Ҳамжиҳатлик, тинчлик ва тараққиёт
  • 09 Июнь 2015

Ҳамжиҳатлик, тинчлик ва тараққиёт

Самарқанд шаҳрида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида “Баркамол авлод тарбиясида миллий ва маънавий қадриятларнинг ўрни” мавзуида семинар бўлиб ўтди.

Анжуманда миллий маданият марказлари фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди. Тадбир доирасида ташкил этилган “Инсон азиз, Ватан муқаддас!” номли кўргазмада юртимизда истиқомат қилаётган турли миллатларга хос урф-одат ва анъаналар акс эттирилган фотосуратлар ҳамда халқ амалий санъати намуналари намойиш қилинди.
Семинар давомида миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг жамият тараққиётидаги ўрнига оид илмий ҳамда назарий тамойиллар ҳаётий воқеалар асосида таҳлил қилиниб, галдаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.
— Ўзбекистонга келганимга тўрт йил бўлди, — дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчиси, хитойлик Ма Цуи Ли хоним. — Ана шу ўтган қисқа даврда меҳмондўстлик, меҳр-оқибат, самимият ва дўстлик халқингизга хос энг ноёб фазилатлар эканига амин бўлдим. Бундай бебаҳо эзгу тушунчаларни ёшлар онгига сингдириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани эса диққатга сазовор.
Санъат усталари, миллий маданият марказлари бадиий жамоалари ва олий ўқув юртлари талабаларининг чиқишлари тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади. Бағрикенглик, мустақиллик ва она-Ватан тараннум этилган куй-қўшиқлар рақсларга уланди.
Тадбирда вилоят ҳокими З. Мирзаев сўзга чиқди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn