Юксак ҳуқуқий маданият ифодаси
  • 16 Июнь 2015

Юксак ҳуқуқий маданият ифодаси

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан республикамизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларига нисбатан ҳамюртларимиз фикрини ўрганишга бағишланган социологик тадқиқот ўтказилди.

Сўровда турли ёш ва касб, миллат ва эътиқод, маълумот эгалари иштирок этди. У фуқароларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларидан хабардорлик даражасини аниқлаш, соҳадаги чора-тадбирлар, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятига баҳо бериш мақсадида ўтказилди.
Дарҳақиқат, мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич демократлаштириш ва либераллаштириш ҳуқуқий давлат барпо этишнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Фуқаролик жамияти асосларини яратиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари муҳофазасини таъминлаш ушбу жабҳани ислоҳ қилишнинг асосий вазифалари қаторидан жой олди.
Таҳлилларга кўра, аҳолининг мутлақ катта қисми бу борадаги чора-тадбирларнинг мақсади, мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етарлича тушунади. Улар жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга қаратилган мазкур ўзгаришларни тўла қўллаб-қувватлайди. Респондентларнинг 95,5 фоизи суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш давр талаби, демократлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим шарти, деб билади.
Тадқиқот натижалари Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар самарали рўёбга чиқарилаётгани, унинг ҳаётий натижалари кўзга яққол ташланаётганидан далолат бериб турибди. Булар қонунчиликни такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва қонунга итоаткорлиги туйғуси ўсгани, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти, хавфсиз ҳаёт тарзини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи ҳамда бошқа кўплаб йўналишларда яққол намоён бўлаяпти.
Фуқароларнинг аксарияти (96,8 фоизи) Ўзбекистонда 2008 йил 1 январдан бошлаб ўлим жазоси бекор қилингани, “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳаси кенгайтирилганини, илгаридагидек, тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Зеро, бу эзгу саъй-ҳаракатлар мамлакатда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш ва унга инсонпарварлик фазилатларини кенг татбиқ этиш йўлидаги ислоҳотлар изчиллиги, шахс ҳуқуқи ва эркинлиги дахлсизлиги тамойилига риоя этилаётганининг ёрқин тасдиғидир.     
Аҳоли ўртасида “ҳуқуқий демократик давлатда яшаётган инсон муайян ҳуқуқий билимлар ва фаол ҳаётий позицияга эга бўлиши керак”, деган тушунча кучайиб бораётгани ҳам диққатга сазовор. Ўрганишларга қараганда, юртимизда ҳуқуқий таълим ва мустақил ўқиб, билим орттиришга бўлган қизиқиш кучайиб бораётир. Респондентлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни билиш зарур, деб ҳисоблайди.
Тадқиқотларда фуқароларнинг мутлақ катта қисми қонунларни бузмасликка интилишга бўлган қатъий тенденция кузатилаётгани қайд этилди. Уларнинг қарийб 83 фоизи ўзларини қонунга итоаткор, деб билади. Жавоб берганларнинг кўпчилиги (88,6 фоизи) эътироф этишича, ҳамюртларимизда қонунийликка амал қилиш даражаси охирги йилларда ўсган.
Тадқиқот қатнашчиларининг қарийб 90 фоизи томонидан суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга ошириш даврида жамият ҳаётининг барча жабҳаси, хусусан, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган органлар ишида салмоқли, муҳим барқарор натижаларга эришилган, дея таъкидлаб ўтди. Яъни ушбу муваффақиятларнинг демократик принципларга уйғунлиги жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланмоқда. Респондентларнинг фикрича, бу ҳар бир фуқарога қонун устуворлиги шароитида ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш имконини беради. Фуқароларнинг қарийб 93 фоизи ўз фуқаролик ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши ҳамда чеклаб қўйилишидан тўлиқ ҳуқуқий ҳимояланган, деб ҳисоблайди.
Қисқача айтганда, ижтимоий сўров якунлари истиқлол йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш тизими шакллантирилгани, қонун устуворлиги тамойиллари мустаҳкамланганини яна бир бор намойиш этди. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда демократик, ижтимоий йўналтирилган ва инсон ҳуқуқларини ҳимоялашдан манфаатдорлик руҳида амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсати самараларининг ёрқин инъикосидир.

«Ижтимоий фикр» маркази материаллари асосида
Саиджон МАХСУМОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn