Ўзбекистон ёшлари: Баркамол ва ташаббускор
  • 18 Июнь 2015

Ўзбекистон ёшлари: Баркамол ва ташаббускор

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан Ўзбекистон ёшларининг ҳаётий қадриятлари, ахлоқи, маданиятига оид социологик сўров ўтказилди. Сўров давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилди.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, таълим мамлакатимиз ёшлари учун жуда долзарб аҳамиятга эга қадрият ҳисобланади. Масалан, 2010 ва 2011 йилларда ўтказилган тадқиқотларда навқирон авлоднинг учдан бир қисми, 2012 йилда эса ҳар икки нафаридан бири (57,2 фоизи) олий маълумотли бўлиш истагини билдирган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 73 фоизга етди.
Респондентларнинг қайд этишича, диёримиз йигит-қизлари хориж тилларини ўрганишга катта эътибор қаратмоқдалар. Уларнинг фикрича, Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада катта ўрин тутади.
Айни пайтда компьютерни сўров иштирокчиларининг ҳар тўрт нафаридан бири эркин, ҳар учинчиси эса дастурий фойдаланувчи даражасида бошқара олади.
Ёш авлод вакиллари ўзларида маънавий-ахлоқий фазилатларни юксалтиришда оила, таълим муассасалари, маҳалла, оммавий ахборот воситалари муҳим роль ўйнашини қайд этишган. Улар оилани ёшларнинг ҳар томонлама етук бўлиб вояга етишида асосий тарбия маскани, деб биладилар. Сўров иштирокчилари аксариятининг фикрича, оила маънавий-ахлоқий баркамолликка эришишда етакчи ўрин тутади.
Ўрганиш натижаларига кўра, спорт ёшларимиз бўш вақтини мазмунли ўтказишнинг асосий турига айланган. Бу Юртбошимиз бошчилигида амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати самарасидир. Йигит-қизларнинг 80 фоизидан зиёди спорт турлари билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Кўриниб турибдики, ёш авлод ўртасида спорт тобора оммавийлашиб бораётир.
Социологик тадқиқот давомида ёшлар онги ва тафаккури сезиларли даражада ўсгани намоён бўлди. Бу уларда дунёқараш кенгайиб бораётгани, юртпарварлик, Ватанидан фахрланиш ва унга содиқлик туйғуси юксалаётганидан далолатдир.
Ёшларимизнинг 94,3 фоизи истиқлол йилларида навқирон авлод вакилларида ватанпарварлик туйғуси мустаҳкамланганини эътироф этди. Уларнинг фикрича, ушбу фазилат Ватанга муҳаббат ва садоқат, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, буюк келажаги учун курашиш ўз халқининг тарихи, маданияти ва урф-одатларини билиш ҳамда ҳурмат қилишда намоён бўлади.
Ўзбекистон ёшларининг ҳаётий қадриятлари, ахлоқи ва кайфиятидаги ўзгаришларни кўп йиллар давомида ўрганиш шуни кўрсатдики, истиқлол йилларида йигит-қизларимиз онги ҳамда қалбида фаол ҳаётий позиция, мустақиллик, мақсадга интилувчанлик, дахлдорлик каби устувор қадриятлар шаклланди. Бу уларнинг миллий ўзликни англаши ва барқарор ижобий фуқаролик кайфиятида ҳам ўз аксини топмоқда.

«Ижтимоий фикр» маркази материаллари асосида
С. ҚОСИМЖОНОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn