Эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи
  • 18 Июнь 2015

Эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи

Тинч ва осойишта юртда, яхши ният, эзгу амаллар оғушида яшашга нима етсин?! Бахтимиз шундаки, биз ана шундай хотиржамлик ҳукмрон мамлакатда яшаймиз. Буни ҳар биримиз теран англамоғимиз, қадрламоғимиз лозим. Зеро, осудалик бор жойда ҳар соҳада тараққиёт ва ривожланиш бўлади.

Бинобарин, мустақиллик туфайли Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида улкан ислоҳотлар олиб борилмоқда, ҳар қадамда ўзгаришу янгиланишларни кўриб, кўзимиз қувнамоқда. Фарзандларимизнинг келажагидан кўнглимиз тўқ. Шу боис мамнуният билан айтамизки, истиқлол халқимиз учун чексиз имкониятлар эшигини очиб берди. Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 16 июнда қабул қилинган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ҳам жонажон диёримизда инсон ва унинг манфаатлари устувор эканлигига яна бир далилдир.
Мазкур ҳужжатда қутлуғ ой давомида халқимизга хос эзгу фазилатлар — ўзаро меҳр-оқибат, саховат, мурувватлиликни кенг тарғиб этиш, азалий қадриятларимизни эъзозлаш, азиз авлиёларнинг муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларини янада ободонлаштиришга алоҳида урғу берилган. Дарҳақиқат, муборак Рамазон ойида ташкил этиладиган турли маросимларда элимизнинг янада бахтли, дастурхонларимизнинг бундан-да баракотли бўлиши ҳар биримизнинг эзгу ниятларимиз ва саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ эканлигини эсга олиб турсак, ушбу қарорнинг аҳамияти ниҳоятда беқиёслигини англаб етамиз.
Яхшиликнинг мукофоти ҳам фақат яхшилик бўлиб қайтади. Шу маънода, мана шу муаззам кунларда ўзгалар кўмагига муҳтож юртдошларимизга кўрсатиладиган мурувватнинг савоби ҳам каттадир. Зотан, қарорда таъкидланганидек, ушбу қутлуғ ойда эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёши улуғ инсонларга ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилади.
Шуни беҳад фахр билан таъкидлашимиз лозимки, юртимиз мустақиллиги йилдан-йилга мустаҳкамланиб, Ўзбекистонимиз халқаро миқёсда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, халқимиз турмуш даражаси, эл-юрт фаровонлиги янада равнақ топмоқда. Айниқса, Юртбошимиз ташаббуси билан мусулмонларнинг диний маросимларини, ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун лозим бўлган барча шарт-шароит яратиб берилмоқда.
Тарихий меросимиз қайта тикланди, инсоний қадриятларимизнинг асосини ташкил этган Ислом дини таълимотларидан элимиз яна баҳраманд бўла бошлади.
Истиқлол неъмати боис, юртимизнинг ҳар бир гўшаси кундан-кунга янгича чирой очмоқда. Айниқса, пойтахтимизда қад ростлаётган замонавий иншоотлар, кўприклар мамлакатимиз гўзаллигига янада файз бахш этмоқда. Шунинг баробарида, кўҳна Минор мавзесида муҳташам масжиднинг фойдаланишга топширилгани ҳам эл-улуснинг қувончига қувонч қўшди.
Буларнинг барчаси муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган оқилона сиёсат мевасидир. Бунинг учун Истиқлолни қадрламоғимиз айни муддаодир. Алҳол, мустақиллик халқимизга эркинлик ва озод ҳаётни берган, инсоний шаънимиз, миллий онгимиз, қадр-қимматимизни тиклаб, барчамизга ўзлигимизни англаш туйғусини, тилимиз, муқаддас динимизни, қадрият ва урф-одатларимизни қайтариб берган, Ватанимиз тарихида ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган буюк неъматдир.
Шундай экан, улуғ кунларда ният қиламизки, Аллоҳ таоло юртимиз фаровонлигини зиёда қилсин, тинчлигимиз барқарор бўлсин. Истиқлолимизнинг нурафшон ёғдуси қалбларимизни мунаввар айлайверсин.

Шайх Абдулазиз МАНСУР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn