Ижтимоий шериклик самарали фаолият гаровидир
  • 09 Июнь 2015

Ижтимоий шериклик самарали фаолият гаровидир

Мустақиллик йилларида болалар ва ёшларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг манфаатларини қўллаб-қувватлаш, оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, оналикни муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифалари сифатида белгилаб олинди.

Юртимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат ташкилотларининг яхлит тизими, миллий манфаатлар, умумэътироф этилган халқаро стандарт ва нормаларга мос қонунчилик базаси яратилди. Ўзбекистон Республикаси МДҲ мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб 1992 йилда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилди, 2008 йилда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунни қабул қилди, юздан зиёд фармон ва қарорлар, қатор давлат дастурлари ҳаётга татбиқ этилаётир.
Бугунги кунда оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш миллий модели жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлмоқда. Республикада аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини кучайтириш, аёллар, болалар ҳамда ўсмирлар касалликларига ташхис қўйиш, уларни даволаш ва профилактика қилишнинг замонавий усулларини жорий этишга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирги вақтда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлашга нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам катта ҳисса қўшиб келаётгани эътиборга лойиқ. Бинобарин, улар бу борада давлат ва ҳудудий дастурларни рўёбга чиқариш, шунингдек, мазкур соҳадаги ижтимоий шерикликнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш йўлида кенг қамровли тадбирларни амалга ошираётир. Айни жараёнда уларга Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси яқиндан кўмаклашмоқда. 
Хусусан, ЎзННТМА томонидан 2013 — 2015 йилларда мамлакатимиз ҳудудларида бир қатор тадбирлар, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Уларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг 400 дан зиёд вакиллари, шунингдек, соғлиқни сақлаш, меҳнат ҳамда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, таълим ва адлия идоралари мутахассислари қатнашди.
Ташкилотчилар фикрига кўра, мазкур тадбирлар ННТ фаолларининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги долзарб масалаларни ечишга қаратилган лойиҳа ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни самарали амалга ошириш бўйича касбий билимларини юксалтиришга имконият яратди, давлат органлари ва фуқаролик институтлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаб, биргаликдаги истиқболли йўналишларни аниқлаб олишга хизмат қилди.
“Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шерикликнинг долзарб вазифалари” мавзуида ўтказилган республика давра суҳбати мазкур саъй-ҳаракатларнинг якуний босқичи бўлди. 
Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида уюштирилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, маҳаллий вакиллик органлари, тегишли вазирлик ва идоралар, республика ва ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Давра суҳбатида аҳолининг репродуктив саломатлигини янада  мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ННТ иштироки самарадорлигини ошириш, шунингдек, мазкур соҳада давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигини янада кенгайтириш  бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари эркин ривожланишининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талаб ва халқаро стандартларга жавоб берадиган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий асос яратилган. Уларни иқтисодий, ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тараққий эттириш бўйича институционал база шакллантирилган. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 12 декабрдаги “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган чора-тадбирлар бу борада муҳим роль ўйнамоқда. Унга кўра, аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш жабҳасида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларининг тегишли органлар рўйхатидан ўтишлари учун қўшимча имтиёзлар ҳамда преференциялар берилди.
Шубҳасиз, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунларнинг кучга кириши мамлакат ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлиб, улар ННТ фаолиятини такомиллаштириш, имкониятларини кенгайтиришда салмоқли роль ўйнаяпти.
— “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш ҳамда уларнинг давлат бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эгадир, — дейди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Н. Умарова. — Унинг ижроси доирасида, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳузурида ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари шакллантирилмоқда. Мазкур комиссиялар фаолияти оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича социал ва ижтимоий аҳамиятга молик дастурларни ишлаб чиқиш, шунингдек, ушбу жараёнларни мониторинг қилишга йўналтирилгандир. Чунончи, пойтахтимизда ННТнинг фаол иштирокида аҳоли репродуктив саломатлиги, тиббий маданиятини ошириш борасида бир қатор ишлар олиб борилаётир. 
Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, бугунги кунда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида тизимли иш олиб борилаётир. Мазкур эзгу интилишларни кучайтириш ва уларнинг самарадорлигини янада ошириш давлат ва жамият олдида турган муҳим вазифалардан бўлиб қолаверади. Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги қарори билан тасдиқланган 2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури республикамизда “Соғлом она — соғлом бола” шиори остида кечаётган изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
— Мазкур Давлат дастурининг ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича бошқармаси бошлиғи С. Исмоилов. — Дастур аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизимининг барча босқичларида оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича сифатли тиббий хизматлардан кенг ва бир хил фойдаланишни таъминлаш, ногирон болалар ва ўсмирларни соғломлаштириш, уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли қатнашишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, тиббий ёрдам кўрсатишнинг барча босқичида, айниқса, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғин муассасаларида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ушбу йўналишда замонавий инфратузилмани янада ривожлантириш каби вазифалар ижросига йўналтирилган. Шунингдек,  аҳолини болалар тарбияси ва парвариши бўйича ўтказилаётган тадбирлар ва дастурларга фаол жалб этиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, соғлом ва аҳил оила қадриятларини тарғиб қилиш кўзда тутилган. Ушбу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, халқаро ҳамкорларнинг фаол иштирокини таъминлаш муҳимдир.
Тадбирда ННТнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалари давлат томонидан ҳар томонлама ва тизимли равишда қўллаб-қувватланаётганига урғу берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ўтган даврда давлат бюджетидан 45 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилган. ННТни ривожлантиришга қаратилган сармоя ҳажми 2009 йилда 4 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, 2015 йилда ушбу кўрсаткич 10 млрд. сўмга етди.
— Хотин-қизларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш фаолиятимизнинг  асосий йўналишларидан ҳисобланади, — дейди Сурхондарё вилоятидаги “Аёл ва замон” аёллар ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш маркази директори Гулнора Ходжиниязова. — Айни чоғда ёш авлодни ҳар томонлама етук қилиб тарбиялаш доимий диққат-эътиборимизда. Ўтган йили Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Соғ танда — соғлом ақл” лойиҳасини амалга оширдик. Унинг самарали амалга оширилиши мактаб ўқувчилари ўртасида соғлом турмуш тарзига риоя этиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш афзалликларини кенг тушунтиришга туртки бўлди. Лойиҳа доирасида турли спорт марафонлари, иншолар танлови ўтказилди. Турли соҳаларда катта ютуқларга эришаётган ёшлар билан учрашувлар ташкил этилди. Албатта, бунда ҳудудимиздаги таълим муассасалари, хотин-қизлар қўмитаси, “Тадбиркор аёл” уюшмаси вилоят бўлими катта ёрдам берганини алоҳида айтишни истардим. Келгусида ижтимоий шериклик асосида оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишни режалаштираяпмиз. Бунинг учун мамлакатимизда барча шароит яратилган.
Тадбир давомида ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотларининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш бўйича лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди. Ўз навбатида, фуқаролик жамияти институтларини 2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастурида белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишга кенг жалб этишга доир таклифлар ишлаб чиқилди.   
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn