Мониторинг натижалари таҳлили
  • 16 Июнь 2015

Мониторинг натижалари таҳлили

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳар бир инсон ирқи, жинси, тили, дини, сиёсий ёхуд эътиқодидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ёхуд табақавий, бошқа шароитидан қатъи назар, барча ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши шарт экани белгилаб қўйилган.

Бу имконияти чекланган шахсларга ҳам бевосита ва тўла тааллуқли бўлиб, мамлакатимизда унинг ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда.  
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар аҳоли манфаатларини таъминлаш, айниқса, имконияти чекланган инсонларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш, ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишларини қўллаб-қувватлашда дастуриламал бўлмоқда. БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияси 2009 йилда мамлакатимиз томонидан ратификация қилиниши ногиронларни ижтимоий ҳимоялаш соҳасидаги ишлар кўламини янада кенгайтирди.
Пойтахтимизда ногиронларнинг транспорт хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқлари мониторинги натижаларига бағишлаб ўтказилган давра суҳбатида шулар хусусида сўз юритилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда таъкидланганидек, юртимизда имконияти чекланган инсонларнинг бошқалар билан тенг равишда меҳнат қилиш, ўзлари ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлишларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар изчил рўёбга чиқарилмоқда. Аҳоли пунктларини лойиҳалаш ҳамда қуриш, транспорт воситалари, алоқа ва ахборот воситаларини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришда уларнинг эҳтиёжлари ҳисобга олинаётгани диққатга сазовор. 
Давра суҳбати иштирокчилари эътиборига ногиронларнинг транспорт хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқлари қай даражада таъминланаётгани юзасидан ўтказилган мониторинг натижалари ҳавола этилди.
— Тошкент шаҳрида, хусусан, транспорт ва транспорт бекатларида ногиронлар учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилганида, бу борада айрим камчиликлар, муаммолар мавжудлиги кўзга ташланди, — дейди Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси ўринбосари Ойбек Исоқов. — Мисол учун, пойтахтимизда қатнови йўлга қўйилган замонавий русумдаги автобуслар ногиронлар учун қулай ускуналар билан жиҳозланган бўлса-да, бундан етарлича фойдаланилмаётир. Бекатларнинг бир қисми эса ногиронлар учун мослаштирилмаган. Мазкур камчиликларни бартараф этиш, бунинг учун жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, жойларда тарғибот ишларини олиб бориш мақсадга мувофиқдир.
Тадбирда ногиронлар учун транспорт хизмати тизимини яхшилаш бўйича муҳокама этилган масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди. 

Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn