Баркамол авлод — юрт таянчи
  • 06 Июнь 2015

Баркамол авлод — юрт таянчи

Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор туфайли нафақат шаҳарларда, балки қишлоқ жойларда ҳам барча шарт-шароитга эга замонавий иншоотлар, хусусан, спорт заллари, теннис кортлари, сув ҳавзалари, стадионлар қад ростлаяпти. Уларда фарзандларимиз жисмоний машғулотлар билан мунтазам шуғулланиб, баркамол бўлиб вояга етмоқда.

Бу борадаги ишларни ташкил этишда Президентимизнинг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ҳамда 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Айтиш жоизки, мазкур жамғарманинг фаолият кўлами кенг қамровли. У ҳудудларда жисмоний тарбия ва спортнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, умумий ўрта таълим мактаблари қошида, шунингдек, аҳоли яшаш жойларида спорт мажмуалари бунёд этиш, уларни бугунги кун талабларига мос тарзда жиҳозлаш, иншоотлардан самарали фойдаланишни ташкиллаштириш каби қатор вазифаларни амалга ошириб келаяпти.
Биргина Самарқанд вилоятида ўтган йиллар мобайнида мазкур жамғарма маблағлари ҳисобидан икки юзга яқин болалар спорти иншоотлари барпо этилди. 2014 йилнинг ўзида 17 объектда қурилиш ва капитал реконструкция ишлари бажарилди. Жумладан, саккизта умумтаълим мактабида спорт зали, Пастдарғом туманида ёпиқ сув спорти саройи бунёд этилди. Самарқанд шаҳри ҳамда туманларидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида эса капитал таъмирлаш тадбирлари амалга оширилди.
Бундай эътибор туфайли вилоятда спорт билан шуғулланаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда ҳудуддаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг қарийб 52 фоизи, яъни 266 минг нафардан ортиғи спорт машғулотларига қатнашади. Уларнинг 121 мингга яқинини қизлар ташкил этади.
Хотин-қизлар ўртасида спортни оммалаштириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар доирасида туман ва шаҳарларда бадиий гимнастика, енгил атлетика бўйича секциялар фаолияти йўлга қўйилган. Бунинг самараси ўлароқ, айни пайтга келиб, ўқувчи-қизларнинг беш минг нафардан ортиғи бадиий гимнастика, 8 минг 300 нафарга яқини енгил атлетика, 7 минг 500 нафари стол тенниси билан шуғулланаётир. Улар орасида нуфузли халқаро мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари бор.
Ўтган йили Пастдарғом туманида фойдаланишга топширилган “Olimp” ёпиқ сув ҳавзаси ҳам давлатимиз томонидан келажагимиз эгаларини баркамол қилиб тарбиялаш йўлида кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Лойиҳа қиймати 2 миллиард 145 миллион 800 минг сўмни ташкил этган мазкур мажмуада сув спорти турлари билан шуғулланиш билан бирга, турли мусобақаларни юқори савияда ўтказиш учун ҳам барча имконият яратилган. Бу ердаги бассейн 4 йўлакдан иборат бўлиб, эни 12, узунлиги эса 25 метрга тенг.
— Ҳозирги кунда мажмуамизда 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган юзга яқин ўғил-қизлар беш нафар мураббий кўмагида сув спортининг сузиш, синхрон сузиш, сув полоси каби турлари сирларини ўрганмоқда, — дейди “Olimp”  ёпиқ сув ҳавзаси директори Соҳиб Мамасолиев. — Бундай замонавий иншоотда шуғулланиб, чиниқиб бораётган ёшлар орасидан юртимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қиладиган моҳир спортчилар етишиб чиқишига ишонамиз.


Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn