Таътил завқи
  • 17 Июнь 2015

Таътил завқи

Юртимизнинг энг сўлим гўшаларидан бири — Бўстонлиқ туманининг Қизилсув қишлоғида “Меҳрибонлик” болалар соғломлаштириш оромгоҳи ўз фаолиятини бошлади.
Мамлакатимизда навқирон авлод тарбиясига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, уларнинг баркамол инсонлар бўлиб вояга етишлари учун барча шарт-шароит яратиб берилаяпти. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга  муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, ҳаётда муносиб ўринларини топишига кўмаклашиш ҳам доимий эътиборда. Бинобарин, “Меҳрибонлик” оромгоҳининг ташкил этилиши ҳам ана шундай хайрли ишларнинг узвий давомидир.

Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги  мазкур оромгоҳда мавсум давомида Бухоро, Навоий, Самарқанд, Хоразм, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридаги Меҳрибонлик уйлари, қолаверса,  Андижон ҳамда Гулистондаги Болалар шаҳарчаларидан жами 1040 нафар тарбияланувчининг соғломлаштирилиши режалаштирилган.  Шу мақсадда бу ерда кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Жумладан, 277 ўринли ётоқxона, 200 ўринли ошxона, маънавият ва маърифат, тиббиёт, тўгарак xоналари, спорт майдончалари, чўмилиш ҳавзаси, болалар айвончалари, амфитеатр, компьютер синфлари мавсумга тахт қилиб қўйилди. 
Тарбияланувчиларнинг вақтини янада самарали ўтказиш мақсадида Республика болалар кутубхонаси ҳамкорлигида 5 мингдан зиёд адабиётларни жамлаган кутубхона ҳам тайёрланди. Қолаверса, зиё масканининг даврий нашрлар билан мунтазам таъминланиши белгилаб қўйилган.
Мавсум давомида болаларнинг қизиқишлари ҳисобга олинган ҳолда бадиий, техник ижодиёт, ўлкашунослик ва экология йўналишидаги 6 та, шунингдек, инглиз тили ҳамда компьютер саводхонлиги тўгараклари ҳам фаолият кўрсатади.
Дам олувчилар учун мавсум давомида турли интеллектуал ўйинлар, кўрик-танловлар, викториналар, спорт мусобақалари ўтказилади. Бунинг учун “Меҳрибонлик”да барча шароит муҳайё. Шунингдек, улар болалар шоирлари, маданият ва санъат арбоблари иштирокида ташкил этиладиган учрашувлар, давра суҳбатлари, ижодий-бадиий кечаларда ҳам қатнашиш имкониятига эга бўлади.


Абдували ҚУРБОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn