Иқтидорли ёшларга туҳфа
  • 13 Июнь 2015

Иқтидорли ёшларга туҳфа

Жиззахда мустақиллигимизнинг йигирма тўрт йиллигига бағишланган, “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали ўтказилди. Унда сенаторлар, депутатлар, пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорлар, ёш олимлар, шоир ва ёзувчилар ҳамда Давлат мукофоти совриндорлари иштирок этди.

Фестивалнинг дастлабки кунида Жиззах шаҳридаги Ёшлар марказида анжуман ташкил қилинди. Унда сўзга чиққанлар юртимизда Президентимиз раҳнамолигида эртамиз эгаларига яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақида атрофлича тўхталиб, ёшлар бундай имкониятлардан оқилона фойдаланиши лозимлигини таъкидладилар. Шундан сўнг кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳамда Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳомийлар томонидан тақдим этилган қимматбаҳо совғалар ва китоблар топширилди.
“Президент асарлари билимдони”, “Депутат ва ёшлар”, “Сиз севган қаҳрамонлар”, “Одам савдоси — давр муаммоси”, “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!”, “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам”, “Камолот кутубхонаси”  каби 14 та лойиҳа доирасида ташкил этилган 70 дан ортиқ тадбирларда 40 минг нафарга яқин йигит-қизлар фаол қатнашди.
— Жойларда ўтказилган мулоқотларда ёшларнинг фикр-мулоҳазалари билан танишиб, улар истеъдод ва салоҳият бобида ҳеч кимдан кам эмасликларига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик, — дейди халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутати Шерзод Салимов. — Кенг миқёсда уюштирилган ушбу акция ҳам фарзандларимизни ягона мақсад сари бирлаштиришга ҳамда уларни рағбатлантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Шунингдек, фестивалда “Гумроҳлар” ва “Сотқин” бадиий фильмлари ҳамда “Виртуал олам”, “Гиёҳвандлик”, “Аёллар хусусида” номли қисқа метражли фильмлар намойиш этилиб, уларда кўтарилган долзарб масалалар ёшлар иштирокида кенг муҳокама қилинди.
“Камолот кутубхонаси” лойиҳаси доирасида эса жиззахлик йигит-қизларга 3 мингга яқин китоблар тўплами тақдим этилди. Мирзачўл, Пахтакор, Ғаллаорол ва Зомин туманларида гала-концерт ҳамда спорт мусобақалари уюштирилди.
Фестиваль якунида “Сангзоркўл” амфитеатрида таниқли эстрада хонандалари иштирокидаги турли чиқишлар ташкил этилди.
Энг фаол қатнашчилар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn