Пухта билим ва илғор тажриба маҳалла маслаҳатчилари ўртасида ўтказилаётган кўрик-танловнинг мазмун-моҳиятини ташкил этмоқда
  • 02 Июнь 2015

Пухта билим ва илғор тажриба маҳалла маслаҳатчилари ўртасида ўтказилаётган кўрик-танловнинг мазмун-моҳиятини ташкил этмоқда

Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, хусусан, миллий анъана ва қадриятлар ўчоғи, ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими — маҳалланинг мавқеини тобора оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда жамиятда осойишталик ҳамда ўзаро тотувликни, ижтимоий-маънавий барқарор муҳитни мустаҳкамлаш, фуқаролар фаоллигини кучайтириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, айниқса, ёлғиз қариялар, пенсионер ва ногиронларга ғамхўрлик кўрсатиш, оилаларни қўллаб-қувватлаш, ўсиб келаётган авлодни баркамол этиб вояга етказиш каби долзарб вазифаларни рўёбга чиқаришда мазкур институт муҳим ўрин тутмоқда.
Маҳалла институти ривожида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар фаолияти беқиёс аҳамиятга эга. Айни пайтда ушбу вазифаларда катта ҳаёт тажрибасига эга, аҳоли, энг аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, миллий-диний анъана ҳамда урф-одатларни ривожлантириш борасида ижобий таъсир кўрсата оладиган 8 минг 500 нафардан ортиқ фаол, фидойи хотин-қизлар самарали иш олиб бормоқда.
Жумладан, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида республикамиздаги 2,5 миллионга яқин оилаларнинг ижтимоий-маънавий ҳолати ўрганилган ҳамда уларни мустаҳкамлаш борасида зарур тавсиялар берилган. Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 20 мингдан ортиқ оилаларда турли низоларнинг олди олинган.
Шунингдек, фуқаролар йиғинларида ташкил этилган “Ота-оналар университети” томонидан ота-оналарнинг ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, физиологик билимларини ошириш бўйича жорий йилнинг ўтган даврида 34 мингга яқин тадбирларнинг ўтказилишига кўмаклашилган, “оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги доирасида 29 мингдан ортиқ тадбирларни ташкил қилишда бевосита иштирок этилган.
Табиийки, маслаҳатчиларнинг бу борада тўплаган иш тажрибасини ўрганиш, кенг оммалаштириш ва улар фаолиятини такомиллаштиришда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ташаббуси билан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ҳар йили ўтказиб келинаётган “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Кўрик-танловнинг туман, шаҳар босқичлари 27 апрель — 16 май кунлари ўтказилиб, уларда 8 минг 549 нафар маслаҳатчи қатнашди. Ушбу танловда биринчи ўринни қўлга киритганлар вилоят босқичига йўлланма олди.
Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида 390 нафар диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи самарали фаолият юритмоқда. Улар орасидан сараланган 16 нафар маслаҳатчи танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ўз билим ва тажрибасини синовдан ўтказди. Танловда иштирокчилар соҳага оид қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини нечоғли теран англашини намоён этганлари ҳолда аҳоли турмуш фаровонлигини муттасил ошириш юзасидан қилинаётган ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумот бердилар.  Жумладан, Кегейли туманидаги 3-сонли маҳаллада аҳоли, хусусан, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан аёлларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, умумтаълим мактаблари битирувчиларини таълимнинг кейинги босқичига жалб этиш, эрта никоҳнинг олдини олиш каби йўналишларда эътирофга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда. Бунда маҳалла маслаҳатчиси Олтингул Мухамбетованинг ҳам муносиб ҳиссаси бор, албатта. У кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида биринчи ўринни эгаллади.
Кўрик-танловнинг Хоразм вилояти босқичида 11 нафар иштирокчининг фаолияти ошкоралик ва адолат мезонлари асосида баҳоланди. Маслаҳатчиларнинг миллий қадриятларимизни тарғиб этиш, тўй-ҳашам ҳамда маросимларни ихчам ўтказиш, маҳалланинг маънавий муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги ёндашув ва қарашлари савол-жавоблар орқали аниқланган бўлса, иш фаолиятига оид  қизиқарли фотоальбом, плакат ҳамда стендлар  ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.  Танлов якунига кўра,  ғолиблик Ҳазорасп туманидаги “Шовот” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Сора Ражабовага насиб этди.
— Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшларни баркамол қилиб тарбиялаш, хусусий тадбиркорлик, оилавий бизнес ва инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини ижтимоий муҳофаза этиш, ёшлар ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ишларининг самарадорлигига эришишда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар кўмаги катта бўлмоқда, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган вилояти бўлими бош мутахассиси Дилором Зоҳидова. — Кўрик-танловнинг Наманган вилояти босқичида қатнашган 12 нафар маслаҳатчини ана шундай изланувчан, ташаббускор, ўз касбининг чинакам фидойилари, дейиш мумкин.  Бу гал иштирокчиларга кундалик иш фаолиятида учраб турадиган турли вазиятлардан чиқиб кета олиш қобилиятини  намоён этиши учун ҳам имконият берилди. Фуқаролар йиғинлари ишини самарали ташкил этиш, жамоатчилик назоратини мустаҳкамлаш, “оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизмини кучайтириш бўйича тажрибалари муносиб баҳоланди.
Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Наманган туманидаги “Тепақиёт” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Холпошша Қаюмова танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. 
— Мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ривожлантиришга доир мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асос яратилган, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти бўлими бошқаруви раиси Шерали Йўлдошев. — Президентимизнинг 2012 йил 9 июлда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари меҳнатини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони тизим фаолларига, шу жумладан, маҳалла маслаҳатчиларига кўрсатилаётган эътиборнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Ана шу юксак эътибор ва ишонч маҳалла фуқаролар йиғинлари маслаҳатчилари зиммасига катта масъулият юклайди. Вилоятимизда фаолият юритаётган 1 минг 100 нафарга яқин маслаҳатчи аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларни миллий мафкурамизга ёт ғоя ва турли иллатлардан асраш, меҳр-оқибат, бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, шунингдек, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурига мувофиқ, ёши улуғ инсонларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш борасида кўплаб хайрли  ишларда фаол иштирок этмоқда. Бу каби танловлар, ўз навбатида, фуқаролар йиғинлари маслаҳатчилари учун маҳорат ва тажриба алмашиш мактаби вазифасини ўташи, шубҳасиз.
Фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари ўртасида ўтган танловнинг Самарқанд вилояти босқичида Тайлоқ туманидаги “Пайшанбасиёб” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Тансиқ Мажидова биринчи ўринга сазовор бўлди.
— Бу танловда ғолибликни қўлга киритиш осон кечмади, —дейди  “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” танловининг Фарғона вилояти босқичи ғолиби, Данғара туманидаги Янги замон маҳалласи маслаҳатчиси Саноатхон Эргашева. — Барча иштирокчилар билим ва салоҳият бобида бир-биридан қолишмайди. Бундай тадбирлар ўз устимизда кўпроқ ишлашга, ташаббус кўрсатишга ундайди. Пировардида иш фаолиятимизни бугунги кун талаби даражасида ташкил этишимизда асқатади.
Дарвоқе, жойларда бўлиб ўтаётган танловлар доирасида  маҳаллаларда ишлаб чиқарилаётган миллий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати буюмлари кўргазмаси ҳам намойиш этилмоқда. Санъат усталарининг концерт дастурлари тадбирларга байрамона кайфият бағишлаяпти.

Вилоят мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn