Бахтли мамлакатнинг фарзандларимиз
  • 10 Июнь 2015

Бахтли мамлакатнинг фарзандларимиз

Ўзбекистон — бахтли одамлар мамлакати. Мен ҳам шу муаззам юртнинг азиз фарзандиман! Болаликдан шеърлар машқ қиламан. 2011 йили Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлдим. Ўтган йили Тошкент давлат техника университети қошидаги компьютер технологиялари академик лицейини тамомлаб, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг инглиз тили филологияси факультетига ўқишга кирдим.

Президентимиз ташаббуси билан 1999 йилнинг 10 июнида таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти истиқлол қизлари учун юксак рағбат, эътибор, қўллаб-қувватлаш ифодаси бўлди. Бинобарин, ватанимизнинг атоқли куйчиси босиб ўтган ҳаёт йўли, бебаҳо мероси, ибратга молик  маънавий дунёси, ахлоқий қиёфаси бу мукофотнинг қадрини, нуфузини белгилаб бермоқда.
16 йилдирки, халқимиз ўртасида тилдан-тилга кўчган “Зулфияхоним қизлари” деган таъриф бамисли оҳанрабодай кўнгилларда ажиб бир сурур уйғотаётир. Миллионлаб ўзбек қизлари шоирага ўхшашни, келажак сари дадил интилишни, ўз мақсадларига етишни ният этиб, астойдил ҳаракат қилмоқдалар.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ҳам кенг жамоатчилик томонидан аёл зотига, шунингдек, адабий жамоатчилигимизга, биз, ёшларга кўрсатилган яна бир эҳтиром сифатида қабул қилингани бежиз эмас.
“Мен яна бир нарсага қаттиқ умид қиламан. Йиллар ўтаверади, Ер юзидаги ҳаёт бундан ҳам гўзаллашаверади, унда бугунгидан ҳам яхшироқ инсонлар — руҳи бой одамлар яшайди. Агар ўша кишилар ҳам менинг бирор сатримни эсга олсалар, ўша сатр улар учун керакли бўлса, қалбининг бўш бир нуқтасини тўлдирса… Қаламимга шу умид куч беради. Зотан, шу илинжсиз ёзишнинг кераги йўқ! Шоир фақат бугуни учун шоир бўлса, бўлмагани яхши” деб ёзган эди шоира.
Бу жумлалар гўёки бугунги кунимиз, замондошларимиз ҳақида айтилгандек. Устоз садоқатидан, саховатидан, ватанпарварлигидан ўрнак олиш, Президентимизнинг юксак ишончини оқлаш биз, ёшлар учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Юлдузой ЎРМОНОВА,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn