Солиқ тўловчиларга қулайлик
  • 23 Июнь 2015

Солиқ тўловчиларга қулайлик

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Марказий банк билан ҳамкорликда солиқ тўловчиларга янада енгиллик яратишга қаратилган янги лойиҳани ишга тушириш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Унга кўра, солиқ тўловчи юридик шахслар тез кунларда ўзларининг интернетдаги “Шахсий кабинет”лари орқали солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни онлайн шаклда тўлаш имкониятига эга бўлади.
Илғор хорижий мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда ишлаб чиқилган ушбу лойиҳа солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни банк муассасаларига бормасдан, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида масофадан туриб тўлаш имкониятини беради.
Тизимнинг афзаллиги шундаки, солиқ тўловчилар солиқ ҳисоботларини тайёрлаб, электрон шаклда жўнатганидан сўнг, ҳосил бўлган солиқ мажбурияти суммасини тўлашга ихтиёрий розилик бериши билан тўлов топшириқномаси автоматик равишда шаклланиб, солиқ тўловчининг хизмат қилувчи тижорат банкидаги ҳисоб рақамига ҳимояланган алоқа каналлари орқали етказилади.
Агар ҳисоб рақамда пул маблағлари етарли бўлса, шу заҳотиёқ тўлов амалга оширилиб, солиқ тўловчининг шахсий карточкасига қайд этилади ёки тўлов топшириқномаси 2-сонли картотекага олиниб, бу ҳақда тадбиркорлик субъектига электрон хабарнома юборилади.
Ушбу тизимдан солиқлар бўйича жорий тўловларни тўлашда ҳам фойдаланиш мумкин.
Яна бир муҳим томони, мазкур тизим ишга туширилиши билан ҳозирги кунда Солиқ кодексининг 59-моддаси талаби бузилиши натижасида хўжалик субъектлари мансабдор шахсларининг маъмурий жавобгарликлари кўриб чиқилишига сабаб бўлаётган ҳолатларнинг ҳам олди олинади.
Жорий йилнинг июль ойида тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган мазкур тизим ҳозирги вақтда тест-синовларидан ўтказилмоқда.
Ушбу хизматдан фойдаланиш бепул ва 24 соат узлуксиз ишлайди.


Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn