Таълим тараққиётининг муҳим босқичи
  • 17 Июнь 2015

Таълим тараққиётининг муҳим босқичи

Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ўқитиш сифати ва мазмунини янги поғонага кўтариш, малакали кадрлар тайёрлашнинг замонавий механизмини яратиш, ўқув дастурлари ва адабиётларини янгилашга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич, тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Бири-биридан кўркам, замонавий таълим муассасалари барпо этилиб, уларнинг моддий-техник базаси йилдан-йилга мустаҳкамланаяпти. Биргина 2014 йилда Давлат бюджетининг 34 фоизи айнан фан ва таълимни ривожлантиришга ажратилгани юртимизда мазкур соҳа тараққиётига берилаётган эътиборнинг ёрқин ифодасидир. 
Ўзбекистонда таълим тизимида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, эришилаётган натижалар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам алоҳида эътироф этилаётгани диққатга сазовор. Албатта, бунда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ қилинаётган “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва бошқа муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар дастуриламал бўлмоқда.
Бугунги кунда малакали профессор-ўқитувчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва тажрибасини ошириш, пировардида ёш авлодни ҳар томонлама етук қилиб тарбиялаш ҳаётий заруратдир. Шу маънода, Президентимизнинг 2015 йил 12 июнда қабул қилинган “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг касб даражасини ва малакасини муттасил ошириб бориш, уларни замонавий талабларга мувофиқ мунтазам қайта тайёрлашнинг янада такомиллаштирилган тизимини жорий қилишга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.
Фармонда, жумладан, профессор-ўқитувчиларнинг қонунчилик нормалари, назария, илмий ва амалий тадқиқотлар, технологик тараққиёт ва ўқитилаётган фанлар бўйича инновациялар, шунингдек, ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий услублари соҳасидаги сўнгги ютуқларни чуқур ўрганиш ўз ифодасини топди. Бу бежиз эмас. Авваламбор, ўқитувчининг ўзида қонун ҳужжатлари мазмуни юзасидан чуқур билимни шакллантириш ва бу орқали талаба-ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш лозим.
Айни тезкор замонда ривожланган давлатларда самарали қўлланилаётган ўқув жараёнини ташкил этишнинг илғор услублари ҳақидаги билим ва кўникма ҳам, ўз навбатида, талаба-ёшларнинг самарали билим олишларига кўмаклашади. 
Бундан ташқари, ўқитувчиларнинг глобал интернет тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда, замонавий инновацион педагогика, ахборот-коммуникация технологояларини эгаллаши ва уларни ўқув жараёнига фаол татбиқ этиши, олий ўқув юртлари педагог кадрларининг чет тилини амалий ўзлаштириш даражасини ошириши каби замонавий талаблар қўйилмоқда. Бу эса ўқитувчидан ҳам ўз устида мунтазам ишлашни талаб қилади. Айниқса, ўқитувчиларнинг амалий жиҳатдан чет тилларини билиши уларнинг ушбу соҳадаги халқаро илғор тажриба ва ютуқлардан хабардор бўлиш, самарали тажрибаларни таълим жараёнига татбиқ этишини таъминлайди.
Шунингдек, республикамиздаги 15 та етакчи олий ўқув юртининг олий таълим муассасалари раҳбар ва педагогик кадрларини қайта тайёрлашни ташкил этиш бўйича Таянч олий ўқув юртлари сифатида белгилангани, ўз навбатида, профессор-ўқитувчиларни юқори илмий ва амалий тажрибага эга бўлган олий ўқув юртларида малака ошириш, ижобий тажриба тўплашларига имкон беради.
Идоравий мансублигидан қатъи назар, мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари уч йилда камида бир марта доимий асосда икки ой давом этадиган Таянч олий ўқув юртлари курсларида қайта тайёрланиши ва малакасини ошириши шартлиги, курслар якунида тингловчилар аттестациядан ўтиши лозимлиги белгиланди. Бу билан ўқитувчиларга қабул қилинган янги қонунлар, таълим тизимидаги сўнгги янгиликлар, дунё давлатларидаги ижтимоий-сиёсий вазият кабилар билан ўз вақтида танишиш учун ишдан ажралган ҳолда ўрганишга шароит яратилади.   
Таъкидлаш жоизки, республикамизда турли соҳаларда, хусусан, вояга етмаганлар, одам савдоси, инсон ҳуқуқлари, ҳуқуқий тарғибот билан боғлиқ идоралараро комиссиялар ёхуд ишчи гуруҳлари томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар муайян соҳадаги муаммолар ечимини ўз вақтида топиш, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаш самарадорлигини таъминламоқда. Мамлакатимизда тўпланган ижобий тажрибадан келиб чиқиб, олий ўқув юртларининг раҳбар ва ўқитувчиларини қайта тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш жараёнларини мувофиқлаштириш учун доимий фаолият юритадиган Идоралараро комиссия ташкил этилиши ва унинг вазифалари кўрсатиб ўтилгани эътиборга молик.
Фармонда мазкур йўналишнинг ҳуқуқий асосини тасдиқлаш, ўқув-услубий ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш, унга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш вазифалари юклатилди. Бундан кўзланган мақсад олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни тизимли жарёнга айлантириш, қолаверса, профессор-ўқитувчиларни халқаро муносабатлар ва республикада амалга оширилаётган сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ислоҳотлар, режалаштирилаётган чора-тадбирлардан, таълим тараққиётининг сўнгги ютуқларидан ўз вақтида тўла хабардор бўлишига эришишдир.
Мухтасар айтганда, ахборот-коммуникация технологиялари жадал тараққий этиб бораётган, таълим муассасаларида машғулотларни замонавий стандартлар асосида олиб боришга талаб кучаяётган даврда юксак билимли ва интеллектуал ривожланган баркамол авлодни, салоҳиятли мутахассисларни тайёрлаш устувор вазифаларимиз сирасига киради. Бундай шарафли ишда, табиийки, юқори малакали, замонавий дунёқарашга эга раҳбар ва педагог кадрларнинг ўрни беқиёсдир.

Алишер ШАДМАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn