«Эртанги кун бизники — марра бизники!»
  • 23 Июнь 2015

«Эртанги кун бизники — марра бизники!»

Пойтахтимизда ана шу шиор остида “Талабалар фестивали” бўлиб ўтмоқда. Мамлакатимизда истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб Президентимиз раҳнамолигида замонавий билимларни пухта эгаллаган, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган.
Ёшларимизнинг айни пайтда муайян мутахассисликка эга бўлиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун ҳам кенг қамровли эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада мақсадли давлат дастурлари рўёбга чиқарилаётир.

Пировардида янгича дунёқарашга, қатъий ишонч ва эътиқодли, мустақил фикрлайдиган, Ватанимизнинг янада равнақ топиши учун муносиб ҳисса қўшишга интилаётган янги авлод мутахассислари жамиятга дадил кириб келмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларни ҳар томонлама ривожлантириш ва рағбатлантиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти.
Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги муносабати билан пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Эртанги кун бизники — марра бизники!” шиори остидаги “Талабалар фестивали” ҳам баркамол авлодни қўллаб-қувватлаш мақсадида уюштирилган хайрли чора-тадбирларнинг биридир.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши томонидан Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ҳамда Фанлар академияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларидан 500 нафардан зиёд талаба-ёшлар қатнашмоқда.
— Фестивални интиқлик билан кутамиз, — дейди “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ф. Муҳаммаджонова. — Зеро, бундан кўзланган мақсад, аввало, ёшлар ўртасида ўзаро илмий-ижодий ҳамкорлик муҳити, дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва илмий фаолият олиб боришда бир-бирига кўмаклашиши учун шарт-шароитлар яратиб беришдир. Айни пайтда уларни фан-техника тараққиёти йўлида бирлаштириш илмий-ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ташкилий, илмий-услубий ёрдам кўрсатиш, яратган янгилигини амалиётга татбиқ этишда кўмаклашишдан иборат.
Фестивалнинг биринчи куни мамлакатимизнинг Бош майдонидаги Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Юртбошимиз ташаббуси ҳамда ғояси асосида бу ерда қад ростлаган ҳар бир иншоот ёшларда катта таассурот қолдирди.
Шу куни Ёшлар ижод саройида тадбирнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унинг доирасида уюштирилган олий таълим муассасаларининг тақдимотида академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 800 нафарга яқин битирувчилари қатнашди.
Шуни алоҳида айтиш жоизки, фестиваль дастури ранг-баранг ва қизиқарлидир. Жумладан, унда “Ўзбекистонда баркамол авлодни тарбиялаш масалалари” мавзуида илмий-амалий конференция, “Uz” доменини ривожлантиришда ёшларнинг ўрни” мавзуида давра суҳбати, ёшларнинг давлат ҳокимияти органлари вакиллари билан учрашуви, иқтидорли ёшларда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга қаратилган “Мунозара” турнирининг республика босқичи ва бошқа тадбирлар ўтказилди. Шунингдек, иштирокчилар учун турли маданий тадбирлар, хусусан, Ўзбек Миллий академик драма театрида “Заминдан олис кетма” спектакли, “Шунқорлар” бадиий фильмининг намойиши ҳамда “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови, футбол-шоу концерт дастури ташкил этилди. Фестиваль давомида талаба-ёшларнинг Тошкент шаҳридаги диққатга сазовор жойларга саёҳати уюштирилмоқда. Бугун “Туркистон” саройида “Талабалар фестивали”нинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтади.


Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn