Гўзаллик ва саломатлик кўргазмаси
  • 13 Июнь 2015

Гўзаллик ва саломатлик кўргазмаси

Пойтахтимиздаги “Наврўз” саройида ХI “Beauty Expo Uzbekistan — 2015” ихтисослаштирилган гўзаллик саноати халқаро кўргазмаси иш бошлади.

Мазкур соҳадаги ютуқларни кенг намойиш этиш, табиий маҳсулотлар асосида яратилган даволаш ҳамда пардоз маҳсулотлари  ишлаб чиқарувчи мутахассисларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишига имкон яратиш мақсадида “Expo position” масъулияти чекланган жамияти томонидан уюштирилган ушбу тадбирда мамлакатимиз ҳамда Жанубий Корея, Ҳиндистон, Италия, Франция, Чехия, Польша каби давлатлардан элликдан зиёд компания ва фирмалар ўз маҳсулотлари билан қатнашмоқда. Кўргазмада гигиеник воситалар, маиший кимё, биологик фаол моддалар, фармацевтик препаратлар, фитотерапия, турли косметика ва атторлик маҳсулотлари, замонавий либослар, заргарлик буюмлари, сартарошхона ва гўзаллик салонлари учун ускуналар намойиш этилмоқда. Тадбир доирасида янги ташкил қилинган “Kinder Expo Uzbekistan” бўлимида эса бўлажак оналар учун мўлжалланган маҳсулотлар, санитария-гигиеник воситалар, болалар ўйинчоқлари ҳамда ортопед пойабзаллар ўрин олган.
— 35 дан зиёд мамлакатлар билан ҳамкорлик қиламиз, — дейди Ҳиндистондаги  тиббий косметика маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “VI-JOHN” компанияси директори Тарин Кочар. — Кўргазмага келишимиздан мақсад ўз маҳсулотларимиз билан Марказий Осиёдаги етакчи давлат ҳисобланган Ўзбекистон бозорига кириш ва доимий ҳамкорликни йўлга қўйишдир. Тадбирда иштирокчилар тавсия этаётган маҳсулотлар билан яқиндан танишиш, улар билан фикрлашиш ва келгусида ҳамкорлик қилишга келишиб олиш имкониятига ҳам эга бўлдим.
“Сенигорье” фирмаси Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида фаолият юритади. Корхонада турли мева, гиёҳ ва доривор ўсимликлардан гигиеник воситалар ҳамда пардоз мойлари сингари маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
— Биз кўргазмада йигирма турдаги маҳсулотимизни намойиш этаяпмиз, — дейди мазкур корхона вакили В. Бабицкая. — Эътиборлиси, тегишли тартибда махсус лаборатория текширувларидан ўтган ушбу  маҳсулотларга хорижликлар ҳам катта қизиқиш билдирмоқда.
Уч кун давом этадиган  “Вeauty Expo Uzbekistan” кўргазмаси доирасида косметолог ва сартарошлар учун маҳорат сабоқлари, аёллар ва болалар либослари намойиши, мутахассислар иштирокида давра суҳбатлари ҳамда семинарлар ўтказилади.

Мавжуда ХОЛМАТОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Кўркам ва замонавий Иқтидорли ёшларга туҳфа »