Меҳнат бозори ва кенг имконият
Версия для печати
  • 03 Июнь 2015

Меҳнат бозори ва кенг имконият

Аҳолининг бандлик даражаси ҳамда меҳнат бозоридаги барқарорлик  инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни баҳолаш мезонларидан ҳисобланиб, мазкур масала ҳамон кузатилаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз шароитида янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг маълум қилишича, дунё бўйича ҳар йили биринчи марта меҳнат бозорига кираётган 40 миллион кишининг ва мавжуд 200 миллион ишсизнинг бандлигини таъминлаш учун яқин ўн йилликда 600 миллион иш ўрни яратиш вазифаси турибди.

Ўзбекистонда аҳолининг бандлигини таъминлаш ва бунинг учун зарур шарт-шароитларни яратиш ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларидан бири саналади. Мазкур соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор самарасини республикамизда жорий йилнинг биринчи чорагида 141 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Эътиборлиси, бандлиги таъминланган фуқароларнинг салмоқли қисми қишлоқ жойларда яшовчи аҳоли ҳиссасига тўғри келади. Бинобарин, бир инсоннинг ўз лаёқати ва қизиқишига кўра доимий даромад манбаига эга бўлиши нафақат ўзи ҳамда оиласи, балки жамият учун ҳам аҳамиятлидир.  
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда меҳнатга лаёқатли ёшдаги фуқаролар аҳолининг 62 фоизини ташкил қилади. Ҳар йили меҳнат ресурслари ўртача икки фоиз ошиб бораётганини назарда тутсак, аҳоли бандлигини тўлиқ таъминлаш ҳамиша долзарб масала экани ойдинлашади.
Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида Ўзбекистон меҳнат бозорининг ҳуқуқий ва институционал асослари яратилди. Меҳнатни татбиқ қилиш соҳаси ҳамда имкониятлари, ўзини ўзи иш билан таъминлаш кўламлари кенгайди. Меҳнат фаолиятининг шакллари ва турлари хилма-хил кўринишга эга бўлди, мулкчилик ҳамда тармоқ шакллари бўйича ишловчилар таркиби ўзгарди, янги, одамлар учун янада қулай бандлик шакллари пайдо бўлди.
Касаначилик, ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик сингари норасмий фаолият юритган муайян меҳнат турлари қонунийлаштирилди. Муҳими, барқарор иқтисодий ўсиш тенденцияси юртимиз аҳолисининг бандлик даражаси кўтарилиши учун муносиб шарт-шароитлар яратилиши ва ривожлантирилишини таъминламоқда.
Юртимизда иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлиги бўйича барқарорлик, самарадорлик омилларини таҳлил қилсак, аввало, хусусий тадбиркорлик ривожининг жадаллашуви, қулай ишбилармонлик муҳитининг яратилгани, кичик корхона ва микрофирмалар сони ортиши ҳар йили минглаб кишиларга турмуш фаровонлигини ошириш имкониятини бермоқда. Хусусан, ўтган йили ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар натижасида 370,5 минг иш ўрни яратилди. Шунингдек, Инвестиция, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш, ижтимоий-иқтисодий ва саноатни ривожлантириш ҳудудий дастурлари изчил амалга оширилиши, якка тартибдаги тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш ва сервис, транспорт-коммуникация соҳаларининг жадал суръатда равнақ топиши аҳоли бандлигида салмоқли ўрин тутмоқда. Касаначилик, оилавий тадбиркорликни, миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани ҳам минглаб оилаларнинг рўзғори бутлигини таъминлаётир. Айниқса, Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари касаначилик ҳамда миллий ҳунармандчилик марказларига айланган.
Бундан ташқари, кўп тармоқли фермер хўжаликларининг сафи кенгайиб бораётгани, аҳолининг шахсий ёрдамчи участкаларда деҳқончилик маҳсулотлари етиштириши учун барча қулайлик яратилгани, вақтинча фаолият юритмаётган ва банкрот деб топилган корхоналарнинг молиявий соғломлаштирилиши ишсизлик даражаси мўътадиллигини сақлашга хизмат қилмоқда.
Қувонарлиси, бандлик ва даромадлар ўсиши натижасида юртимиз аҳолисининг иқтисодий фаоллиги кучайди. Пировардида меҳнат бозорининг асосий индикаторлари барқарорлигига эришилмоқда. Бандлик тизимида ижобий тенденция кўзга ташланаяпти. Чунончи, нодавлат иқтисодий секторда иш билан банд кишилар улуши 2000 йилдаги 58 фоиздан 2015 йилга келиб 82 фоизга ўсди. Агар бундан 15 йил олдин иш билан таъминланганларнинг 34 фоизи қишлоқ хўжалигида меҳнат қилган бўлса, бугунги кунга келиб хизмат кўрсатиш, саноат ва қурилиш-пудрат ишларида бандлик кўрсаткичи ортиб бораётир.
Ўзбекистон — улкан меҳнат салоҳиятига эга мамлакат. Фуқароларнинг меҳнат қилиш билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар аҳолининг эҳтиёжманд қатлам вакиллари бандлигини изчил таъминлаш, айни мақсадда квоталанган иш ўринларига ногиронларни, кўп болали ота-оналар, аёллар, жазони ўташ жойидан озод қилинган шахсларни жалб этишни ҳам қамраб олган. Шу билан бирга, ёшларни, жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликларга ишсизларни “Устоз — шогирд” усули билан касбий ва қайта тайёрлаш, иш кучига талаб ҳамда таклифни ўзаро мувофиқлаштириш борасида залворли натижалар қўлга киритилмоқда. Бандлик соҳасидаги бу муваффақиятлар одамларнинг турмуш даражасини тобора яхшилаш йўлидаги тизимли ислоҳотлар билан узвий боғлиқ, албатта.
Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий йўналтирилган сиёсат фуқароларни ишсизликдан муҳофаза қилиш чоралари кучайтирилганида, оилалар фаровонлигида, жамиятдаги барқарорлик ҳамда манфаатлар тенглигида ўзининг яққол ифодасини топмоқда. Зеро, бугун бутун дунёда эътироф этилган тараққиётнинг “ўзбек модели” ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқини, таъбир жоиз бўлса, ўз турмушидан мамнун, эртанги кунидан хотиржам ҳамда бахтли ҳаёт кечиришини таъминламоқда.

 

Эркин АВЕЗОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий
муҳофаза қилиш вазирлиги
бошқарма бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn