Қизилқум гавҳари
  • 10 Июнь 2015

Қизилқум гавҳари

Навоий шаҳридан Қизилқум саҳроси оралаб шимол томонга йўл олган киши тап-тақир чўлу биёбоннинг ўртасида осмонўпар иморатлар, бири-биридан кўркам иншоотлар, йирик ишлаб чиқариш мажмуаларини ўз ичига олган замонавий шаҳар борлигига ишонгиси келмайди.

Аслида эса, бу — ҳақиқат. Энг муҳими, бугун ана шу мўъжаз шаҳарда ҳаёт қайнайди. Одамлар яратувчанлик, бунёдкорлик ишлари билан банд. Ҳудуд аҳлининг турли соҳаларда эришган ютуқлари тилга тушмоқда, эътироф қозонаяпти. Айниқса, саноатчиларнинг ғайрат-шижоати, изланиш ва интилишлари мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятининг тобора юксалишида муносиб ҳисса бўлиб қўшилаяпти.
Дарҳақиқат, истиқлол йилларида Зарафшон шаҳри бутунлай янгича қиёфа касб этиб, вилоятнинг индустриал марказларидан бирига айланди. Бу ерда янги-янги таълим муассасалари, муҳташам кошоналар, замон талабларига мос қатор иқтисодий ва ижтимоий соҳа объектлари қад ростлади. Кўчаю хиёбонлар ободонлаштирилиб, сўлим боғу роғлар барпо қилинди. Ҳудуд иқлим шароитидан келиб чиқиб бунёд этилган фавворалар эса ёзнинг жазирама кунларида мўътадилликни таъминлаб, ёқимли эпкин таратмоқда.
Ҳозир Зарафшонда турли миллат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил, иноқ ва ҳамжиҳатликда умргузаронлик қилаётир. Шаҳар аҳлининг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Улар ўқишда, касб-ҳунар эгаллашда, спорт ва санъатда тенгдошлари билан қадам-бақадам юксак марраларни эгаллашмоқда.
Масалан, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари Гулноза Назарова, Гулноза Шарофова, Моҳинур Қаҳрамонова ва Заря Қосимова, спортнинг оғир атлетика тури бўйича Осиё чемпиони Маҳлиё Тоғаева, самбо бўйича жаҳон чемпиони Истам Қудратов, дзюдо бўйича Осиё чемпионати совриндори Ойдиной Ботирова зарафшонликларнинг фахрига айланган.
Албатта, бундай ўғил-қизларнинг маънан ва жисмонан етук бўлиб улғайишида ҳудуддаги  12 та умумтаълим мактаби, битта академик лицей, 3 та касб-ҳунар коллежининг ўрни беқиёс. Қолаверса, шаҳардаги мавжуд 13 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳам баркамол авлод таълим-тарбиясига муносиб ҳисса қўшаётир.
— Бугунги ёшлар — порлоқ келажагимиз бунёдкорлари, — дейди “Камолот” ЁИҲ Зарафшон шаҳар кенгаши раиси Учқун Бобоев. — Қувонарлиси, ўғил-қизларимиз қалбида жамият ҳаётига дахлдорлик ҳисси юқори. Бу, аввало, уларнинг Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг туб мазмун-моҳиятини теран англаб етаётганликлари туфайлидир.
Кон-металлургия саноати — зарафшонликлар меҳнат қилаётган асосий тармоқ. Эътиборлиси, кейинги йилларда замонавий машина-механизмлар келтирилиши ҳисобига ҳудудда кончилик-қазиш ишлари кўлами кенгайди. Уларни таъмирлаш ва бир маромда ишлашини таъминлаш мақсадида ташкил этилган участкаларга ҳам тажрибали чилангар ҳамда созловчилар бириктирилган. Яна бир эътиборли жиҳати, узунлиги бир километрни ташкил этувчи 2-Гидрометаллургия заводида ҳар йили янги инновацион технологиялар амалиётга жорий этилмоқда.
— Қизилқум — чинакам хазиналар булоғи, — дейди Навоий кон-металлургия комбинати Марказий кон бошқармаси директори Отабек Мустакимов. —  Негаки, унинг бағрида Менделеев даврий жадвалида қайд этилган деярли барча нодир ва ноёб элементлар учрайди. Хусусан, Зарафшон ён-атрофидан қазиб олинаётган Мурунтоғ олтини бугун  Ўзбекистонимизнинг бойлиги, ғурури ва ифтихорига айланган. Мустақиллик йилларида бу ерда олиб борилган йирик модернизациялаш лойиҳалари туфайли ишлаб чиқариш қуввати қарийб 2 баробарга ошди, сифат кўрсаткичлари эса тубдан яхшиланди. Бу Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Марказий кон бошқармаси фаолиятида ҳам кўзга яққол ташланади.
Чиндан ҳам, бошқарма мутахассисларининг  фидокорона меҳнати, бой тажриба ва салоҳияти туфайли эришилаётган ютуқлар салмоғи тобора ортиб бораётир. Бунда жамоа сафига келиб қўшилаётган ёш ишчи-ходимларнинг ўзига яраша ҳиссаси бор. Айниқса, йирик қурилма ва қудратли техникаларни моҳирлик билан бошқариб, коллеж ёки олий ўқув юртида олган билимларини амалиётга самарали татбиқ этаётган ёшларнинг ғайрат-шижоатини кўриб, қувонасан, киши. Бу нафақат Зарафшон шаҳри, балки вилоят саноати истиқболи порлоқ эканлигининг яна бир ёрқин далилидир.
Мухтасар айтганда, олиб борилаётган ана шундай туб ислоҳотлар натижасида шаҳарда барча соҳа ва тармоқлар изчил ривожланиб бораяпти. Пировардида ҳудуд аҳлининг турмуш тарзи, оилаларнинг иқтисодий имкониятлари тобора яхшиланмоқда.

Одил ҲОТАМОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Юксак ишонч ва масъулият Мусиқали фаввора »