Беғубор болалик қувончи
  • 03 Июнь 2015

Беғубор болалик қувончи

Мамлакатимизда “Ҳар бир болага меҳр, эътибор!” деб номланган махсус ҳафталик ўтказилмоқда. Унинг доирасида пойтахтимиздаги “Тошкентленд“ истироҳат боғида Тошкент шаҳри ва вилоятидаги Меҳрибонлик уйлари, “SOS — Болалар маҳаллалари” тарбияланувчилари, эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида ҳалок бўлган хизматчиларнинг фарзандлари учун байрам тадбири ташкил этилди.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан бўлиб ўтган хайрия тадбири “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, “Sen yolg‘iz emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилояти ҳокимликлари ҳамкорлигида уюштирилди.
Тадбирда сўзга чиққан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди раиси ўринбосари Н. Мўминов, “Sen yolg‘iz emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси ўқув маркази директори М. Охунова ва бошқалар мамлакатимизда болаликни ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг барча жиҳати ҳақида сўз юритди. Президентимиз ташаббуси билан бу борада тегишли давлат дастурлари рўёбга чиқарилмоқда, ушбу соҳада миллий манфаатлар ҳамда халқаро меъёрларга жавоб берадиган қатор қонунлар қабул қилинди.
Тақдир тақозоси билан ота-онаси тарбиясидан маҳрум бўлган ва ҳаётда мушкул аҳволга тушиб қолган болаларга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бундан кўзланган мақсад ҳар бир ўғил-қиз оилавий шароитда тарбия топиб, миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида камол топиши учун ёрдам беришдан иборат.
Ҳафталик доирасида ўтказилаётган тадбирларда ижтимоий-тиббий кўмакка муҳтож болаларни соғломлаштириш, уларга билим бериш, мактабдан ташқари таълим муассасаларига кенг жалб қилиш, инклюзив таълимни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Байрам тадбирида болажонлар спортчиларнинг чиқиши ва ижрочи ёшлар томонидан ташкил этилган концерт дастуридан баҳраманд бўлдилар.


Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn