Обод уйнинг файзу баракаси
Версия для печати
  • 19 Июнь 2015

Обод уйнинг файзу баракаси

Халқимиз уйим-жойим, болам-чақам, деб яшайди. Ишдан уйга келганимизда хонадонимиз яшнаб турса, саришта бўлса, чарчоқлар бир зумда унутилади. Ўтган кунимиздан рози бўлиб, эртанги кунни ёруғ юз, хушкайфият билан қарши оламиз.

Бир пайтлар шундай имкониятлар бормиди? Ёши улуғлар кўп гапиришади: қишлоқларда уйлар пахсадан, гуваладан тикланиб, усти ҳар йили лойсувоқ қилинган экан. Битта ҳовлида тўрт-беш оила тиқилиб яшагани-чи? Шароит чиндан ҳам оғир бўлганини тасаввур қилиш мумкин.
Ҳозир-чи? Данғиллама иморатлар, намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган хонадонларни кўриб, кўзингиз қувнайди. Бири-биридан кўркам, ҳашаматли. Яна шундай шинам уйларни одамларимиз қўлини совуқ сувга урмасдан, тайёр ҳолда олишаяпти. Мустаҳкам, бир неча авлод роҳат-фароғатда яшайди ўзиям. Шундай кунларни кўрганимиз — бахтимиз.
Биз ҳам оиламиз билан яқинда туманимиздаги Узункўл мавзесида қурилган ана шундай тураржойлардан бирига кўчиб кирдик. Хоналари кенг ва ёруғ. Иссиқ сув, совуқ сув — барчаси муҳайё. Қувончдан бошимиз кўкка етди. Айниқса, турмуш ўртоғимнинг хурсандлигини айтмайсизми?! Шароитлар унга жуда маъқул келди. Қолаверса, у ишлайдиган мактаб ҳам уйимизнинг ёнгинасида. Икки ўғлимиз намунавий иморатларимизга муносиб қурилган боғчага боришади.
Ҳозир бундай обод ва файзли мавзеларни кўриб, қишлоқни шаҳардан фарқлаш қийин. Энг олис овулларда ҳам маҳаллий иқлим шароитидан келиб чиқиб, барпо этилаётган тураржойлар одамларимиз турмуш фаровонлиги юксалишига хизмат қилмоқда. Юртимиз кўркига янада кўрк қўшмоқда.  

Илҳом БАБАНИЯЗОВ,
ёш оила соҳиби.
Нукус тумани

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn