Ёшларга “Камолот” уйлари
  • 04 Июнь 2015

Ёшларга “Камолот” уйлари

Сардоба тумани маркази — Пахтаобод шаҳарчасида “Камолот” уйи фойдаланишга топширилди. Ушбу кўркам тураржой Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари асосида бунёд этилди.

Куни кеча фан, таълим, маданият, спорт соҳаларида катта муваффақиятларни қўлга киритаётган бир гуруҳ ёшлар ўз оилалари билан ушбу хонадонларга кўчиб ўтишди.
— Янги уйимизга ташриф буюрган тенгдошларим ҳавас қилишди, — дейди Сардоба ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Даврон Азимов. — Хонадонимизда оиламизнинг фаровон яшаши учун барча зарур қулайлик яратилган. Бу давлатимизнинг ёшларга кўрсатаётган беқиёс ғамхўрлигининг яна бир амалий ифодасидир.
Эътиборлиси, ёш оилалар янги тураржой учун тўловни  имтиёзли кредит асосида амалга оширади. Яъни йигирма йил давомида, хусусан, дастлабки беш йилда уйнинг умумий қийматига нисбатан белгиланган фоизлар тўлаб борилади, холос.
— Тез орада Оқолтин туманида ҳам ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ ёш оилаларга янги хонадонларнинг калитлари топширилади, — дейди “Камолот” ЁИҲ Сирдарё вилояти кенгаши раиси Лазиз Аҳмедов. — Айни пайтда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ана шундай тураржойларни бунёд этишга киришилган.
Айтиш жоизки, жорий йил Наврўз байрами арафасида Янгиер шаҳрида 32 та ёш оила ана шундай кўп қаватли уйга кўчиб ўтганди. Айни чоғда Оқолтин тумани марказида ҳам яна бир “Камолот” уйи қуриб битказилмоқда.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn