Истеъдодли, интилувчан ва ташаббускор
  • 16 Июнь 2015

Истеъдодли, интилувчан ва ташаббускор

Пойтахтимизда “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида фестиваль бўлиб ўтди. Айни кунларда мамлакатимиз ҳудудларида Мустақиллигимизнинг йигирма тўрт йиллигини муносиб кутиб олишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Бу борада “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши ташаббуси билан қатор вазирлик ҳамда идоралар ҳамкорлигида ўтказилаётган “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги ёшлар фестивали ҳам энг улуғ ва энг азиз байрамни муносиб қаршилашда ёш авлод вакилларининг ўзига хос лойиҳасига айланди.
Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройининг ёзги саҳнасида мазкур фестивалнинг якуний тадбирлари бўлиб ўтди. Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, “Камолот” ЁИҲ фаоллари, санъаткорлар, ўқувчи-ёшлар қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ф. Муҳамаджонова, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ш. Турдиқулов ва бошқалар мамлакатимизда истиқлолнинг илк йиллариданоқ ёш авлоднинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб вояга етишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтидор ҳамда истеъдодини рўёбга чиқариш, қалбида она-Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини шакллантириш каби эзгу мақсадларга давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратиб келинаётганлигини таъкидладилар.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда жорий йилги ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтирмоқда.
— Мазкур фестиваль мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни ёшларга ҳаётий ва аниқ мисоллар орқали тушунтириш, давлатимиз томонидан йигит-қизларга яратиб берилаётган имконият, шарт-шароитлардан самарали фойдаланишларига кўмаклашиш, иқтидорли ёшларнинг қобилиятини юзага чиқаришда муҳим аҳамиятга эга, — дейди “Камолот” ЁИҲ Тошкент шаҳар Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи М. Зуфаров. — Уч кун давом этган фестиваль доирасида мактаблар, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларда “Биз — соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!” лойиҳаси асосида спорт мусобақалари, “Камолот” кубоги” баҳслари, “Сиз севган қаҳрамонлар” мавзуида таниқли ижодкорлар, эстрада хонандалари билан учрашувлар, “Одам савдоси — давр муаммоси”, “Депутат ва ёшлар” лойиҳалари асосида турли маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Ёшларга Президентимиз асарларининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган “Президентимиз асарлари билимдони” лойиҳаси, “Замонамиз қаҳрамонлари” мавзуида Ўзбекистон Қаҳрамонлари ва меҳнат фахрийлари, халқаро миқёсда улкан ютуқларни қўлга киритган ёшлар билан учрашувлар, ёш тадбиркорлар маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. “Нуронийлар эъзозимизда” лойиҳасида эса ёшлар гуруҳлари томонидан уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиниб, уй юмушларига кўмаклашилди.
Фестивалда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида тузилган тарғиботчилар гуруҳлари томонидан ўндан зиёд лойиҳалар доирасида ўтказилган тарғибот тадбирларида пойтахтдаги 30 мингдан зиёд ёшлар қамраб олингани алоҳида аҳамиятга эга.
“Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” фестивали санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан ниҳоясига етди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Юксак ҳуқуқий маданият ифодаси Таътил завқи »