳақда сўз юритилиб, интернет орқали наркотиклар ва прекурсорларни тарқатиш миқёси янада катта қамров касб этаётгани ўта ташвиш билан тилга олинган. Ҳозирнинг ўзидаёқ синтетик чекиладиган аралашмаларнинг мутлақ катта қисми саналаётган “спайслар” веб-сайтлар орқали сотилаётир. Ахир бугун дунёнинг исталган жойидан туриб буюртмалар қабул қилиш, электрон тўловни амалга ошириш, ўрамларни жўнатиш мумкин. Наркотиклар олди-сотдисини “касб” қилганлар учун жуда қулай, оппа-осон шароит, шундай эмасми?
Кўпчилик “Silk Road” интернет-портали эгаси Р. Улбрихт устидан бўлиб ўтган шов-шувли тергов ва суд жараёнларини яхши эслайди. “Рейтер” ахборот агентлигининг ёзишича, сайт узоқ йиллар давомида ҳеч қандай тўсиқларсиз синтетик наркотик моддалар савдоси билан шуғулланиб, 1,2 миллиард доллар даромад кўрган. Улбрихт умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бироқ, оммавий ахборот воситаларида ёзилишича, бу шу каби минглаб сайтларнинг биттаси, холос.
Янги таҳдидлар ва хавф-хатарлар, жумладан, интернет воситасида наркожиноятчилик Ўзбекистоннинг ваколатли органлари диққат-эътиборида, кўз ўнгидадир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази маълумотларига кўра, бу борада аниқ мақсадли ишлар олиб борилаяпти. Наркотикларга қарши кураш бўйича ҳамкорлик дадил илгари сурилаяпти, қонунчилик тизими такомиллаштирилмоқда, кенг кўламли профилактика ва тарбия тадбирлари амалга оширилаётир. Бундай мутаносиб ёндашув бизга ўзбекистонликлар наркотикларнинг зарарли таъсиридан пухта ҳимояланган, деб ишонч ҳосил қилиш имконини беради.

С. МАХСУМОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn