Экологик барқарорликнинг муҳим омили
  • 06 Июнь 2015

Экологик барқарорликнинг муҳим омили

Маълумки, сайёрамизда биологик хилмахиллик ва табиий ресурсларнинг қисқариши давом этмоқда, чўлланиш ҳамда қурғоқчилик янада долзарб тус олаяпти, иқлим ўзгаришининг фалокатли оқибатлари тобора аён бўлиб бораётир, табиий офатлар тез-тез такрорланиб, уларнинг хавфи ортмоқда. Ҳаво, сув ва денгиз муҳитининг ифлосланиши эса миллионлаб инсонларни муносиб ҳаёт кечиришдан маҳрум қилаяпти.

Бу каби муаммоларни бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш мақсадида БМТ томонидан 1972 йилда 5 июнь — Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни сифатида белгиланиб, тегишли декларация ҳаётга татбиқ этилди. Унда глобал экологик муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари,  мазкур соҳада халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари кўрсатиб берилди.
Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиат неъматларидан оқилона фойдаланиш ва уларни асраб-авайлашга устувор эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Конституциямизда атроф-муҳитга бўлган муносабатларни тартибга солишнинг фундаментал негизи мустаҳкамлаб қўйилди. Шу асосда ўттиздан ортиқ муҳим қонунлар ҳамда юзлаб қонуности норматив ҳужжатлар ҳаётга татбиқ этилди, қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди.
Бугун Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг халқаро принципларидан келиб чиққан ҳолда, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилига асосланган демократик ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда, ижтимоий ва экологик муаммоларни ҳал қилиш учун зарур  чора-тадбирлар кўрилаяпти. Бу борада давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг саъй-ҳаракатларини уйғунлаштиришга алоҳида аҳамият берилаётир. Хусусан, 2008 йилда Ўзбекистон экологик ҳаракати ташкил этилди. Таъкидлаш жоизки, ушбу ташкилот сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида экологик йўналтирилган ёндашув мамлакатнинг барқарор ривожланишида муҳим омил бўлиб ҳисобланишини англаган, атроф-муҳит ва инсон саломатлиги ҳақидаги ғояларни қўллаб-қувватловчи  ҳамда уларни рўёбга чиқариш истагида бўлган фуқароларини ўз атрофида бирлаштирди. У жамиятда экологик маданиятни юксалтиришга ҳам муносиб ҳисса қўшиб келаяпти.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 15 та депутатлик ўрни Ўзбекистон экологик ҳаракатига ажратилди. Бундай институт дунёнинг бошқа мамлакатларида учрамайди ва у атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда аҳоли саломатлигини ҳимоялаш соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришда, тегишли ҳуқуқий ҳужжатларнинг жойлардаги ижросини таъминлаш, парламент ва жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишда салмоқли ўрин тутаётир.
Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъекти сифатида атроф-муҳитни ва фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш, мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва экологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга йўналтирилган экологик сиёсат юритмоқда. Ўз навбатида, мамлакатимиз Марказий Осиё минтақасида биосфера функцияларини қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнамоқда. Бу эса юртимизда экологик барқарорликни мустаҳкамлашга эл фаровонлигини юксалтириш, халқ хўжалиги ва жамият тараққиётининг асосий шартларидан бири сифатида қаралаётганидан далолат беради.
Ўзбекистон дунё ҳамжамияти эътиборини барқарор ривожланишга,  умумий тараққиёт ва тинчлик учун хизмат қилишга, атроф-муҳитни муҳофаза этишга қаратиб келмоқда. Бугун мамлакатимиз БМТ томонидан қабул қилинган Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришишда кўплаб давлатларга намуна бўлаётир. Жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда барқарор ривожланиш соҳаси бўйича қатор стратегик ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича миллий ҳаракатлар режаси, Атроф-муҳит гигиенаси бўйича миллий ҳаракатлар режаси, Биохилмахилликни сақлаш миллий стратегияси ва ҳаракатлар режаси, Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича  миллий ҳаракатлар режаси, Қайта тикланувчан энергия манбалари миллий стратегияси ана шулар сирасидандир. Уларнинг ижроси изчил таъминлаб келинмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, жорий йил сентябрь ойида БМТнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтади. Унда  Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш дастури бўйича рўёбга чиқарилган ишлар натижалари сарҳисоб қилинади, барқарор ривожланиш учун янги кун тартиби белгилаб олинади. Бу чора-тадбирлар “2030 йил —  муносиб ҳаёт учун йўл: қашшоқликни тугатиш, барча инсонлар яшаш шароитини яхшилаш ва сайёрамизни ҳимоя қилиш” шиори остида амалга оширилади. Зотан, Президентимиз таъкидлаганидек, тараққиётнинг ҳозирги босқичида инсон билан табиатнинг ўзаро таъсирига оид бир қатор муаммоларни ҳал этиш фақат бир мамлакат доирасида чекланиб қола олмайди. Уларни бутун сайёрамиз кўламида ҳал қилиш зарур. Кўриниб турибдики, табиий муҳитни инсон юритадиган хўжалик фаолиятининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш билан боғлиқ кўпгина муаммолар кенг кўлам касб этади. Шу сабабли улар фақат халқаро ҳамкорлик асосида ҳал қилиниши лозим.
Бинобарин, мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий неъматлардан оқилона фойдаланиш, соҳада институционал имкониятларни кенгайтириш йўналишида ҳам ҳамкорлик қилиб келаяпти. Қатор лойиҳалар техник кўмаги билан парник газлари эмиссиясини камайтириш, биологик хилмахилликни сақлаш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, муқобил энергия манбаларини жорий этиш ҳамда энергия тежовчи ва чиқиндисиз технологияларни қўллаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Умуман, Ўзбекистонда мустақиллик йилларидаги экологик сиёсат натижасида атроф-муҳит сифати ва мусаффолиги яхшиланди. Шу даврда атмосферага ифлослантирувчи моддаларнинг ташланиши 2,1 мартага, ифлосланган оқова сувлар ҳажми 2 баробар камайди. Ўсимликларни ҳимоя қилишнинг биологик усулларига ўтиш имконияти тўла-тўкис яратилди. Экин майдонлари тизимида дон, сабзавот ва картошка экинларини кўпайтириш тенденцияси ўрнатилди ва бугунги кунда пахта етиштириладиган майдонлар қисқариб бормоқда. Биргина сўнгги беш йилда 1 млн. 200 минг гектардан зиёд суғориладиган ер майдонининг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Биосфера резервати, миллий қўриқхона, боғ, буюртмахона ва экомарказлар ривожланмоқда. Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни реабилитация қилиш тадбирлари фаоллик билан амалга оширилаяпти. Булар бетакрор, ноёб флора ва фауна олами, биологик хилмахиллик генофондини сақлаб қолишда асқатмоқда.
Шуларга муштарак тарзда Экоҳаракат ва унинг парламент қуйи палатасидаги депутатлари гуруҳи экологик қонунчиликни янада такомиллаштириш, жамоатчилик ва парламент назорати самарадорлигини янада кучайтириш, халқаро ҳамкорлик фаолиятини кенгайтириш, жамоатчиликни атроф-муҳитни муҳофаза қилишга фаол жалб этиш борасидаги ишларни янада жонлантириши мақсадга мувофиқдир.


Борий АЛИХОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
Сергей САМОЙЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси  депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn