Фаол, ташаббускор, фидойи
  • 06 Июнь 2015

Фаол, ташаббускор, фидойи

маҳалла маслаҳатчилари ўртасида танлов қизғин давом этмоқда

Маълумки, айни пайтда жойларда “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари бўлиб ўтмоқда. Маслаҳатчилар ўртасида илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, уларнинг янада изланишга, билим ва кўникмаларини оширишга бўлган рағбатни кучайтириш, қонун ҳужжатларида белгиланган вазифаларининг самарали ижросини таъминлаш мақсадларига йўналтирилган танлов соҳада кечаётган ислоҳотларнинг ўзига хос кўзгусига айланмоқда.
Мазкур тадбирларда маҳалла институти изчил ривожланиб бораётгани аҳолини, айниқса, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда, оила ва жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим омил бўлаётгани алоҳида таъкидланаётир. Хусусан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун талабларидан келиб чиқиб, маҳаллаларда фаолиятнинг долзарб йўналишлари бўйича ўнга яқин комиссиялар иши такомиллаштирилмоқда, халқ манфаати йўлидаги саъй-ҳаракатлар давр руҳига ҳамоҳанг тарзда олиб борилаётир. Айтиш жоизки, бу борадаги ишлар Кексаларни эъзозлаш йилида янада кенг қамров касб этаяпти. Дастур доирасида ёши улуғ инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш, қарияларни қадрлаш билан боғлиқ миллий анъаналаримизни ёшлар онгига чуқур сингдириш, маҳаллада ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, юксак ахлоқий ва маънавий қадриятлар муҳитини шакллантириш, шунингдек, ёш оилаларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун кўмаклашиш, тадбиркорликни ривожлантириш чора-тадбирларига эътибор кучайтирилаяпти.
— Маҳалланинг жамиятдаги нуфузи ошишида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларнинг ўрни беқиёс, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Андижон вилояти бўлими бош мутахассиси О. Ибрагимова. — Улар маҳаллада осойишталик ва тотувликни сақлаш, анъана ҳамда қадриятларимизнинг бардавомлигини, ёшлар тарбиясини тўғри шакллантириш билан боғлиқ масъулиятли вазифаларни сидқидилдан бажармоқда. Бугунги танловда иштирокчиларнинг билим ва тажрибасини, фаолиятида эришаётган натижаларини баҳолаш асносида бунга ишонч ҳосил қилдик.
“Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танловининг вилоят босқичида Андижон шаҳридаги “Шўрбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Матлуба Абарова ғолиб деб топилди. Бу бежиз эмас, албатта. Маҳаллада жамоатчилик билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, бир неча йиллардан буён бу ерда оилавий низо, ҳуқуқбузарлик ёки бошқа салбий ҳолатлар кузатилмади.
Ҳудудларда ижтимоий аҳамиятга молик дастурларнинг ижросини, барча жабҳада инсон манфаатлари устунлигини таъминлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таъсири ортиб бормоқда. Таъбир жоиз бўлса, бугун фуқароларимиз кундалик турмуш билан боғлиқ кўплаб масалаларда айнан маҳаллага мурожаат қилаётир. Маҳалла фаоллари кўмаги, иштироки билан бу мурожаатлар ижобий ҳал этилаяпти. Мазкур жиҳат кўрик-танловнинг Тошкент вилояти босқичида яна бир карра ўз ифодасини топди. Унда қуйи босқичларда сараланган 18 нафар маслаҳатчининг салоҳияти ва фаолиятига адолат, холислик асосида баҳо берилди. Якунда Қуйи Чирчиқ туманидаги “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Фарида Ҳайитматова биринчи ўринга сазовор бўлди.
Ҳозирги кунда Сирдарё вилояти фуқаролар йиғинларида 209 нафар диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи фаолият юритмоқда. Эътироф этиш лозимки, аҳоли ўртасида муносиб ҳурмат-эътибор қозонган бу фаол аёллар каттаю кичикнинг яқин маслаҳатгўйи ва кўмакчисига айланган.
— Айниқса, келажагимиз эгалари — ёшлар тарбиясига жиддий ёндашмоқдамиз, — дейди Гулистон туманидаги “Ибрат” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Умида Расулова. — Бунда “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигида амалга ошираётган ишларимиз ўз натижасини бераяпти. Шу билан бирга, аҳоли, жумладан, хотин-қизларнинг бандлик даражасини оширишга ҳаракат қилаяпмиз. Ана шундай тизимли ишлар самарадорлигини таъминлашда маҳалла маслаҳатчилари ўртасида ўтказиб келинаётган  анъанавий танловнинг аҳамияти катта бўлаётир. Мазкур кўрик биз, маслаҳатчилар учун фаолиятимизнинг ўзига хос сарҳисоб майдони ҳамда ўзаро тажриба алмашиш мактаби ҳисобланади.
“Фуқаролар йиғинининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танловининг Сирдарё вилояти босқичида Сайхунобод туманидаги “Турон” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Мария Бабаярова республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмага эга бўлди.
Танловнинг Сурхондарё вилояти босқичида 14 нафар маслаҳатчи маҳалладаги маънавий муҳит барқарорлиги, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, оилалар мустаҳкамлиги, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, кексаларни ижтимоий муҳофазалаш, тўй-ҳашам ва турли маросимларни ихчам, тартибли ўтказиш, тадбиркорликни ривожлантириш борасида  эришаётган натижаларини тақдимотлар асосида намойиш қилди.
— Маҳалла демократик ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси, халқимизнинг бой тарихий тажриба ва қадриятларини мужассам этган ноёб бошқарув тизимидир, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилояти бўлими бошқаруви раиси ўринбосари Орзиқул Соатов. — Вилоятимизда фаолият олиб бораётган 684 нафар маслаҳатчининг барчаси эл-юрт равнақи йўлида эзгу ташаббусларни рўёбга чиқармоқда, ибрат ва намуна кўрсатмоқда. Кўрик-танловнинг қуйи босқичларида улар орасидан энг пешқадамларини танлаш осон кечмагани боиси ҳам шунда.
Танловнинг янада қизғин руҳда ўтган вилоят босқичида Қумқўрғон туманидаги “Нурли диёр” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Ҳадича Шайманова ғолибликни қўлга киритди.
— Бу каби тадбирлар, рағбат ва эътибор янада изланишга ундайди, — дейди кўрик-танловнинг Жиззах вилояти босқичи ғолиби,  ўаллаорол туманидаги “Тозауруғ” қишлоқ фуқаролар йиғини маслаҳатчиси  Гулчеҳра Ўрозбева. — Ўз навбатида, соҳага оид қонун ҳужжатларини чуқур билиш ва амалиётда қўллаш бўйича кўникмаларимизни ошириб боришга туртки бермоқда. Бугунги танлов ишларимизни жонлантириб, тажрибамизни бойитишда, бошқача айтганда,  билдирилган ишончга муносиб бўлиш учун ҳаракат қилишимизда айни муддаодир.
“Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари давом этмоқда.


«Халқ сўзи» мухбирлари
хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn