Малакали мутахассислар сараланди
  • 03 Июнь 2015

Малакали мутахассислар сараланди

Тошкентда Халқ таълими вазирлиги томонидан илк маротаба ташкил этилган “Йилнинг энг яхши инглиз тили ўқитувчиси” кўрик-танловининг якуний босқичи
бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда таълим тизимини янада ривожлантириш, унинг сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши чет тили фанини ўқитиш тизимини замон талаблари даражасида йўлга қўйишга пухта замин яратди.
Хусусан, халқ таълими тизимида бу борада қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Чунончи,  2013/2014 ўқув йилидан эътиборан республикадаги барча умумтаълим мактабининг 1-синфидан бошлаб, янги давлат талаблари ва ўқув дастури асосида чет тилини ўқитиш йўлга қўйилди. Илк маротаба 1-2-синфлар учун чет тилидан янги дарсликлар, яъни мультимедиали илова, ўқувчи иш дафтари ва ўқитувчи учун методик  қўлланмадан иборат мажмуалар чоп этилди.
“Йилнинг энг яхши инглиз тили ўқитувчиси” кўрик-танловини ўтказишдан асосий мақсад илғор, ташаббускор педагогларни аниқлаш ҳамда уларнинг меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштиришдан иборат.
— Кўрик-танлов уч босқичда ўтказилди, — дейди Халқ таълими вазирлигининг Умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаблар бошқармаси бошлиғи Абдураҳим Носиров. — Унинг дастлабки босқичларида инглиз тили ўқитувчилари 250 тагача сўздан иборат эссе ва дарс ишланмалари ҳамда видеодарси билан қатнашди. Якуний босқичда эса иштирокчилар Британия кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ўтказилган АРТIS тест саволларида иштирок этди. Бу орқали CEFR талаблари доирасида чет тили ўқитувчиларининг ўқиш (R-reading), тинглаб тушуниш (L-listening), гапириш (S-speaking), грамматик ва лексик (GV — grammar and vocabular) билимлари баҳоланди.
Якунда ғолиблар номи эълон қилинди.  Биринчи ўрин соҳибига “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони ҳамда кубок берилди. Республика босқичида энг юқори натижа кўрсатган 40 нафарга яқин чет тили ўқитувчилари эса Буюк Британиянинг нуфузли марказларида малака ошириш имкониятини қўлга киритишди.


Шаҳзод АСАТУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn