Ўз айтар сўзимиз бор
  • 19 Июнь 2015

Ўз айтар сўзимиз бор

Тадбиркорлик фаолиятини ўн икки йил аввал кичик тикув цехи ташкил этишдан бошлагандик. Сўнгра йил сайин ишлаб чиқаришни кенгайтириб бордик. Ҳисоблаб кўрсам, шу давр мобайнида корхонамизни ривожлантириш мақсадида олти марта кредит олибмиз.

Ана шу молиявий кўмак туфайли ўнлаб турдаги тикувчилик маҳсулотлари ва қурилиш материаллари тайёрлашни ўзлаштирдик. Қолаверса, ўқув маркази ҳам ташкил қилдик. Яқинда корхонамизга яна 31,5 миллион сўмлик кредит ажратилди. Бу маблағга янги тикув машиналари харид қиламиз. Шунингдек, куни кеча “Гўзаллик салони”мизнинг пойдеворини қуриб битказдик. Қисқаси, ҳали қиладиган ишларимиз кўп.     
Қувонарлиси, биз, тадбиркорлар энди нафақат иқтисодиётда, балки жамиятда ҳам муносиб ўринга эгамиз. Жумладан, ўзим шаҳар Кенгаши депутатиман. Мана шу эмасми истиқлол берган имкон? Шу эмасми ўзбек аёли қадр-қимматининг юксалгани?!
...Қайси куни корхонамизга бир қишлоқдан отахон келди. Ҳовлисига йўлак қопламалари олмоқчи экан. Меҳмонни ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотларимиз билан таништирдим. Бир пиёла чой устида “Аёл киши бўлиб, шунча ишни йўлга қўйиб олибсиз-а, баракалла, қизим”, дедилар. Мен у кишига буларнинг барчасига давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлар туфайли эришганимизни айтдим. “Гапинг рост. Мустақиллигимиз гўёки беркилиб ётган улкан булоқ кўзини очиб юборди, халқимизнинг қўли гуллигини дунёга кўрсатди. Аввал бундай ишлар қайда эди, болам”, деб отахон юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги янада юксалишини тилаб, дуо қилдилар.
Яқинда набира келинини кўркам ҳовлига тушириш орзусида юрган бу кишининг ғайратига ҳавасим келди. Ўз навбатида, одамларнинг ана шундай эзгу тилакларини рўёбга чиқаришга ҳисса қўшаётган минг-минглаб юртдошларим орасида борлигимдан фахрландим.

Эркиной МАМАЖОНОВА,
Янгиер шаҳридаги «Бекажон Ян» хусусий корхонаси раҳбари,
«Шуҳрат» медали соҳибаси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn