Табиат неъматларидан оқилона фойдаланиш ривожланишнинг муҳим омилидир
  • 03 Июнь 2015

Табиат неъматларидан оқилона фойдаланиш ривожланишнинг муҳим омилидир

Пойтахтимизда 5 июнь — Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг юртимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Экологик ҳафталик — 2015” лойиҳаси ўз ишини бошлади.

Мазкур ҳафталик бутун дунё бўйлаб ўтказиладиган кенг кўламли экологик акцияларнинг узвий бир қисми бўлиб, ундан кўзланган мақсад мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар самараси, табиий ресурсларни асраб-авайлаш ишларига жамоатчилик эътиборини жалб этишдир. 
Тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлашга устувор вазифалардан бири сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Шу мақсадда истиқлол йилларида соҳанинг ҳуқуқий асоси яратилиб, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни тартибга солувчи қонунларнинг изчил ижроси таъминланаётгани муваффақиятлар гарови бўлаётир.
Айтиш жоизки, Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни БМТ Бош Ассамблеяси ташаббуси билан 1972 йилдан буён ўтказиб келинади. Унга Стокгольм конференцияси якунлари бўйича қабул қилинган резолюцияга мувофиқ асос солинган.
Ушбу сана жорий йилда “Етти миллиард орзу. Ягона сайёра. Оқилона фойдалан” шиори остида нишонланмоқда. Зеро, сайёрамизда аҳоли нуфусининг ўсиб, табиий ресурсларга бўлган эҳтиёж ҳам муттасил ортиб бораётгани ер усти ва ер ости бойликларидан оқилона фойдаланишни тақозо қилаётир. Шу боис ҳам дунё экологлари ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлида табиатга зарар етказмаслик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш асносида барқарор ривожланиш йўлидан боришга чақирмоқда.
Эътиборлиси, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар бунга ҳамоҳанг бўлиб, ушбу жараёнда “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Анъанавий равишда ўтказиб келинаётган ҳафталик ҳам мазкур ҳужжат ижросига қаратилган.
“Экологик ҳафталик — 2015” дастури ранг-баранг бўлиб, унинг доирасида кўргазмалар, илмий-амалий конференциялар, брифинглар, тақдимотлар, янги технологияларнинг намойиши ва бошқа турли тадбирлар ташкил этилади. Булар табиатни асрашга қаратилган ташаббусларни  рағбатлантириш, ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, аҳоли кенг қатлами хабардорлигини оширишдек эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан ҳам ғоятда аҳамиятлидир.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn