Билимдонлар баҳси
  • 17 Июнь 2015

Билимдонлар баҳси

Пойтахтимизда “Билимлар беллашуви — 2015” кўрик-танловининг мамлакат босқичи бошланди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан иқтидорли ўқувчилар иштирок этмоқда.

Танлов олдидан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У. Иноятов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ёшларни чуқур билимли ва юксак маънавиятли инсонлар этиб вояга етказишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлашди. Анъанавий “Билимлар беллашуви” илмий ва ижодий салоҳияти билан тенгдошларига ибрат бўлаётган ўғил-қизларни аниқлаш ҳамда рағбатлантириш қаторида, давлат таълим стандартларида белгиланган талабларнинг жойлардаги ижросини атрофлича ўрганиш, таҳлил этиш, умумтаълим мактаблари ва ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари фаолиятига холисона баҳо бериш каби мақсадларга йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
— Бу йилги “Билимлар беллашуви”да умумтаълим мактабларининг 5 — 8-синф ўқувчилари 17 фан бўйича ўз билим ва иқтидорини синовдан ўтказаяпти, — дейди Халқ таълими вазирлиги масъул ходими Б. Шайвалиев. — Танловнинг қуйи босқичида 2,1 миллион нафарга яқин ўқувчилар иштирок этгани унинг қамрови нақадар кенглигидан далолат беради. Кучли рақобат муҳитида сараланган 520 нафар ўқувчи якуний босқичда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
“Билимлар беллашуви — 2015”нинг республика босқичи дастлаб аниқ, табиий ва ижтимоий фанлар йўналишида ўтказилмоқда. Филология фанлари (ўзбек тили ва адабиёт, инглиз, француз, немис ва рус тиллари) йўналиши бўйича беллашувлар шу йилнинг 29 — 30 июнь кунлари бўлиб ўтади. Синов жараёнига ёзма иш, лаборатория машғулотлари, хорижий тиллар бўйича ёзма ва оғзаки мулоқот кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган назорат турлари киритилган.
— Танловда иқтисодий билим асослари фани бўйича қатнашаяпман, — дейди Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги 8-мактаб ўқувчиси Озода Абдумажидова. — Мақсадим совриндорлар сафидан жой олишдир. Келгусида эса иқтисод фани бўйича зўр мутахассис бўлиб етишмоқчиман. 
Билимлар беллашувида юқори натижага эришган ўқувчи-ёшлар Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Қуёшли” интеллектуал-ривожлантириш оромгоҳида ҳордиқ чиқариш имкониятига эга бўлади. Улар учун моҳир педагоглар, профессор-ўқитувчилар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида фан, шеърият кечалари, маҳорат сабоқлари, викторина ҳамда мусобақалар ташкил қилинади.


Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn