Ижтимоий лойиҳалар хотин-қизлар тадбиркорлигини кенгайтиришда муҳим ўрин тутаяпти
  • 23 Июнь 2015

Ижтимоий лойиҳалар хотин-қизлар тадбиркорлигини кенгайтиришда муҳим ўрин тутаяпти

Мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришда жамоат, нодавлат нотижорат ҳамда халқаро ташкилотларнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалари ҳаётга самарали татбиқ этилмоқда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Европа Иттифоқининг дастури доирасида қатор халқаро ташкилотлар билан бирга амалга оширилаётган оилаларга даромад манбаларини яратишда ижтимоий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга доир лойиҳаси ана шулардан биридир. 
Пойтахтимизда мазкур лойиҳа якунига етгани муносабати билан халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат ҳамда халқаро ташкилотлар, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, юртимизда хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлашга зарур шарт-шароит яратилган. Бу борада қабул қилинган бир қатор қонунлар, муҳим давлат дастурлари опа-сингилларимизнинг жамиятда, оилада муносиб ўрин эгаллашларига, иқтидорларини рўёбга чиқаришга, бизнесга оид кўникмаларини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда иқтисодиётнинг турли тармоқларида банд бўлганларнинг 48 фоизини аёллар ташкил этаётгани, минглаб хотин-қизлар тадбиркорлик фаолиятини изчил йўлга қўйгани бунинг амалий ифодасидир.
— Оилаларга даромад манбаларини яратишда ижтимоий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга доир лойиҳа Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги 5 та маҳаллада татбиқ этилди, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси Г. Асқарова. — Унинг доирасида аёлларга тадбиркорлик асослари бўйича ўқув машғулотлар ўтказилди, бизнес-режа тузиш ва микрокредитлаш жараёнида амалий кўмак ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда маслаҳатлар берилди. Бунда 645 нафар хотин-қиз тадбиркорлик бўйича билимларини оширди, 125 нафарига бизнес билан шуғулланишлари учун амалий ёрдам кўрсатилди. Эътиборли томони, давлат идоралари, ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотларининг ижтимоий ҳамкорлиги лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилишида муҳим омил бўлди.
— Ушбу лойиҳанинг оиламиз фаровонлигини таъминлаш, даромад имкониятларимизни кенгайтиришдаги аҳамияти каттадир, — дейди сирдарёлик ёш тадбиркор З. Эргашева. — Унинг доирасида маҳалламизда ташкил этилган “Ахборот ойна”лари орқали тадбиркорлик асослари ва бизнесни режалаштириш бўйича ўқув машғулотларида қатнашдик. Соҳа мутахассисларидан зарур маслаҳатлар олдик, билим ва кўникмага эга бўлиб, ўз бизнес-режамизни туздик. Ташаббусимиз ҳудудимиздаги тижорат банки томонидан қўллаб-қувватланди. Айни чоғда иссиқхона ташкил этиб, сабзавот маҳсулотлари етиштираяпмиз. Мавжуд шарт-шароитлардан оқилона фойдаланганимиз натижасида оилам фаровон, орзуларимиз эса амалга ошмоқда. 
Анжуманда аёллар, хусусан, касб-ҳунар коллежларини битираётган қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, биргаликда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.


Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn