Аҳоли фаровонлиги ва экологик барқарорлик омили
  • 17 Июнь 2015

Аҳоли фаровонлиги ва экологик барқарорлик омили

Бугунги кунда дунёда экологик муаммолар тобора долзарб бўлиб бораяпти. Шу боис қатор нуфузли халқаро ташкилотлар, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жаҳон ҳамжамияти эътиборини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиат неъматларини асраб-авайлаш, улардан оқилона фойдаланиш йўлида ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга қаратиб келаяпти.

1994 йилдан буён анъанавий тарзда нишонланаётган 17 июнь — Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни бу борада муҳим аҳамиятга эга.
Маълумки, чўлланиш ва қурғоқчилик инсон омили ҳамда иқлим ўзгариши, хусусан, глобал исиш таъсирида дунёнинг барча минтақасида кузатилаётган ер деградацияси ҳодисасига сабаб бўлаяпти. Ўрмонларнинг беаёв кесилиши, суғориш ишларининг тўғри йўлга қўйилмагани унумдор ерларни яроқсиз ҳолатга келтирмоқда. Маълумотларга кўра, ушбу салбий жараён сайёрамиз аҳолисининг бешдан бир қисмига таҳдид солаётган бўлса, қуруқлик майдонининг учдан бир қисми саҳрога айланиш хавфи остида турибди. Сув, шамол эрозияси, тупроқда озуқа моддалари миқдорининг камайиши, шўрланиш, ифлосланиш, зичлашиш, ботқоқланиш, чўкиш жараёнлари таъсирида ҳар йили 7 млн. гектар экин майдонлари қишлоқ хўжалиги фойдаланувидан чиқиб кетмоқда. Ўз навбатида, бу каби экологик офат қурғоқчил иқлимли ўлкаларда экологик тизимларнинг бузилиши, улардаги органик ҳаётнинг барча шакллари ёмонлашуви, табиий-иқтисодий имкониятлар пасайиб кетишига олиб келаётир.
Табиатдаги мазкур салбий ҳолатнинг олдини олиш, бу борадаги ҳамкорликни кучайтириш мақсадида 1994 йилда БМТ томонидан чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича конвенция қабул қилинди. Ушбу ташкилот ер ресурсларининг экологик барқарорлик, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қашшоқликка қарши курашишдаги ўрнини инсониятга эслатиш мақсадида жорий йилга “Халқаро тупроқ йили” деб ном берди.
Мамлакатимизда юқоридаги каби экологик муаммоларнинг олдини олиш, ер ресурсларини асраб-авайлаш, унинг унумдорлигини ошириш, мелиоратив ҳолатини яхшилашга алоҳида аҳамият берилаяпти. Хусусан, Орол денгизи билан боғлиқ қалтис вазиятни юмшатишга дунё ҳамжамияти нигоҳи қаратилиб, амалий ишлар қилинаяпти. Бу бежиз эмас, албатта. Олимларнинг аниқлашича, Оролнинг қуриган ҳудудидан ҳар йили 100 млн. тонна атрофидаги туз ва бошқа минерал моддалар шамол орқали юзлаб километрларга тарқалмоқда. Шунинг ўзиёқ бу  фожиа бутун инсоният дардига айланганини кўрсатади.
Давлатимиз раҳбари томонидан нуфузли халқаро минбарлардан туриб Орол муаммоси оқибатларини бартараф этиш бўйича самарали чоралар кўриш муҳимлиги кўп бор таъкидлаб келинаяпти.  Хусусан, Президентимиз ушбу масалани илк бор 1993 йил 28 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида кўтариб чиққан бўлса, 2000 йил 8 сентябрь куни мазкур ташкилот Мингйиллик саммитида унинг Атроф-муҳит бўйича дастури шафелигида Орол денгизи ва Оролбўйи муаммолари бўйича кенгашни ташкил қилиш ташаббусини илгари сурди. Шунга уйғун тарзда мустақилликка эришгач, Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасини тузиш ташаббускорларидан бирига айланди.
Айни чоғда Оролбўйи минтақаси экологиясини яхшилаш, экологик бўҳрон оқибатларини юмшатиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар изчил олиб борилаяпти. Яъни табиий ресурслардан фойдаланишни тартибга соладиган ва табиатни муҳофаза этиш самарадорлигини оширишга қаратилган қатор қонунлар қабул қилинди. Республикамиз соҳадаги асосий халқаро ҳужжатлар, чунончи, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича, трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни ҳимоя қилиш ва улардан фойдаланишга оид конвенцияларга қўшилди. Қолаверса, сув ресурслари тақчиллиги ва чўлланиш муаммоларини ҳал этиш, обиҳаётдан тежамкорлик билан фойдаланиш, ерларнинг шўрланиши ва емирилишига қарши курашиш, аҳолининг ичимлик сувидан фойдаланишини яхшилаш давлатимизнинг доимий диққат-эътиборида.
Пировардида Орол инқирози таъсир кўрсатган ҳудудларнинг ўзида 740 минг гектар, денгизнинг қуриган тубида 310 минг гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этилди. Булардан ташқари, ўтган даврда 1 миллион 700 минг гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Бу жами экин экиладиган майдонларнинг ярмидан зиёди ҳисобланади. Ана шундай ишлар натижасида сизот сувлари энг оғир даражада, яъни 2 метргача юзада жойлашган ерлар қарийб 500 минг гектарга ёки учдан бирига камайди, кучли ва ўртача шўрланган ерлар эса 100 минг гектарга ёки 12 фоизга қисқарди. Мелиорация тадбирлари амалга оширилган экин майдонларида пахта ҳосилдорлиги гектарига ўртача 2-3 центнер, бошоқли дон экинлари эса 3-4 центнерга ошди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, хусусан, унинг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмиталари аъзолари ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга ўзини масъул ҳамда дахлдор деб билади. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, соҳага оид қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш, уларнинг сўзсиз ижроси устидан қатъий парламент ва жамоатчилик экологик назоратини олиб бориш йўлида аниқ мақсадли чора-тадбирлар кўрилади. Жумладан, жорий йилда Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Давлат дастурининг бажарилиши назорат-таҳлил тартибида ўрганилиб, унинг натижалари таҳлил қилинади ҳамда зарур таклиф, тавсиялар ишлаб чиқилади.
Зотан, юқорида айтиб ўтганимиздек, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш чўлланиш ва қурғоқчиликнинг олдини олиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, мўл ҳосил етиштириш, экологик барқарорликни таъминлашнинг асосий омилларидан биридир.

Даврон ТАНГИРОВ,
Собит ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn