Хотин-қизлар имкониятлари ижтимоий шериклик асосида кенгаймоқда
Версия для печати
  • 17 Июнь 2015

Хотин-қизлар имкониятлари ижтимоий шериклик асосида кенгаймоқда

Ижтимоий шериклик — фуқаролик жамияти институтлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамкорлигининг ижтимоий-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ҳамда ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, ижтимоий долзарб масалаларни ҳал этишдаги ўзаро муносабатларнинг муҳим жиҳатидир.

Жорий йилнинг 1 январидан кучга кирган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бугунги кунда ҳаётимизнинг барча жабҳасига кенг татбиқ этилиб, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Чунончи, унда аҳоли бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, фуқаролар соғлиғини муҳофаза этиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук қилиб тарбиялаш ва касб-ҳунарга йўналтириш, оналик ва болаликни, шунингдек, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий ҳаётида тўлақонли иштирок этишини таъминлашга оид қатор нормалар акс этган бўлиб, буларнинг ҳаммаси ижтимоий шериклик асосида изчил бажарилаётир.
Бу борада Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳам йирик жамоат ташкилоти сифатида фаол иш олиб бормоқда. Айни кунларда қўмита томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар, турли тадбирлар ва ижрога йўналтирилган дастурлар ўз самараларини бераётир. Хусусан, маҳаллаларда “Оилага кириш”, “Саломатлик”, “Таълим ва тарбия”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси”, “Бандлик” секторлари фаолиятининг йўлга қўйилгани аҳоли, айниқса, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.  ҚВП ҳамда оилавий поликлиникаларда ҳомиладор аёллар, болалар ва ўқувчи-ёшлар учун махсус ҳафта кунлари белгиланган ва бу мазкур бирламчи тиббий муассасаларнинг аҳоли ўртасида тиббий маданиятни тарғиб этиш, шифокор ва ҳамшираларнинг оилалар билан ишлашдаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилаяпти.
— Фаолиятимизнинг устувор йўналишлари ижтимоий шериклик муносабатлари асосига қурилган, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маруфова. — Мисол учун, ўтган даврда қўмита томонидан қатор ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизларда тадбиркорлик кўникмасини ривожлантириш, касб-ҳунар коллежларини тамомлаган қизларни ишга жойлаштириш, уларнинг бизнес-лойиҳаларини рўёбга чиқариш мақсадида туркум семинарлар ўтказилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудида Битирувчиларни иш билан таъминлашга кўмаклашувчи штаблар ташкил этилди. Мазкур штабларга бириктирилган мутахассислар мустақил ҳаётга йўлланма олаётган ёшларнинг бандлигини таъминлаш билан бир қаторда, уларни узлуксиз таълим билан тўлиқ қамраб олишга кўмаклашмоқда. Ташкилот томонидан ёшлар, айниқса, ўсмир қизларни тўғри тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгида Ватанга муҳаббат, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаш, қисқача айтганда, навқирон авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ижтимоий лойиҳалар мазмун-моҳияти ва аҳамиятига кўра долзарбдир.
Шу ўринда ёш оилалар билан ишлаш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, билим масканларида ўқув-тарбия жараёнини янада яхшилаш, оила, эрта никоҳ муносабатларини тартибга солишда хотин-қизлар бошланғич ташкилотларининг ҳиссаси катта бўлаётганини қайд этиш жоиз.
— Аёллар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, турли ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш доимий диққат-эътиборимиздаги масала ҳисобланади, — дейди  Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. — Вилоятимиздаги 868 та маҳаллада бешта муҳим йўналиш асосида тизимли ишлар олиб борилаяпти. Оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, кўчалар, маҳаллалар, хонадонларимизни ободонлаштириш, қизларни касб-ҳунарга, спортга кенг жалб этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Айни пайтда ўқув муассасалари қошида, маҳаллаларда ташкил этилган “Ораста қизлар”, “Ораста қизлар давраси” тўгараклари қизлар тарбиясида, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этаётир. Бундан ташқари, ҳудудимизда Аёллар ижтимоий мослашув маркази фаолият кўрсатмоқда. Эътиборли томони, бугун барча эзгу саъй-ҳаракат, мақсадларимиз ижтимоий шериклик муносабатлари асосида амалга оширилаётгани кўзланган натижаларни бермоқда. 
Қўмита томонидан айни чоғда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар, яъни ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, фахрий аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт йўлини ёшларга ибрат қилиб кўрсатишга катта эътибор қаратилаяпти.
— “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун хотин-қизлар қўмиталарининг давлат идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорликдаги ишларини самарали ташкил этишда муҳим омил бўлмоқда, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси нодавлат нотижорат ташкилотлари гуруҳи раҳбари Дилбар Алимжанова. — Ўтган ҳафтада қўмита ташаббуси билан ўтказилган давра суҳбатида ушбу соҳада олиб борилаётган ишлар қизғин муҳокама қилинди. Қайд этиш жоизки, ижтимоий шериклик муносабатларининг нафақат йирик жамоат ташкилотлари, балки ташаббускор ННТ ўртасида мустаҳкам ўрнатилиши аёллар турмуш даражасини янада яхшилаш, оилалар билан ишлашга зарур шарт-шароитларни яратади. Бинобарин, ҳозирги вақтда 530 дан зиёд ННТ аёллар ҳаётининг янада яхшиланишига, оила иқтисодининг юксалишига ҳисса қўшмоқда.
Мухтасар айтганда, юқоридаги Қонун ижросининг оғишмай таъминланиши  давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, айниқса, хотин-қизлар саломатлигини асраш, имкониятларини рўёбга чиқариш, ёш авлодни баркамол этиб вояга етказиш борасидаги ишлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. 

Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn