Шарафли касб, муқаддас бурч
  • 16 Июнь 2015

Шарафли касб, муқаддас бурч

Мамлакатимизда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва фуқаролар тинчлигини ҳимоя қилиш бўйича самарали тизим яратилган. Унинг муҳим бўғини бўлган ички ишлар идоралари жамиятимиздаги барқарорликни, осойишта ҳаётимизни асрашда салмоқли улуш қўшмоқда.

Ички ишлар тизимини малакали кадрлар билан тўлдириш, шахсий таркибни маънавий жиҳатдан тарбиялаш, ходимларнинг дунёқарашини юксалтириш устувор вазифалардан ҳисобланади. Шунга кўра, Ички ишлар вазирлигининг олий таълим муассасалари — Академия, Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти ҳамда Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида тингловчи ва курсантларга таълим-тарбия бериш жаҳон андозаларига мувофиқ олиб борилаётир.
Ушбу олий таълим масканларининг навбатдаги битирувчиларига — давлатимиз хавфсизлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашдек шарафли ҳамда мураккаб вазифани сидқидилдан бажаришга аҳд қилган ёш офицерларга тантанали равишда дипломлар топширилди. 
Жумладан, Ички ишлар вазирлиги академиясида республикамиздаги олий таълим муассасаларини тамомлаб, ички ишлар органларида хизмат қилаётган, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва тергов хизмати тизимининг офицерлик лавозимларига тайинланган ходимлар учун касбий тайёргарлик ўқув йиғини ташкил этилган. Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курслари ўқув базасида йўлга қўйилган таҳсил жараёнида офицерлар билим ва малакасини ошириш билан бирга, юқори даражада касбий, жисмоний тайёргарликдан ўтадилар.
Академияда мазкур ўқув йиғини битирувчиларига сертификатлар топшириш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, битирувчиларнинг оила аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, академиядаги сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларини битирган мутахассислар бугунги кунда эл-юрт тинчлиги йўлида камарбасталик билан хизмат қилмоқда. Мазкур олий таълим муассасасида ҳар томонлама салоҳиятли кадрларни тайёрлаш учун барча шарт-шароит ва имкониятларнинг мавжудлиги, ўқув ишлари илғор ахборот технологиялари асосида олиб борилаётгани, амалий машғулотлар криминалистика полигонлари, автомобиль йўллари ва йўл-транспорт ҳодисаларини ўрганиш учун мўлжалланган махсус ўқув майдонларида юксак савияда ташкил этилаётгани ўз натижасини бермоқда.
— Ўқиш давомида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича билим-кўникмаларимизни мустаҳкамладик, — дейди битирувчи Жамшид Тўраев. — Бугун ҳар томонлама чиниқиб, хизматга йўл олаяпмиз. Мен ҳам хизмат фаолиятимда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш учун бор куч-ғайратимни сафарбар этаман.
Ватан ҳимояси — шарафли иш, жасорат ва муқаддас бурчдир. Буни теран англаган, таҳсил давомида назария ва амалиётни мукаммал эгаллаган, касбий кўникмаларни ўзлаштирган Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти ёш офицерларининг битирувига бағишланган тадбир ҳам кенг жамоатчилик иштирокида ўтди.
Моддий-техник базаси замонавий талаб ва стандартларга мувофиқ шакллантирилган мазкур билим юрти Ички ишлар вазирлиги қўшинлари тактик қўмондонлиги, тактик-тарбиявий қўмондонлиги, жазони ўташ тартибини ташкиллаштириш, аниқловчи ва қўриқловчи электрон тизимлардан фойдаланиш техник-муҳандислиги ҳамда вазирлик корхоналарида техникавий назорат ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш муҳандислиги бўйича салоҳиятли мутахассисларни тайёрлаб бермоқда. Таълим-тарбия ишлари илғор ахборот ва педагогик технологиялар асосида олиб борилаётир.
— Бугун ўғлимга мутахассислик ва лейтенантлик унвони дипломи топширилганини катта ҳаяжон билан кузатдим, қалбимда чексиз қувонч, ғурур ҳиссини туйдим, — дейди Ҳадича Игамбулова. — Унинг ушбу билим юртига ўқишга кириб, ҳарбий қасамёд қабул қилган куни кечагидек ёдимда. Энди ўғлим — офицер, билаги кучга, юраги шижоатга тўла. У ҳам сафдошлари сингари ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлиб, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилади.
Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, инсонлар ҳаётини асрашдек эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда ёнғин хавфсизлиги ходимларининг, соҳа муҳандисларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби ҳар томонлама етук мутахассислар тайёрлаб бераётган таълим муассасаси ҳисобланади.
Беш йил давомида ушбу масканда таълим олиб, пухта касбий билим, кўникма ва жисмоний тайёргарликка эга бўлган навбатдаги битирувчиларга муҳандислик дипломи ҳамда офицерлик унвони берилди. Тадбирда ота-оналар, жамоатчилик вакиллари осмонимиз мусаффолигини, халқимиз тинчлигини асрашдек масъулиятли вазифани шараф билан уддалашда битирувчиларга оқ йўл тиладилар.
Битирув тадбирларида Ички ишлар вазирлиги Ашула ва рақс ансамблининг концерт дастурлари намойиш этилди.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn