Юксак ишонч ва масъулият
  • 10 Июнь 2015

Юксак ишонч ва масъулият

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари якунланди.

Дарҳақиқат, юртимизда барча соҳада амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларда, эришилаётган залворли ютуқларда фуқаролик жамияти институтларининг, хусусан, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг муносиб ҳиссаси бор. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар ҳамда аёллар билан ишлаш, улар бандлигини кафолатлаш, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларига ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида маҳаллаларимизда эътирофга лойиқ ташаббуслар рўёбга чиқарилмоқда. Ўз навбатида, маҳалланинг жамиятдаги нуфузини тобора ошириш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатлар ушбу ноёб тизимга халқаро миқёсдаги қизиқиш ва эътиборнинг ортишига сабаб бўлаётир. Бунда тизимда фаолият юритаётган фуқаролар йиғинларининг фаоллари, жумладан, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари муҳим ўрин эгаллайди.
Президентимизнинг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида жорий этилган фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, таъбир жоиз бўлса, маҳаллаларнинг чинакам таянчи ҳисобланади. Жойларда ижтимоий-маънавий соғлом муҳитни қарор топтириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий ва тиббий маданиятини юксалтириш, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини кенгайтириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, миллий анъана ҳамда урф-одатларни ривожлантириш билан боғлиқ долзарб аҳамиятга молик чора-тадбирларда улар фаол иштирок этмоқда. Зеро, бугун тизимда фаолият кўрсатаётган саккиз ярим минг нафардан зиёд маслаҳатчилар миллий-диний қадриятларимиз ҳақида етарли билим ва катта ҳаёт тажрибасига эга, халқ орасида обрў-эътибор қозонган аёллардан иборатдир.
— Юртимизда маҳалла институти фаолиятини такомиллаштиришга доимий эътибор қаратилаётгани, соҳа ходимларининг меҳнати муносиб тақдирланаётгани ишимиз ривожида муҳим омил бўлмоқда, — дейди Қарши шаҳридаги Маҳаллот маҳалласи маслаҳатчиси Ибодат Аҳмедова. — Маҳалла маслаҳатчилари фаолиятини атрофлича таҳлил этиш, намунали иш тажрибаларини оммалаштириш, ўзаро фикр ва тажриба алмашишига кўмаклашиш мақсадида ҳар йили ўтказиб келинаётган танлов ҳам ана шу эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Жумладан, маҳалламизда ёшларнинг оила, Ватан олдидаги масъулиятини кучайтириш, битирувчиларни иш билан таъминлаш, қизларни эрта турмушга узатишнинг олдини олиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш каби ишларнинг самарадорлигини оширишга ҳаракат қилаяпмиз. Мазкур нуфузли танловга тайёргарлик кўриш ва унда иштирок этиш жараёнида ана шу ютуқларимизни намойиш қилдик.
Кўрик-танловнинг Қашқадарё вилояти босқичида 14 нафар иштирокчи билим ва салоҳиятини синовдан ўтказди. Қизиқарли кечган баҳслар якунида Миришкор туманидаги “Янги Миришкор” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Ҳилола Аҳмедова танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Ҳозирги кунда Навоий вилоятидаги фуқаролар йиғинларида 301 нафар диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи фаолият юритмоқда. Оилаларни мустаҳкамлаш ва фаровонлигини ошириш, олис, чекка ҳудудларда аҳолининг турмуш маданиятини янада юксалтириш, ҳудудларда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда бошқа ижтимоий-маънавий масалаларни муваффақиятли ҳал этишда маҳалла маслаҳатчиларининг роли ортиб бораётир.
Танловнинг вилоят босқичида ана шундай юксак салоҳият ва ташкилотчилик қобилиятига эга ўн нафар аёл қатнашди. Кўрик шартларига кўра, зукколиги ва иш тажрибаси юқори баҳоланган Хатирчи тумани Мирзо Улуғбек номидаги маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Нилуфар Маматова биринчи ўринга сазовор бўлди.
Таъкидлаш лозимки, юқори савияда ташкил этилган кўрик-танлов ҳудудий босқичларида иштирокчилар маҳаллада ўзаро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, тўй-ҳашам, маърака ва маросимларни ихчам, тартибли ўтказиш, кексалар, айниқса, ёлғиз қариялар ҳолидан доимо хабардор бўлиш каби йўналишлардаги амалий ишларини тақдимот шаклида намойиш этган бўлса, фаолиятида учрайдиган турли мураккаб вазиятларнинг, муаммоларнинг ечимини топиш борасидаги кўникмалари савол-жавоблар орқали синовдан ўтказилди.
Кўрик-танловнинг Тошкент шаҳар босқичи ҳам бетакрор тақдимотларга, кутилмаган савол-жавобларга бой бўлди. Унда қатнашган 11 нафар маслаҳатчининг фаолияти адолатли тарзда баҳоланди. Айниқса, маслаҳатчиларнинг соҳага оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ҳақида етарли билимга эга экани барчада яхши таассурот қолдирди. Танлов натижаларига мувофиқ, Чилонзор туманидаги “Чилонзор” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Марҳамат Мақсудова ғолиб, деб топилди.
— Маҳалламизда 638 та оила истиқомат қилади, — дейди танловнинг Бухоро вилояти босқичи ғолиби, Ромитан туманидаги “Шўробод” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Саодат Ҳотамова. — Аҳоли манфаати йўлидаги ишларимизда давлат ва нодавлат ташкилотлари, жамоатчилик вакиллари билан яқин ҳамкорлигимиз айни муддао бўлмоқда. Масалан, сўнгги уч йилда маҳалламизда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни қарор топтиришда катта натижага эришдик. Маҳалламиз қошида ташкил этилган Оилани ижтимоий ҳимоялаш марказида шу кунгача 60 нафар хотин-қиз зардўзлик, тикувчилик, каштачилик ҳунарларини ўрганди. Муҳими, маҳалламизда соғлом муҳит ҳукмрон. Кўрик-танловда мазкур ишларимиз эътироф этилди. Шу билан бирга, янада эътиборни кучайтиришимиз керак бўлган долзарб масалалар ҳақида ўзаро фикр алмашдик, тажрибаларимиз билан ўртоқлашдик.
Умуман, “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” танловининг ҳудудий босқичларида иштирокчилар ўз фаолияти бўйича билимларини мустаҳкамлаб, соҳага оид қонун ҳужжатлари нормаларини амалиётда қўллаш юзасидан зарур кўникмаларга эга бўлди. Бу маҳаллалар маслаҳатчиларининг фаоллигини ошириш орқали ислоҳотларнинг жойларда янада самарали кечишини таъминлашга хизмат қилиши, шубҳасиздир.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn