Ҳар бир бола — меҳр оғушида
  • 02 Июнь 2015

Ҳар бир бола — меҳр оғушида

Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан хайрия концерти бўлиб ўтди. “Ҳар бир болага меҳр, эътибор!” махсус ҳафталиги доирасида ташкил этилган ушбу тадбирга Меҳрибонлик, Мурувват уйлари, махсус мактаб-интернатларнинг тарбияланувчилари, алоҳида эҳтиёжли оилаларнинг фарзандлари, имконияти чекланган болалар таклиф этилди.

“Sen yolg‘iz emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси Васийлик кенгаши раиси Л. Каримова-Тиллаева мамлакатимизда фарзандлар камоли йўлида амалга оширилаётган барча эзгу ишлар замирида дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси мужассамлиги, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатлигини асраш давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий эътиборида эканини  алоҳида таъкидлади.
Маълумки, “Sen yolg‘iz emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси ота-она меҳридан бебаҳра қолган болаларнинг таълим-тарбия олишига, ўз қизиқиши ва лаёқати, интилишларини ҳисобга олган ҳолда касб-ҳунар эгаллашига, жамиятга интеграциялашувига яқиндан кўмаклашиб келмоқда. “Ҳар бир болага меҳр, эътибор!” махсус ҳафталиги доирасида ўтказилган хайрия акциялари, бадиий кўргазмалар, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасидаги турли спорт мусобақалари ёш авлод камолоти йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.
“Туркистон” саройининг ёзги саҳнаси камалакранг чироқлар, турфа гуллар билан безатилган. Болалар бадиий жамоалари томонидан бири-биридан қувноқ, шўх куй-қўшиқлар, жўшқин рақслар  ижро этилди.  Cанъат усталари ва ёш ижрочилар, ижодий жамоалар иштирокидаги катта концерт йиғилганларга байрамона кайфият бағишлади.
Тадбирда ўқув йили давомида аъло натижаларга эришган, турли спорт мусобақалари, ижодий танловларда совриндор бўлган болалар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn