Огоҳлик масъулияти
  • 19 Июнь 2015

Огоҳлик масъулияти

Наркомания ва гиёҳвандлик моддалар савдоси муаммоси кимнидир ногирон қилса ёки ҳаётига зомин бўлса, бошқа биров шунинг ҳисобидан даромадга эга бўлади. БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда наркотик моддаларга муккасидан кетганлар сони 500 миллион нафардан ошади. Уларнинг кўпчилигини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этиши ачинарлидир.

Ҳар йили бундай оғу касридан 200 мингдан зиёд одам ҳаётдан кўз юмади. Боз устига, дунёда содир этилаётган жиноятларнинг 50 фоизидан кўпи гиёҳвандлик билан боғлиқдир.
Ушбу офат инсониятга қанча мусибатлар келтиргани, олдинда нималар кутилаётгани ҳақида тасаввур қилишнинг ўзи қийин. Жаҳон миқёсида унга қарши зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бинобарин, турли давлатларда ҳар йили 26 июнь — Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни сифатида кенг нишонланади. Мазкур сана БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1987 йилда таъсис этилган бўлиб, у башариятнинг наркотиклардан холи жамият қуриш йўлидаги фаолиятини кучайтириш рамзи ҳисобланади.
Юртимизда ҳам ушбу муаммога қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган. Жумладан, “Гиёҳвандлик  воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. Жаҳон божхона ташкилоти, Интерпол ва бошқа халқаро тузилмалар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Айни пайтда БМТ, ЕХҲТ, ЕИ, ШҲТ лойиҳаларини мувофиқлаштириш, мониторинг қилиш ва уларни амалга оширишни таъминлаш йўлида қатор ишлар бажарилаяпти. Имзоланган тегишли келишувлар асосида Марказий Осиё давлатлари, Россия, Италия, Германия, Франция, Болгария ва бошқа мамлакатларнинг тегишли идоралари билан наркотикларга оид вазият тўғрисидаги ахборот материалларини алмашиш таъминланаётир.
Таъкидлаш лозимки, республикамизда миллий аксилнаркотик стратегия истиқлолнинг илк даврларида шакллантирила бошланди. Хусусан, 1994 йилда Наркотик моддаларни назорат қилиш давлат комиссияси ва унинг ижро аппарати — Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази тузилди. 1995 йилда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва наркоманияга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияларига қўшилди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг аъзоси сифатида эса наркотик моддалар, психотроп воситалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот-мувофиқлаштириш маркази фаолиятида иштирок этиб келмоқда.
Шу ўринда мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар назорати бўйича ҳуқуқий база тўлиқ янгиланганига алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Айни чоғда аҳоли, айниқса, ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалиётга жорий этилди. Бундан ташқари, гиёҳвандлик моддаларига тобе бўлиб қолган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитацияси учун самарали тизим яратилди. Хусусан, Республика наркология маркази, диспансерлар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Психоактив моддаларни суиистеъмол қилиш соҳасидаги вазиятни мониторинг қилиш маркази тузилди.
— Оғу домига тушиб қолган инсон, аввало, соғлиғини, ўзлигини йўқотади, — дейди Халқ таълими вазирлиги маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи ўринбосари — бўлим бошлиғи Жамолиддин Камолов. — Ундаги қатъий фуқаролик позицияси, ирода ва аниқ ҳаётий қарашлар, масъулиятни ҳис қилиш туйғуси йўқолиб боради. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида юртимизда тарғибот-тушунтириш ишлари изчил давом эттирилаяпти. Жумладан, таълим муассасалари, маҳаллалар, ташкилотлар ҳамда корхоналарда ёшлар иштирокида ҳуқуқий мавзуларда, гиёҳвандлик моддаларининг фалокатли оқибатлари ҳақида учрашувлар, суҳбатлар ва бошқа тадбирлар ўтказилмоқда. Уларнинг орасида “Ёшлар — гиёҳвандлик моддаларига қарши!”, “Биз — соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!”, “Спорт — баркамоллик гарови”, “Ёш истеъдодлар — бизнинг ғуруримиз” каби шиорлар остида ташкил этилаётган кўплаб акциялар муҳим ўрин эгалламоқда. Шунингдек, вояга етмаганлар билан ишлаш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Ҳарбий-спорт соғломлаштириш оромгоҳлари, “Шунқорлар” ҳарбий-спорт ўйинлари, турли викториналар ва спорт турнирларини ўтказиш ҳам ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Зеро, улар ёш авлодда ватанпарварлик ва юртга садоқат фазилатларини шакллантириш, ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, спортга қизиқишни кучайтиришга хизмат қилаётир.
Ҳар йили 1 февралдан 1 мартгача эса ёшлар ўртасида психотроп ва гиёҳвандлик воситаларининг тарқатилишига қарши кураш ойлиги ўтказилмоқда. Унинг доирасида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари иштирокида ижтимоий муассасалар, меҳнат жамоалари, маҳаллаларда тушунтириш тадбирлари, профилактик суҳбатлар, маърузалар, давра суҳбатлари ўтказиш яхши анъанага айланган.
Шу билан бирга, наркомания ёйилишининг олдини олиш учун давлат идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, тиббиёт ва ўқув даргоҳлари мутахассислари, оммавий ахборот воситалари, маданият ҳамда санъат соҳаси вакиллари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш долзарбдир. Бунда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонуннинг аҳамияти беқиёс. Сабаби, унда белгилаб берилган механизмлар, тартиб ва таомиллар давлат органлари билан “учинчи сектор” ўртасидаги ҳамкорликни янада равнақ топтиришда катта ўрин тутади. Бу эса жамиятда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда чуқур қарор топтириш, ҳар томонлама етук авлодни улғайтириш, гиёҳвандликка қарши курашишга қаратилган дастурлар, чора-тадбирлар, лойиҳалар ижросини таъминлашда салмоқли роль ўйнаши, шубҳасиз.

Саиджон МАХСУМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn