Энг улуғ мақсад — фарзандларимиз бахту саодати
  • 06 Июнь 2015

Энг улуғ мақсад — фарзандларимиз бахту саодати

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида барпо этилаётган “Камолот” уйлари фойдаланишга топширилмоқда.

Баркамол авлодни тарбиялаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир. Президентимизнинг “...барча эзгу ниятларимизнинг марказида фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси туради”, деган сўзлари замирида ҳам айни шу йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳияти яққол ўз ифодасини топган.
Дарҳақиқат, мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ ўғил-қизларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда пухта билим олишини таъминлаш, қобилият ҳамда иқтидори, интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, қалбида она-юртга садоқат ва фидойилик туйғуларини шакллантириш борасида улкан чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда.
Бундай беқиёс меҳр оғушида камолга етаётган эртамиз эгалари илм-фан, тадбиркорлик, ишлаб чиқариш, санъат, спорт каби турли соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритиб, Ватанимиз равнақига, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаяпти.
Мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, турмуш шароитини яхшилаш масаласи ҳам доимий диққат-эътиборда. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 18 майдаги “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Қолаверса, Президентимизнинг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари асосида улкан орзулар билан оила қурган, катта ҳаёт остонасида турган йигит-қизларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилаяпти.
Юртимизнинг барча ҳудудида “Камолот” уйлари барпо қилиниб, ёш оилаларга топширилаётгани давлатимизнинг фарзандларимизга бўлган ғамхўрлиги ифодаси сифатида қалбларда чексиз фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотмоқда. Янги уй эгалари, уларнинг ота-оналари бундан беҳад мамнун эканликларини изҳор этишаяпти.
— Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида кўп қаватли, 64 тагача хонадондан иборат жами 50 дан зиёд “Камолот” уйлари қуриш режалаштирилган. Ҳозиргача уларнинг бир қанчаси фойдаланишга топширилди, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши юрист-консульти Баҳром Илҳомжонов. — Ушбу янги тураржойлар ҳар бир ҳудуднинг табиий иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда, замонавий қурилиш материаллари асосида бунёд этилаяпти. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган низомга кўра, “Камолот” уйлари йигирма йил муддатга имтиёзли ипотека кредити эвазига берилади. Унинг дастлабки беш йили имтиёзли давр ҳисобланиб, бошланғич бадал тўлови талаб қилинмайди.
“Камолот” уйларини фан, санъат, адабиёт, спорт ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришган, қолаверса, ариза берилган пайтда ўттиз ёшдан ошмаган эр-хотинлар (иккаласи ҳам) ипотека кредити асосида сотиб олиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун тегишли ҳужжатлар “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳудудий кенгашларига топширилади ва улар орқали Ҳаракатнинг Марказий кенгашига тақдим этилади.
Ўтган ҳафтада Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган Шукур Бурҳонов номидаги маҳаллада “Камолот” уйларини фойдаланишга топширишга бағишланган маросим катта тантанага айланди. Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши ходимлари, ёшлар, ота-оналар қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Сергели филиали ҳамда “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Чилонзор филиали томонидан молиялаштирилган мазкур иккита (ҳар бири 32 хонадондан иборат) “Камолот” уйи замонавийлиги, кўркамлиги билан алоҳида ажралиб турибди. Унинг хонадонларида ёш оилалар учун барча шароит яратилган. Хусусан, илғор маиший техника воситалари билан жиҳозлангани уй соҳибларига қўшимча қулайлик туғдиради.
Ҳар жиҳатдан шинам, кенг ва ёруғ хонадонларга кўчиб кирганларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, уларнинг қувончига гувоҳ бўласиз. Маъмура ҳамда Шуҳрат Сатторовлар ҳам шундай эътибордан баҳраманд бўлган иқтидорли ёшлардан саналади. Шуҳрат айни пайтда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида фаолият юритади. Маъмурахон эса матбаа дизайнери бўлиб ишлайди.
— Жудаям хурсандмиз, — дейди ёш оила бекаси. — Янги уй билан табриклаш учун келган меҳмонлар ҳам қизиқиб, хоналарни бирма-бир айланиб чиқишаяпти. Бизга ҳавас билан қарашмоқда. Ҳақиқатан ҳам, бу уйларнинг файзи бошқача. Бу ерда фарзандларимиз Ширин ва Абдураҳмонжон яйраб, соғлом бўлиб вояга етади. Фурсатдан фойдаланиб, биз, ёшларга менинг фарзандларим, дея оталарча меҳр кўрсатаётган, барча имкониятларни яратиб бераётган Юртбошимизга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.
...“Камолот” уйлари ҳовлисини кўздан кечирамиз. Ён-атрофга гуллар, райҳон ифори таралиб турибди. Ҳовлидаги майдончада эса болажонларнинг шодон кулгиси эшитилади. Бошқача айтганда, тураржойдаги гўзал манзара, ажойиб муҳит гўё бутун бир мамлакатимиздаги ёш оилалар турмуш тарзини яққол акс эттиргандек.
— Истиқлолимизнинг 24 йиллик шодиёналари арафасида мана шундай замонавий уйга эга бўлганимиз қўшалоқ қувонч бўлди, — дейди янги уй соҳибларидан яна бири Шодликбек Қурбонов. — Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” деган мавзуда тадқиқот ўтказилди. Унга кўра, Ўзбекистонимиз мазкур рейтингда 158 мамлакат орасида 44-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ўртасида эса биринчи ўринни эгаллади. Бундан барчамиз чексиз фахрландик. Бу юртимизда ҳар бир оиланинг фаровон турмуш кечириши, бахти ва иқболини ўйлаб олиб борилаётган эзгу ишларнинг самараси халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилаётганининг яна бир тасдиғидир. Биз, ёшлар юксак ишончга муносиб бўлиб, Ўзбекистонимизнинг янада ривожланишига ўз ҳиссамизни қўшамиз.
“Камолот” ЁИҲ Тошкент шаҳар кенгашидан маълум қилишларича, пойтахтимизда Сергели туманидан ташқари, яқин орада Учтепа ва Бектемир туманларида ҳам кўп қаватли “Камолот” уйлари фойдаланишга топширилади.


Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn