Эъзоз ва эътибор ифодаси
  • 02 Июнь 2015

Эъзоз ва эътибор ифодаси

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар юксак самаралар бермоқда.

Хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлигини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда.
Президентимизнинг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони опа-сингилларимизнинг барча жабҳада, шу жумладан, бизнес соҳасида ўз истеъдодини тўла-тўкис намоён этишлари учун кенг имкон яратиб берди.
Айни пайтда вилоятимизда ўн мингдан ортиқ аёл тадбиркорлик фаолияти билан машғул. Уларнинг ишбилармонлик салоҳиятини ошириш мақсадида вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан туманлар ва маҳаллаларда ташкил этилаётган семинар-тренинг ҳамда давра суҳбатлари ўз самарасини бераётир. “Ўзбегим дурдоналари” кўргазмали ўқув-семинари ана шулардан биридир. Унда кекса онахонлар ҳунармандчиликнинг турли йўналишлари, хусусан, каштачиликнинг миллий қадриятларимизда тутган ўрни тўғрисида ёшларга кенг тушунча бериб, ўз ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашмоқда. Касби туманининг Комилон қишлоғидан Менгли момо Одилова, мубораклик Бибисулув Аннаева, Тош-момо Абдуназарова қизларга кичик матолардан бежирим нарсалар ясаш, қийқим матолардан қуроқлар қилиб, улардан кўрпа, ёстиқ, дастурхон ҳамда сўзаналар тикишни ўргатишаяпти. Умуман, 3220 нафар қиз вилоятда фаолият кўрсатаётган тадбиркор аёллардан ҳунар сирларини ўрганмоқда.
Ҳудудимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар изчил рўёбга чиқарилмоқда. Кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уй меҳнатининг барча шаклини ташкил этиш, янги йирик объектларни ишга тушириш ва кенгайтириш ҳисобига аёллар учун иш ўринлари барпо қилинаётгани эътиборга молик. Шу билан бирга, фермер ва деҳқон хўжаликларида паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик ҳамда бошқа йўналишларни кенг ривожлантириш ҳисобига ҳам иш ўринлари яратилмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига асосан, 3783 та иш ўрни очилиб, дастур кўрсаткичи 123,7 фоиз бажарилди.  Бундан ташқари, ўтказилган ўндан зиёд бўш иш ўринлари ярмаркалари орқали 752 нафар хотин-қиз турли тармоқларга ишга жойлаштирилди.
Вилоятимизда бу йил академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини битираётган қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича ҳам зарур чоралар кўрилмоқда. Айни пайтда улар орасидан ўз бизнесини йўлга қўйиш истагини билдирган 697 нафар қизга тижорат банклари томонидан 14 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилиши режалаштирилган.
Қайд этиш жоизки, 2015 йилнинг январь — март ойларида коллеж битирувчиларининг 134 нафарига тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун 3 млрд. 379 млн. сўмлик кредитлар берилди. Умуман олганда, жорий йилнинг биринчи чорагида 679 нафар хотин-қизга 14 356 млн. сўмлик имтиёзли кредитлар берилиб, ушбу сармоялар ҳисобига 492 та ишчи ўрни яратилди.
Коллеж битирувчиларини тадбиркорлик соҳасига жалб қилишда ҳар йили ўтказиладиган “Ўз бизнесингни бошла” мавзуидаги семинар алоҳида аҳамият касб этаётир. Негаки, ушбу тадбир иштирокчилари нафақат назарий билимга, балки амалий кўникмага ҳам эга бўлмоқда. Семинар асносида тадбиркорлик субъектларига саёҳатлар уюштирилиши ёшларга ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш жараёни билан жойида танишиш, илғор ишбилармонлар тажрибасини ўрганиш имконини бераяпти.
Мухтасар айтганда, қўмитамиз томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар воҳа аёлларининг оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш баробарида, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини ошириб, янги ташаббусларга илҳомлантирмоқда.

Инобат КАРИМОВА,
Қашқадарё вилояти
хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn